Линклар

Шошилинч хабар
02 март 2025, Тошкент вақти: 00:26

ОАВ: АҚШ Киевга ёрдамни тўхтатиши мумкин


АҚШ президенти маъмурияти Россия-Украина урушини ҳал қилиш имкониятига шубҳа қила бошлаган.

Бу ҳақда CBS News манбаларга таяниб хабар бермоқда. Ноаниқлик АҚШ ва Украина президентлари Доналд Трамп ва Владимир Зеленский ўртасидаги келишмовчиликлардан кейин юзага келган.

Нашр суҳбатдошларининг қайд этишича, минерал ресурслар бўйича муваффақиятсиз музокаралар Украинага ёрдам ва хавфсизлик кафолатларини тақдим этишни ҳам шубҳа остига қўйган. Шу билан бирга, уларга кўра, Трамп Киевда ҳокимият алмашишга интилмаяпти, Оқ уй эса Зеленскийнинг эҳтимолий ворисларини муҳокама қилмаяпти.

Ўз навбатида, "Вашингтон Пост" газетаси, шунингдек, Трамп маъмурияти Зеленскийнинг "муросасизлиги" туфайли Украинага барча жорий ҳарбий ёрдамни етказиб беришни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқаётганини ёзади.

"Вашингтон Пост" манбаси 28 феврал куни Оқ уйда бўлиб ўтган музокараларда Трампнинг Зеленский билан жанжаллашгани қасддан бўлгани ҳақидаги тахминни тасдиқламади. Газета суҳбатдошининг сўзларига кўра, Украина президенти ташрифидан олдин Вашингтонда “ижобий фон” яратилган ва Трамп Зеленскийни “диктатор” деган сўзларидан қайтган.

"Ню-Йорк Таймс" манбалари ҳам Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашни бутунлай тўхтатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Газетанинг аниқлик киритишича, Киевни билвосита қўллаб-қувватлаш, жумладан, ҳарбий маблағлар, разведка маълумотлари алмашинуви ва Украина ҳарбийларини тайёрлаш ҳам тўхтатилиши мумкин.

Зеленский ва Трамп ўртасидаги тортишув Оқ уйнинг Овал кабинетида бўлиб ўтган. Зеленский Вашингтонга, жумладан, ноёб тупроқ металлари бўйича шартнома имзолаш учун келган. Охир-оқибат, ҳужжат имзоланмади. Манбаларнинг Рейтер агентлигига айтишича, Трамп энди ҳужжатни имзолашдан манфаатдор эмас.

Учрашувдан сўнг Трамп Зеленскийни Қўшма Штатларга ҳурматсизликда айблаб, Украина президенти “у ҳақиқатан ҳам тинчликка тайёр бўлганда қайтиши мумкинлигини” таъкидлади.


XS
SM
MD
LG