Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:57

GKнинг шов-шувли твитлари: Live blog-2


20 октябрдан бошлаб "сиқув"га олина бошлаган президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг деярли барча бизнес объектларида тафтиш ишлари давом этмоқда.

Шу пайтгача "ўзи хон, кўланкаси майдон" бўлиб келган Каримова хоним барча теле- радиоканаллари, кафе- ресторанлари ëпилиб, назоратида бўлган бошқа бизнес тармоқлари ҳам "фалажланган" бир пайтда ўзининг ягона "юпанчи" сифатида ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.

Каримова Твиттер ва Инстаграм орқали шов-шувга сабаб бўладиган маълумотларни ҳам "ошкор" қилишдан тўхтамаяпти.

Ушбу жараённи Ozodlikнинг янги LIVE BLOGи орқали кузатинг!!!!

Гулнора Каримова отаси билан ярашгани айтилаяпти
“Гулнора Каримова отаси Ислом Каримов билан 2 январь куни учрашган ва отаси билан ярашган”.

Бу ҳақда ҳабар қилган Uznews.net сайти маълумотига кўра, Гулнора Каримованинг ўзи мазкур сайт саволларига жавоб бериб, отаси билан ярашганини тасдиқлаган.

18 январь куни Гулнора Каримова Твиттердаги саҳифаси орқали янги ижодий лойиҳа бошлаганини ёзиб, Инстаграм ва Твиттерда @freeGULIdomга линк берди.

Uznews.net сайти ёзишича, Каримова хоним отаси Ислом Каримовнинг рухсати билан дизайн йўналишидаги янги лойиҳани йўлга қўяпти.

Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Гулнора Каримова боши узра айланган қора булутларга айнан отаси билан келишмай қолгани сабаб экани айтилган эди.

Гулноранинг ўзи отаси Ислом Каримов билан муносабатларининг совуқлашишида онаси ва синглисини айблаб келган.









GK Абдулазиз Комиловга қарши твитларини ўчириб ташлади

Гулнора Каримова ўзининг Твиттер лентасида 8 январь куни қолдирган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга қарши твитларини ўчириб ташлади.

Каримова ўз твитларида Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониëр бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Россия фуқароси эканини иддао қилганди.

@GulnaraKarimova Дониëр Комилов расман Россиядаги Газпромбанк директорлар кенгаши муассислари рўйхатига киритилганини ёзиб, бунга исбот сифатида “Газпромбанк” ҳиссадорлари йиғилиши баëнномасини интернетга илиб қўйганди.


Каримова ушбу баённомани ҳам ўз лентасидан ўчириб ташлади.

Шунингдек, Каримова хоним Абдулазиз Комиловнинг укаси Бахтиëр Комиловнинг Швейцарияда МВЭС (Министерство по внешним экономическим связям ) вакили сифатида ишлагани ҳақидаги твитларини ҳам ўчирган.

Г. Каримова: МХХ яна бир фаолни ўғирлади
Гулнора Каримованинг Твиттер орқали қолдирган иддаоли хабарига кўра, янги йил оқшоми куни Миллий хавфсизлик хизмати томонидан яна бир фаол йигит ўғирлаб кетилган.

Каримова фаолнинг Ўзбекистонда таниқли бўлган собиқ теннисчилардан бири экани ҳақида ëзди, лекин унинг исми-шарифини очиқламади.
"Иноятов, Шарифхўжаев ёш, истеъдодли профессионал мутахасисни ўғирлаб, қамоққа тиқишди", дея твитлади Гулнора бугун оқшом пайти.
Каримованинг твитларидан маълум бўлишича, воқеа бугун содир бўлган ва йигит ўғирлаб кетилаётган пайти Гулнорага хабар қилишга улгурган.

Г.Каримова Женевадаги уйининг калити кимларда борлигини очиқлади

Гулнора Каримова Швейцариянинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги вилласининг мухолифат фаоли томонидан изнсиз ва қонунга зид равишда ишғол қилинганига муносабат билдириб, бунда Ўзбекистон МХХсини айблади.

