Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:26

"Ғафур Раҳимов бизнеси" жиноятда айбланмоқда


"Ўзбекистонда давлат мулозими ҳам, “кўчанинг одами” ҳам бир куннинг ичида ҳеч кимга айланиб қолиши ҳеч гап эмас."
"Ўзбекистонда давлат мулозими ҳам, “кўчанинг одами” ҳам бир куннинг ичида ҳеч кимга айланиб қолиши ҳеч гап эмас."

Ўзбекистон Бош прокуратураси давлатга катта миқдорда зарар келтирган жиноий гуруҳлар фош этилганини хабар қилди. Бу ширкатларнинг криминал авторитет сифатида танилган Ғафур Раҳимовга тегишли экани тахмин этилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни эълон қилган хабарномалардан бирида айтилишича, “Sezam” ва “Lessor Plyus” ширкатларидан мамлакатга ноқнуний тарзда олиб кирилган 362, 5 миллион сўмга тенг маиший техника ва аудио-видео аппаратура мусодара қилинган.

Айтилишича, мазкур жиноий иш бўйича айбланувчилар сифатида Глухов А. В., Боботуллаев Е. А., Тўхтаев У. Т. ва бошқа масъул ходимлар ҳибсга олинган ва судга тортилган.

“Тергов давомида мазкур ширкатлар раҳбарлари 2010-2011 йиллар давомида 6,4 миллиард сўмлик молни ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кириб, сотгани, 6,7 миллиард сўмлик молни сотишда қонунларни бузгани ва давлатга 2,4 миллиард сўм миқдорида солиқ ва бошқа тўловларни тўлмагани ҳам фош этилди”, дея ёзди бош прокуратура.

Хабарномада айтишича, айбланувчилар банк ҳисоб рақамларига қўйилиши лозим бўлган 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валютани яширган.

Суд уларга тегишли жазони берди, деб ёзган прокуратура жазонинг қайси шаклда экани¸ яъни қамоқми ё жарима¸ буни аниқлаштирмаган.

Бунга ойдинлик киритиш мақсадида, Озодлик мухбири Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди, бироқ жавоб ола олмади.

Озодликка ўзини “Lessor Plyus” ширкати менежери, деб таништирган шахс ҳозирда фирма раҳбарларининг сўроқ қилинаётганидан ортиқ маълумот бера олмаслигини айтди.

- Биз бу мавзунинг ёритилишини истамаймиз ва бу ҳақда ортиқча маълумот бера олмаймиз. Ҳозирда раҳбарларимиз текширувчи органлар томонидан сўроқ қилинмоқда, деди “Lessor Plyus” ширкати вакили.

Бош прокуратура тарқатган яна бир пресс-релизга кўра, “Ekokimyobioservis” ширкатининг масъул ходимларига нисбатан олиб борилган тергов ҳам ўз ниҳоясига етган.

Айтилишича, мазкур ширкат директори Ишанходжаев С. ташкилотнинг бошқа масъул ходимлари билан жиноий тил бириктирган ҳолда давлатнинг 10 миллиард сўмга яқин миқдордаги мулкини ўмарган.

Ишанходжаев С. ва унинг шериккларига нисбатан ҳам суд тергови тугаб, тегишли жазо берилгани айтилади. Лекин улар қандай жазо олгани аниқлаштирилмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси кейинги кунларда шов-шувли жиноятлар терговига оид тафсилотларни эълон қилиб бормоқда.

Ўзбекистон бизнес доираларига яқин манбанинг айтишича, ҳозирда баъзи йирик молиявий гуруҳларга оид бизнес тортиб олинмоқда. “Прокуратура келтирган хабарлар яқиндан бери Ўзбекистондаги бизнеси тортиб олинаётган Ғафур Раҳимовга дахлдор”, дейди бу суҳбатдошимиз.

“Тошкентда бир пайтлар “Навоий ярмаркаси” деб юритилган расталарга электроника молларини Ғафур Раҳимов назоратидаги фирмалар олиб келган. Ўзи Ғафур Раҳимовга қарши анчадан бери “тиш қайраб” келишаётган эди. Бир-икки ой аввал унинг Россия фуқаролигини олгани ҳақида хабар пайдо бўлгач бу ҳақда “коттага” (президентга-таҳр.) хабар қилишган кўринади ва ҳозир унинг Ўзбекистондаги барча бизнеси ва мол-мулкини тортиб олиш фаол фазага кўчган кўринади”, дейди воқеадан хабардор суҳбатдошимиз.

Озодлик мухбири, электроника моллари савдоси билан шуғулланадиган “Lessor Plyus” менежеридан “бизнесингиз Ғафур Раҳмиовга алоқадорми”, деб сўраганда “бундай одамни танимаймиз” деган жавобни олди.

Ўзбекистонда энг нуфузли криминал авторитетлардан бири сифатида танилган ва 2010 йилдан бери Бирлашган Араб амирликларида ихтиёрий сургунда яшаб келадиган 61 ёшли Ғафур Раҳимов ўтган ой бошида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раис ўринбосари ва Ўзбекистон Миллий Бокс федерацияси президенти лавозимларидан ҳам четлатилган эди.

Би-Би-Си телеканали учун Ғафур Раҳимов ҳақида ҳужжатли филм тайёрлаган журналист Шоҳида Ёқуб¸ Раҳимовнинг ҳатто спорт ташкилотларидаги мақомларидан ҳам маҳрум этилиши у билан ҳокимият ўртасидаги конфликтнинг жиддийлигидан далолатдир¸ дейди.

- Ғафур Раҳимов нафақат спорт федерацияларидан четлатилди, умуман Ўзбекистондаги бизнесдан четлатилди. Энг асосийси, мамлакатдан ҳам четлатилди. Чунки менинг билишимча, Ғафур Раҳимов бир неча йил бошқа давлатларда яшаган. Бу нимани англатади? Бу Ғафур Раҳимов ва Ўзбекистон ҳукумати, менимча, шахсан президент Каримов орасида қандайдир қийинчиликлар бошланди. Шунинг учун Ғафур Раҳимов Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди, дейди журналист.

Бизнес доиралардаги манба Озодлик мухбири билан суҳбатда “бу ҳолат Ўзбекистонда давлат мулозими ҳам, “кўчанинг одами” ҳам (бизнес ва криминал олами вакиллари-таҳр.) бир куннинг ичида ҳеч кимга айланиб қолиши мумкинлигини кўрсатади”, дея хулоса қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG