Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Тошкент Душанбега ортган газни сотмоқчи


Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газнинг катта қисми Тожикистон алюминий ширкати (ТАЛКО) эҳтиёжлари учун йўналтирилади.
Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газнинг катта қисми Тожикистон алюминий ширкати (ТАЛКО) эҳтиёжлари учун йўналтирилади.

Ўзбекистон Тожикистонга асосий импортчилар бўлган Россия ва Хитойга етказиб берилажак табиий газдан ортиб қолганини экспорт қилади.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги 20 январ куни Душанбеда матбуот анжумани ўтказган Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Гул Шерали сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Тожикистон вазирига кўра, Ўзбекистон 2012 йилнинг биринчи чорагида Тожикистонга 45 миллион куб метр табиий газ етказиб беришни ваъда қилган. Аммо жорий йилнинг кейинги чоракларида газ етказиб бериш масаласи навбатдаги музокаралар чоғида муҳокама қилинади.

- Ўзбекистон томони бизга асосий харидорлар, яъни Хитой ва Россия билан шартнома имзоланганидан кейин қолган газни сотишини очиқ билдирди, - дея қайд этди Гул Шерали.

Аснода вазир ҳозирги кунда Тожикистон Ўзбекистондан олинаётган табиий газнинг ҳар минг куб метрига 300 АҚШ долларидан тўлашга мажбур бўлаётганини, бу эса ўтган йилги нархга қараганда сезиларли даражада қиммат эканини қўшимча қилди.

- Газ (Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газ назарда тутилмоқда - таҳр.) биз учун жуда қимматлик қилаяпти, бироқ саноат корхоналари ишлаши керак. Импорт қилинаётган газ Тожикистон алюминий заводи, Душанбе ТЭЦи ва “Тожикцемент” корхонаси эҳтиёжлари учун ишлатилмоқда, - деди Гул Шерали.

Дарҳақиқат, Тожикистон ўтган йилнинг ноябр ойи охирига қадар ўзбек газининг ҳар минг куб метрига 285 доллардан ҳақ тўлаганди, бироқ декабр ойида Тошкент Душанбе учун газ нархини 311 доллар қилиб белгилаганди.

Ўзбекистон томони Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Гул Шерали баёнотига ҳозирча расман жавоб қайтаргани йўқ.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида табиий газ билан боғлиқ можаро жорий бошида ҳам кузатилганди. Тожик расмийлари “Ўзтрансгаз” ширкати ҳеч бир огоҳлантиришсиз ва бир ёқлама қабул қилинган қарори асосида 4 январдан эътиборан Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ узатишни батамом тўхтатган”и ҳақида баёнот бергандилар. 5 январ куни эса икки мамлакат расмийларининг Тошкентда ўтказилган музокараларидан кейин Ўзбекистон ўз қўшнисига табиий газ узатишни қайта бошлаганди.

Гарчи бу келишув икки мамлакат мулозимларининг ўзаро музокаралари натижаси ўлароқ тақдим этилган бўлса-да, кузатувчилар газ етказиб бериш масаласи аслида юқорида ҳал бўлганини, аниқроғи, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон президент Ислом Каримовдан газ етказиб бериш масаласига аралашишни сўраб мактуб ёзганидан кейин ечилганини таъкидлайдилар.

“Тожиктрансгаз” ширкати раҳбари Саидаҳмад Шарофиддиновнинг матбуотга билдиришича¸ икки давлат расмийлари ўртасида эришилган янги келишувга мувофиқ¸ 2012 йилда Ўзбекистон Тожикистонга 200 миллион кубометр газ етказиб беришга рози бўлган. Бироқ Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Гул Шералининг тунов кунги баёнотига ишонилса, жорий йилнинг кейинги уч чорагида қўшни республика етказиб бериши керак бўлган 150 миллион куб метрдан зиёдроқ табиий газнинг Тожикистонга келиш-келмаслиги масаласи савол остида қолмоқда.

Гул Шерали жума куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида Ўзбекистон Тожикистон ҳудудидаги газ конларини қазиш учун олиб келинаётган жиҳозларнинг темир йўл орқали транзит қилинишига ҳам тўсқинлик қилаётганини ҳам маълум қилди. Тожик вазирига кўра, зарур асбоб-анжомлар Ўзбекистон ҳудудида туриб қолаётгани “Тетис” ширкати маҳаллий газ конларини қазиш бўйича ишларни жадаллаштира олмаётган экан.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, Россиянинг “Газпром” ширкати ҳозирда Шаҳринав туманидаги “Сариқамиш”, Данғара туманидаги “Саргазон”, Рудакий туманидаги “Ренгон” ва Ҳисор туманидаги “Шоҳамбари” газ конларида иш олиб бормоқда. Бироқ бу газ конлари қачон ишга тушиши ва Тожикистон ўз маҳаллий гази билан таъминланиши ҳақида ҳали-ҳамон аниқ маълумот йўқ.

Ҳозирча эса Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ сотадиган ягона таъминотчидир.
XS
SM
MD
LG