Швейцариядаги Ўзбекистон демократик фонди раҳбари, мухолифат фаоли, диссидент ёзувчи Сафар Бекжон президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг вилласига 23 декабрь куни кириб, 29 декабрда чиқиб кетди.

Сафар Бекжон виллага калит билан очиб кирганини таъкидлади, лекин калитни қаердан олганини Озодликка очиқлашни истамади.

Каримова хонимнинг ёзишича, "Женевадаги уйи калитининг дубликати Президент хавфсизлик хизмати (СБП)да бўлган ва мазкур хизмат унинг Женевадаги уйининг сигнализацияси кодининг қандайлигидан ҳам хабардор бўлган".
@GulnaraKarimova "Президент хавфсизлик хизмати унинг уйининг калити ва сигнализация кодини МХХ раҳбариятига берган"ини иддао қилди.

Гулнора Каримовага кўра, Женевадаги уйининг ишғол қилиниши борасида Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган, бироқ вазирлик буни ўрганишдан воз кечган.

Сафар Бекжон Каримованинг уйдан Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та ўзбек тасвирий санъати дурдонаси топилгани ҳақида хабар қилиб, бу асарлардан баъзи бирларининг суратини Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига қўйди.

Каримова ўз шаънига нисбатан “Музейдан сурат ўғирлаш айби”ни қўйганларга қарши “Санъат музейидан ўғирланган суратларни Жўрабеков (Исмоил Жўрабеков- собиқ Бош вазир биринчи ўринбосари-таҳр.), Мирзиёев (Шавкат Мирзиёев- Ўзбекистон Бош вазири – таҳр.) ва Савинков(Юрий Савинков –МХХдаги полковник-таҳр)лар уйидан излаш керак”, дея твитлади.
25 декабрь. Г. Каримова ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага миннатдорчилик билдирди
Каримова хоним 13 ноябрдан бери ҳибсда сақланаëтган Греция фуқароси Янис Галаноснинг ҳибсдан озод қилингани ҳақида хабар қилар экан, унинг озодликка чиқарилишига ҳисса қўшганлар қаторида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага ҳам миннатдорчилик билдирди.
"МХХ панжаралари ортидаги европалик фуқаро, Янис Галанос ниҳоят озодликда! Унинг озодликка чиқарилишига ҳисса қўшган барчага раҳмат! Хорижий ахборот агентликлари, блоггерлар, Hurriyet ва унинг ўқувчилари, Мўътабар Тожибоева бошчилигидаги ҳуқуқ ҳимоячилари, Италия элчихонаси ва бошқаларга ташаккур!", дея твитлади Каримова.
Кейинчалик Гулнора ўз твит лентасида Мўътабар Тожибоевага миннатдорчилик мактуби ҳам эълон қилди.
Галанос 24 декабрь ўз юртига депортация қилинди. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Галанос 24 декабрь куни соат 12:10 даги Тошкент – Истанбул – Афина авиарейси билан ўз мамлакатига учириб юборилган.

25 декабрь. Гулнора Каримова: Акбарали Абдуллаев ҳибсдан чиқарилди

Каримова хонимнинг бугунги твит-хабарига кўра, 10 октябрдан буён ҳибсда қолаётган холаваччаси Акбарали Абдуллаев озодликка чиқарилган. Гулноранинг твитларидан маълум бўлишича, Фарғона водийсидаги нефт олди-сотдисини бошқариб келган йирик тадбиркор Акбарали Абдуллаев ҳозирда «уй қамоғи»да сақланмоқда.

«Тома (холаси Тамара Собировани назарда тутаяпти- таҳр.) бор-йўғини тўплаб, берди... одатдагидай, Акбар яширин равишда уй қамоғида сақланаяпти.. Биз ҳеч нарсага қарамасдан, унинг (Акбар) учун хурсандмиз», дея твитлади Гулнора.

Фарғонадаги йирик тадбиркорлардан бири 29 яшар Акбарали Абдуллаев президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг жияни бўлади.

10 октябр куни ҳибсга олиниб, порахўрлик, солиқларни яширганлик ва мулкни ўзлаштиришда айбланаётган Акбарали Абдуллаев Тошкентдаги ҳибсхоналардан бирида сақланаётгани айтилди.

Акбарали Абдуллаевнинг ҳибсга олинганидан ўн кун ўтиб, у назоратида экани айтиладиган Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводини "қора ниқобли"лар босди. Озодлик манбаларининг хабар қилишича, заводнинг раҳбарияти вакиллари қўлига кишан солиниб, бошига қоп кийгизилган ҳолда олиб кетилган.

Гулнора холаваччаси Акбаралининг ҳибсга олинган пайти бунга муносабат билдириб, "Фарғонада ҳар доим тартибсизлик бўлгани, у ернинг ҳамиша ўз кичик ҳукмдорлари бўлгани", ҳақида айтиб, "улардан айримлари менинг қариндошларим, сўнгги пайтда онам Акбар орқали, кейинроқ онам холам орқали", деб твитлади.

"Ҳозир уларнинг ўзи барчасини қамашди, ортиқчаларини танлаб олишди.. Асосийлари четда қолади.. Фарғонага янгилари боради.. янги пуллар ва ҳокимият", деди Каримова ўзининг аввалги твитлари орқали.

Каримовага кўра, холаси Тамара Собированинг ўғли Акбарали Тошкентдаги Хлебушкина номидаги 26- болалар уйи ва шу каби жами 25 та объектни қайта қуриб, таъмирдан чиқарган.

"Кейинчалик у ердан қимматбаҳо қандиллар “секингина олинган”, девордан фин бўёқлари ва кафеллари қиртишлаб ташланган. Бироқ у (Акбарали) кўрсатмаларни “содиқлик” билан бажаргани учун ҳозирда қамоқда ўтирибди”, деб ёзганди Каримова 16 октябрь куни Инстаграмдаги саҳифаси орқали.

Шунингдек, Гулноранинг бошқа твитларига кўра, онаси жияни Акбаралини ўғил ўрнида кўрган.

"Уни ўғлим дерди, у онам билан ҳар куни биздан кўра кўпроқ бирга бўларди. Барча буйруқларини бажарарди. Европа, Исроил, Москва, Туркиядан озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик буюмлари, усталарни онам учун муҳайё қилган", дея ёзди Каримова.

Гулнора "бобоси билан бувисининг ўлимидан сўнг Фарғонага кам боргани, у ерга боришига қаршиликлар бўлгани", "жияни Акбар билан яқин муносабатда бўлмагани" ҳақида ёзиб, Акбар ва унинг атрофидагиларнинг "бошбошдоқликларидан менга кўп шикоят қилишарди", деди ўзини октябрдаги твитлари орқали.

Акбарали бизнесига қарши ҳаракат бир йил аввал бошланганди. Акбарали Абдуллаев назоратида экани айтиладиган Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводида ўтган йилнинг ёзида ҳам "тозалаш ишлари" олиб борилиб, ўттизга яқин мулозими ҳибсга олинганди.

24 декабрь. Г. Каримова: Синглим Лоланинг дунёнинг 7та давлатида уйи бор!

Женевадаги бир неча миллион долларлик вилласи ўзбек мухолифатчиси Сафар Бекжон томонидан ишғол қилинганининг иккинчи кунида Гулнора Каримова твиттер ўқувчилари эътиборини синглиси Лола Каримова-Тиллаеванинг уйларига тортишга ҳаракат қилди.

Синглиси Лоланинг турмуш ўртоғи Тиллаев Ўзбекистон МХХ билан ҳамкорликда Женевадаги уйнинг ишғолини уюштирганлигини иддао қилган @GulnaraKarimova вилласидан сал нарида Тиллаевга қарашли 50 миллион долларлик уй борлиги ҳақидаги иддаони илгари сурди.
Сал кейинроқ эса синглиси Лола Каримова-Тиллаева дунёнинг еттита давлатидан уй сотиб олгани ҳақидаги яна бир иддаоли твитни ёзди.

“Лола Тиллаева&co Женева, Париж, Лос Анжелес, Дубай, Испания, Москвадан кейин Багамадан ҳам янги уй сотиб олганга ўхшайди”, деган Гулнора Каримова бу твитига бир суратни ҳам илова қилди.

Суратда бир эркак ва аёл иккита ёш қиз билан турибди. Бироқ суратнинг жуда хиралиги боис ундаги кишилар кимлигини таниш қийинроқ. Гулнора иддаосига кўра, ушбу сурат бугун Багамада олинган бўлиб, унда синглиси Лола ва унинг оила аъзолари акс этган.

Гулнора твит лентасида эълон қилган яна бир суратда “Тиллаевларнинг шахсий самолёти” акс этгани ҳақида ёзда.

“Бу самолётда Тиллаевлар саёҳат қилади, уларнинг ВВСга берган интервьюсини эсласангиз, балки (самолётни) кредитга олишгандир”, дея твитлади Каримова хоним.

Гулнора 1 декабрь куни ҳам синглиси “Лоланинг матбуотга ошкор бўлмаган бойликлари кўп”лиги ҳақида твитлаганди.

Жорий йилда "Билан" журнали эълон қилган Швейцария бойлари рўйхатида Лола Каримова-Тиллаева 12-ўринни эгаллади.

Матбуотда Лола Каримова-Тиллаева100-200 миллион швейцария франки атрофидаги бойлиги билан ушбу рўйхатга илк бор киритилгани айтилган эди.

Бироқ Лоланинг опаси Гулноранинг Твиттер орқали 1 декабрь куни маълум қилишича, синглиси учинчи йил ушбу рўйхатдан жой олаяпти.
Гулноранинг иддаосига кўра, мазкур рўйхатга синглиси Лоланинг барча бойликлари киритилмаган.

"Швейцария рейтингига бутун ер юзидаги унинг барча виллалари, уйлари кирмаган", дея твитлади @GulnaraKarimova.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўтган йили Лос Анжелеснинг энг ҳашаматли Бел Эйр маҳалласидан рекорд нарх – 58 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олгани хабар қилинган эди.

Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат қасрнинг янги эгаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Женевада ҳам ҳашаматли ҳовлиси борлиги айтилади.

Хабарларга кўра, 2010 йилда Женева кўли соҳилида у 41 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олган.

Ҳозирда Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбари ҳисобланади.

Унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган истеъмол моллари импортини назорат қилиши айтилади.

Икки ой аввал Би-Би-Си Ўзбек ҳизмати саволларига жавоб берган Лола-Каримова Тиллаева “Билан” журналини бойликлари ҳақида бўрттирилган маълумот беришда айблаган эди.

Гулнора синглиси каби кема ва виллаларга эга эмаслиги ҳақида ҳам бир неча бор твитлади.

Шунингдек, Гулнора синглиси Лоланинг "Дубайдаги Атлантис меҳмонхонасида уюштирилган салютли кеча учун 12 миллион доллар тўлагани"ни ҳам иддао қилди.

24 декабрь. Г.Каримова МХХ отаси билан учраштирмаганини иддао қилди

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Твиттердаги микроблогида ўғли Ислом билан Миллий хавфсизлик хизмати ходими ўртасида бўлиб ўтган суҳбат, деган иддао билан бир видеони ёйинлади. Қиёфалар аниқ акс этмаган видеода Ўзбекистон МХХ раисининг Гулнора ва ўғлини президент ёнига қўймасликка буйруқ бергани айтилади.

Бу видеони жойлаштираркан Гулнора Каримова унга изоҳ ўлароқ “МХХ ПОГОНЛАРИ бизни (оилани) мана шундай йўсинда отамнинг олдига
қўйишмаяпти, Татьяна Акбаровна эса [уларни] ҳимоялаб турибди ва улар унга (яъни президент Каримовга ҳеч нарса – таҳр.) айтишмаяпти! Унга (яъни Гулноранинг онаси бўлган Татьяна Акбаровнага – таҳр.) нима ваъда қилишдийкин?” деган твит қолдирди.

