Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Липецкда ўзбекларни ўлдиришда айбланаëтганлар қўлга олинди



Липецкда тўрт нафар ўзбек муҳожирини ëқиб юборганлик ва яна тўрттасини чавақлаганлик айби билан маҳаллий тақирбошлар гуруҳининг уч аъзоси ҳибсга олинди. Улардан бири далил етарли эмаслиги важидан озодликка чиқарилди.

18 сентябр куни Липецкда ўзбек муҳожирларини ўлдирганлик ва оғир яралаганликда айбланаётган 17 ва 18 ёшли ва яна бир 16 ёшли вояга етмаган шахс ҳибсга олинди. Маҳаллий тергов қўмитаси ходими айбланаётганлардан 16 ва 17 яшарлари Липецк педагогика университети талабаси эканини маълум қилди.

20 сентябрь куни Липецк шаҳар суди 17 ва 18 ёшли исми ошкор этилмаётган шахсларни ноябрь ўрталаригача тергов изоляторида сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.

23 сентябрь куни Липецкнинг Советский туман суди ўзбекистонликларга тажовуз қилганликда гумонланаётган 16 ёшли йигитни “исбот-далиллар етарли эмаслиги” важи билан озодликда қолдирди.

Липецк вилояти бўйича Тергов қўмитаси раҳбарининг биринчи муовини Галина Карлина Озодлик мухбирига тергов энди бошлангани ва гумонланаётган шахсларни жавобгарликка тортиш учун материаллар йиғиш давом этаëтганини билдирди:

- Бу шахслар 18 сентябрь куни қўлга олинди. Биттаси вояга етмагани сабабли уни қўйиб юборишди. Булар июль бошларида тўрт кишини ёқиб юборганлик¸ шунингдек август охирларида тўрт нафар ўзбекистонлик йигитни пичоқлаб кетганликда гумонланмоқда, дейди тергов тафсилотларини очиқлаган терговчи Галина Карлина.

Тергов материалларидан маълум бўлишича, айбланувчиларни жанговар қурол ва қўл жанги санъатига қизиқиш (тинтув пайтида улардан турли жанговар пичоқлар мусодара қилинган)¸ ҳамда миллатчилик ғоялари бирлаштирган. Улар Липецкда бундан бироз олдинроқ тузилган тақирбош-миллатчилар гуруҳига кирган, тегишли адабиётларни ўқиб юрган, диверсия ва террорчилик усуллари тўғрисида Интернетдан маълумот тўплаган.

Шу йилнинг 1 июлида Каменний Лог шаҳарчасидаги Ворошилов ва Малие Ключи кўчаларидаги иккита уй “Молотов коктейли” билан ёқиб кетилган эди.

Бу уйлардан бирида наманганлик қурувчилар бригадаси ёниб кетган бўлса, иккинчисида Россияда хизмат кўрган ўқитувчи Алексей Руднев тириклайин куйган.

Ворошилов кўчасидаги уйда яшаган етти нафар ўзбекистонликдан ўша кечаси 3 нафари куйиб ўлган, қолганлари оғир аҳволда шифохонага олиб келинган.

Тирик қолганлардан бири косонсойлик Мадаминжон Мамажонов ўша тунги даҳшатни шундай эслайди:

- Биз баракда ухлаб ётган эдик, кечаси соат 3 ларда бир тутундан ва шовқиндан уйғониб кетдик. Кириш эшиги томондан ёнғин келаётганини кўрдик. Нима қилишни билмасдан биз тўғри аланга орасидан югуриб чиқдик. Биз етти киши эдик, ҳозир палатада тўрттамиз – қолган уч киши қаерда эканини билмайман, дейди ҳозирча қолган мардикор йигитларнинг вагончадан чиқа олмасдан куйиб кетганидан бехабар Мадаминжон Мамажонов.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тарқатилган назорат камераларидан олинган видеоёзувларда уйларни ёндириб кетганликда гумонланаётган учта маҳаллий йигитнинг жиноят жойидан қочиб кетаётгани акс этган.

24 август куни кечаси соат 3 ларда Липецкда вагончада ухлаб ётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси тиббиёт маскаларини кийиб олган номаълум кимсалар томонидан пичоқлаб кетилди. Чавақланган ўзбеклардан биттаси кейинроқ шифохонага етмасдан жон таслим қилди.

Терговчилар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қилинган бу ҳужумга ҳам айнан шу тақирбошлар алоқадор эканини аниқланганини билдирмоқда.

Липецк Тергов қўмитаси расмийси Галина Карлина ўзбек муҳожирларига қилинган ушбу тажовузларда айбланаётган шахслар ҳозирча тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганини айтди.

Карлина бутун вилоятга овоза бўлган бу жиноятлар маҳаллий губернатор, полиция раҳбарияти ва депутатлар Кенгаши томонидан алоҳида назоратга олинганини айтиб, махсус тузилган тергов гуруҳига адлия генерал-майори Анатолий Шчуров бошқараётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG