Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:50

Нозик сиёсат давом этмоқда


Кузатувчилар фикрича, ЕХҲТ вакилларининг расмий Тошкент билан олиб бораётган эҳтиёткор сиёсати мулоқот йўлларини қирқиб қўймаслик истаги билан изоҳланади.
Кузатувчилар фикрича, ЕХҲТ вакилларининг расмий Тошкент билан олиб бораётган эҳтиёткор сиёсати мулоқот йўлларини қирқиб қўймаслик истаги билан изоҳланади.

20-21 кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг директори Янеш Ленарчич илк бор Тошкентга сафар қилади.

Ўз ташрифи давомида Ленарчич Тошкент расмийлари билан Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашиш масаласини муҳокама этади.

ЕХҲТ томонидан тарқатилган пресс-релисда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олгани таъкидланади. Бироқ ушбу мажбариятларни бажаришга кўмаклашиш учун ЕХҲТ нинг имкониятлари қанчалик?

2007 йилда қайта президент этиб сайланган Ислом Каримов ўз қасамёдида Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига риоя қилишга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга ваъда берган эди.

Айнан шундай мажбуриятларни Ўзбекистон ЕХҲТнинг янги аъзоси сифатида 18 йил аввал ўз зиммасига олганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакатдаги фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари даражасини шубҳа остига олишади.

Мухолифатчилар фикрича эса, Каримовнинг учинчи муддатга президент этиб сайланишининг ўзи конституция талабларига зиддир.

Аввалги президентлик сайловини кузатган ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси кузатувчилари сайловда президент Каримов рақибларига муносиб имконият берилмаганини ва сайловнинг умуман Ўзбекистоннинг демократик сайловлар ўтказиш бўйича олган мажбуриятларидан анча йироқ бўлганини айтдилар. Аммо Конституцияга зид равишда ўтказилган сайлов натижасида Каримовнинг ҳокимиятни эгаллаб олгани ҳақидаги мухолифат даъволари эътиборсиз қолди.

Андижон воқеалари бўйича танқидлар шашти пасайган ва Ўзбекистон яна Ғарб давлатлари билан мулоқот бошлаган ўша даврда бу масалани кўтариш ўнлаб халқаро ташкилотлар сингари ЕХҲТ идораси учун ҳам унинг мамлакатдан чиқариб юборилишни англатиши мумкин эди.

2007 йилда Ўзбекистонга сафар қилган ўша пайтдаги АҚШнинг ЕХҲТдаги вакиласи Жули Финлей Озодлик радиосига берган интевьюсида Ўзбекистон ўз позициясини юмшатаётган вақтда ЕХҲТнинг Тошкентдаги идораси жуда эҳтиёткор сиёсат олиб бориши кераклигини таъкидлаганди.

- Тошкентдаги ЕХҲТ миссияси жуда ҳам эҳтиëткор ва нозик сиëсат юритиши керак. Боиси, шундай бир қўрқув борки¸ Ўзбекистон ҳукумати фаолиятимизни чеклаши ëки ҳамкорлигимизни орқага тортиши мумкин.

Бугун биз ҳамкорликни давом эттириш ҳақида ўйлаяпмиз ва ҳар қалай бирор нарсага эришиб бўлмайдиган кунлар тугади¸ деган эди 2007 йилда Ўзбекистонга сафар қилган ўша пайтдаги АҚШнинг ЕХҲТдаги вакиласи Жули Финлей.

Ўтган йиллар давомида ЕХҲТнинг Тошкентдаги идораси чиндан ҳам ўта эҳтиёткор бир тарзда ишлади. ЕХҲТнинг журналистика бўйича дастурларидан бирида иштирок этган www.uzmetronom.com интернет сайтининг раҳбари Сергей Ежков миссиянинг бугунги фаолиятини “ҳукумат ва фақатгина ҳукумат билан ҳамкорлик” сифатида изоҳлаш мумкин, деб айтади.

- Улар (ЕХҲТ вакилларини назарда тутаяпти - таҳр.) Ўзбекистонда қолиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишaяпти. Лекин уларнинг фаолияти бу мамлакатда демократик қадриятларни қарор топтиришга кўмаклашишга ҳеч қандай алоқаси йўқ, дейди ташкилот фаолияти билан яхши таниш журналист Сергей Ежков.

Аммо ўтган йиллар давомида ЕХҲТнинг у ёки бу давлатда ўтказилган сайловларнинг нақадар демократик андозаларга мос экани юзасидан берган баҳоси муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, ташкилот бугунги кунгача Ўзбекистонда ўтказилган барча сайловларга “нодемократик” деган тамғани урди.

Аввалига бу ҳолат Каримовни жуда ғазаблантиргани маълум. Kейинроқ президент ҳам бунга кўнгандай бўлди.

- ЕХҲТ нинг сайлов натижаларига қандай баҳо бериши бу уларнинг муаммосидир. Лекин мени хурсанд қиладигани - бугун ҳар бири ўз фикрига эга бўлган кузатувчилар сифатида ўнлаб бошқа халқаро ташкилот ва давлатлар ҳам тақдим этилган, деган эди президент Каримов 2004 йилдаги парламент сайловларидан аввал журналистлар билан ўтказган учрашуви чоғида.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг директори Янеш Ленарчич Тошкентга сафари давомида Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Олий мажлис қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳаммедова, Ўзбекистон Миллий инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов ва Марказий сайлов комиссияси мутасаддилари билан учрашади.

ЕХҲТ расмий вакили Йенс Хагер Ешенбайкернинг айтишича, сафардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонга унинг мажбуриятларини бажаришга кўмак бериш имкониятларини ўрганишдан иборат.

- Биз Ўзбекистонга тажрибамиз юксак бўлган соҳаларда бу давлатга ёрдам бериш таклифи билан бормоқдамиз. Таклифларимиз сайловларни ўтказиш, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучайтириш соҳаларини қамраб олади¸ деди ЕХҲТ вакили.

Ўзбекистоннинг ЕХҲТ доирасида демократик ислоҳотларни амалга ошириш бўйича олган мажбуриятларининг нима боис оқсаётгани президент Каримов изоҳида “ёқмаётган бўлса, катта кўча” тарзида янграйди. Жумладан, ўз чиқишларидан бирида Каримов Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги аъзолигини шубҳа остига қўйгандай бўлди.

- Бу ҳолатда ЕХҲТ Европани тамсил этади. Биз, Марказий Осиё давлатлари эса, постсовет республикалари бўлганимиз учунгина ЕХҲТга тасодифан кириб қолгандик¸ деган эди президент Каримов.
XS
SM
MD
LG