@GulnaraKarimova эълон қилган видеода ўрта ёшлардаги бир киши Г. Каримованинг ўғли Ислом экани тахмин қилинаётган йигитга гап уқтиришга ҳаракат қилади.

“Бизда буйруқ бор. Бизга раиснинг ўзи (яъни МХХ раҳбари Рустам Иноятов – таҳр.) буйруқ берди. “Бўлди” деб айтди. У аниқ қилиб шундай деди. Бу ерда нима қилиб турибсизлар? Мен сизларга айтдим-ку “бўлди” деб”, - дейди Г. Каримова МХХ ходими деб тақдим этган одам, афтидан, уларга Ислом Каримов билан учрашиш маън этилганини уқтирмоқчи бўлиб.

Кейин бу одам бевосита Гулнора Каримованинг ўғли Ислом экани тахмин қилинаётган йигитга юзланади.

“Ҳозир сен чалаяпсан бизни. Ҳозир борсак, уч қатор кордон турибди. Ўтказишмайди сени. Ҳозир, Худо кўрсатмасин, бирорта аҳмоқ: “Бегоналар келаяпти” деворса, шу билан бўлди – отворишади. Нимага керак шу? Сен тушун, биз ҳарбий одамлармиз, погонли одамлармиз. Бизга буйруқ беришган. Сен шуларнинг ҳаммасини бобонгга (яъни президент Ислом Каримовга – таҳр.) кўрсатмоқчимисан?” - дейди “погонли ҳарбий”.

“Ҳозир шунақа конфронтация (қарама-қаршилик) нимага керак? Сен тушун. Зелимхон Ҳайдаровичга (Оқсарой иш бошқарувчиси) қўнғироқ қил”, дея давом этади МХХ ходими.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова аввал ҳам Твиттер орқали “МХХ шефи Рустам Иноятов билан тил бириктирган” онаси Татьяна Акбаровна ҳақида анчагина аччиқ гапларни айтган, катта қизини (яъни Гулнорани) йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилгани ва ўз отаси (Ислом Каримов) олдига яқинлаштирмаётганини иддао қилганди.

Лекин Г. Каримова эълон қилган видеодаги “погонли ҳарбий”нинг саволи (“Бувинг бобонгсиз қандай қилиб бир нималарни ҳал қилиши мумкин?”) ўринли ва ҳақиқат бўлса, бундан Ислом Каримовнинг бўлиб ўтаётган воқеаларнинг барчасидан хабари борлиги келиб чиқади.
22 декабрь. Гулнора Каримова: Давлат тўнтаришига ҳаракат бўлаётган кўринади!

Гулнора Каримова 22 декабрь куни ўз твит лентасида Ўзбекистонда «давлат тўнтариши қилишга ҳаракат қилинаётган кўринади» дея иддаоли твитлар қолдирди.
"Кулгили! Иноятовнинг қариндоши- шаҳар прокурорининг ўринбосари Мираглам, унинг ўғли-Рашид, шаҳар МХХси, Хавфсизлик хизмати собиқ бошлиғи, ҳозирда эса Иноятов ўринбосари Ҳаёт, Вазирлар маҳкамаси раиси Мирзиёев, Президент хавфсизлик хизмати (СБП)нинг янги бошлиғи Тоҳирий, унинг ўринбосари Абдураҳим Мўминов каби... майда амалдорлар кучи билан... давлат тўнтариши қилишга ҳаракат қилинаётган кўринади...

Ҳар доим, барча замонларда буюк ишлар шундай қилинган ва қилинаяпти! Майли кўрамиз..! Бундай кўзбўямачиликни бутун дунёга қандай кўрсатишаркин!", дея твитлади Гулнора Каримова.


"Улар қўлловсиз бунга эриша олишадими?", дея берилган твит-саволга жавобан Каримова хоним "Улар хориждан ва мамлакат ичкарисидан қўллаб-қувватлаш ваъдасини олишган (Татьяна Акбаровна ўз дивидентларини олади)", дея илмоқли гаплар ёзди.



19 декабрь. Гулнора Каримова МХХ даги “ғаним”ларининг қочиб кетганини иддао қилди

Ўзбекистоннинг қудратли Миллий хавфсизлик хизмати¸ хусусан¸ унинг раҳбари Рустам Иноятовга қарши Twitter орқали уруш очган президентнинг тўнғич қизи “Иноятов тўда”сининг Латвияга қочиб кетгани ҳақида хабар тарқатди.

Айни пайтда¸ МХХ таркибида жиддий кадр ўзгаришлар бошлангани¸ хусусан¸ раис Иноятовнинг ишдан бўшатилганига оид норасмий хабарлар тарқамоқда.
Ўз муридларидан бирининг “Президент сиз билан бўлаëтган воқеалардан хабар топгач¸ Иноятов гуруҳи ўз оиласи билан қочиб кетгани ҳақида миш-мишлар юрибди”¸ деган луқмасига жавобан Гулнора Каримова:

“Уларнинг АПОҚ-ЧАПОҚ тўдаси Латвияга қочиб кетди. Қизиқ¸ Латвия қонли МХХ пулларини яна қанча яширар экан! Ҳар қалай Европаку!”¸ дея жавоб қайтарди.

Бу твитга нисбатан ëзилган¸ “Бу шунчаки миш-мишми ëки бор гап?” деган саволга Каримова муридларидан бири “ Гулнора Исломовна айтаëтган экан¸ демак бу бор гап. Менга буни давлат идорасида ишлайдиган болалар ҳам айтишган эди” деб ëзди.
Гулнора Каримова бу ëзишмаларга жавобан: “Уларнинг бари гўëки дам олишга кетган. Ишдан бўшатилган Жавдат Шарифхўжаев ҳам¸ Савиньков ҳам¸ бошқалар ҳам. Оилалари билан...” деб ëзди.

Кейинги кунларда Гулнора Каримованинг ҳақоратли баëнотлари нишони бўлиб қолаëтган МХХ даги бундай “қочиш”лар ва ишдан бўшатишлар ҳақида ҳозирча ишончли маълумот йўқ.

Озодликнинг кучишлатар тизимларига яқин манбасига кўра¸ жорий ҳафта давомида¸ “контора”даги Гулнора Каримова одами деб таърифланган МХХ раисининг 1-ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломовга нисбатан ўз хизмат фаолиятини суистеъмол қилганлик юзасидан ички тергов жараëни бошланган.

Бу манба¸ Шарифхўжаевнинг ишдан олинганини тасдиқлай олмаслиги¸ ўзидаги сўнгги хабарларга кўра¸ ака ука Ҳаëт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг ўз вазифасида қолаëтгани ва Тошкентда эканини қўшимча қилди.

“Ўзбекистон Интерполи раҳбари Савинковнинг Тошкентда кўринмай қолганига эса анча бўлади. Лекин бу унинг ишдан олинганини англатишидан хабарим йўқ. Гулнора Twitterда ўзи хоҳлаган нарсасини ëзаяпти. Уларнинг кўпи инжиқ қизнинг хоҳиши¸ реаллик эмас” дея таъкидлади Озодликнинг бу манбаси.

Айни пайтда¸ кейинги кунларда Гулнора Каримова томонидан “чичқоқ Фантомас” дея таҳқирланган МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ишдан олинганига оид миш-мишлар тарқашда давом этмоқда.

Uznews.net Интернет агентлиги Тошкентдаги ўз манбалари¸ Гулнора Каримова тарқатаëтган бу хабарни тасдиқлаганини ëзди.

Ҳозирча Озодлик бу хабарни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишга муфаввақ бўла олмади.

Г. Каримова: Твиттер компанияси пулга ёлланган аккаунтларни ёпишни бошлади

Гулнора Каримова Твиттерда унга қарши фаолият кўрсатаётган ёлланган аккаунтлар бўйича халқаро даражадаги юридик текширув бошлангани ҳақида хабар қилди.
"Қайд қилиш керакки, текширув Интернет уюшмалар ва ижтимоий тармоқлар бўйича турли хил йўналишларда бошланди", дея твитлади Каримова.
@GulnaraKarimovaга кўра, Твиттер компанияси унга қарши "ишлаётган" айрим аккаунтларни ёпган.
"Твиттер @rustiktebehonaa аккаунтини ошкора равишда ёпди", дея твит-хабар тарқатган Каримовага кўра, унга қарши пулга ёлланган аккаунтларни олдинда ҳали халқаро суд кутмоқда.
"Сизларга шуни маълум қилмоқчиманки, бу кабилар суд олдида жавоб беради.. Судлар (Ўзбекистонда эмас)га аллақачон ноҳуқуқий ҳаракатлар борасида шикоят аризаси топширилди", дея ёзди Каримова.
Уч кун аввал Гулнора Каримова "Твиттер компаниясининг Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати билан ҳамкорлик қилиши" ҳақидаги иддаоларни илгари сурганди:
"Tвиттер маъмуриятига очиқ савол: Нима учун Твиттер маъмурияти махсус хизматларнинг расмий талаби билан МХХ генерали ва бошқалар ҳақида ёзган аккаунтларни бунчалик аниқ-пухталик билан тозалаяпти, очиқча разолат, жирканч суратлар билан тарғибот, таҳдидлар ва бошқаларга эса тегилмайди! Наҳотки яқинда оммабоп бўлган Твиттер компанияси ҳам Европадаги айрим телефон компаниялари сингари махсус хизмат билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишувга эга? Наҳот бу ошкора фаолият ўрсатаётган ижтимоий тармоқ учун мақбул бўлса???", дея твитлади Каримова 9 декабрь куни.
Г. Каримова: Ўзбекистонда 30 минг киши "прослушка" билан шуғулланади
Каримова хоним твитлари орқали маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатда ўттиз минг одам бировларнинг сўзлашувларини яширинча эшитиш ва Интернетни назорат қилиш билан шуғулланади.
Гулнора Каримова Янисга оид қўшимча маълумотларни твитлади
Каримованинг твитларидан маълум бўлишича, Янис Галанос аслида Ўзбекистон фуқароси бўлиб, 2009 йилда Ўзбекистон фуқаролигидан кечиб, Греция паспортини олган.
@GulnaraKarimovaга кўра, Янисда 2 та паспорт бор:

"Ўзбекистон паспортини у анча йил аввал элчихонага топширган, лекин кейин унга виза ўрнига бу паспортни қайта беришган... у мамлакатдан чиқиб-кириб юрди! Бутун жаҳон бўйлаб ўтказилган кўргазмалар учун учди, ишлаб яна қайтиб келди ва унинг паспортига кириш муҳрини босишган. Паспортнинг саҳифалари ва амал қилиш муддати тугагани учун Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. У ерда Янисга "Сиз Бош раҳбарнинг имзоси билан фуқароликдан воз кечгансиз", деган гап қилишган", дея твитлади Каримова.
13 ноябрь кунидан бери Ўзбекистонда ҳибсда қолаëтган ва Гулнора Каримовага оид твитларда қийноққа солингани иддао қилинган Греция фуқароси 31 ëшли Янис Галанос ўзининг қийноққа солинаëтганини ҳуқуқ фаоллари билан учраштирилган пайтда рад қилди.
Мамлакатда расман рўйхатга олинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 4 декабр куни Янис Галанос билан ўтказилган интервьюга таянган ҳолда, унинг қийноққа тутилмагани маълум қилди.

Гулнора Каримова: Твиттер компанияси ўзбек МХХси билан ҳамкорлик қилаяпти
Саккиз кун аввал Твиттердан ғойиб бўлган Гулнора Каримова твитлашни бошлар экан, Твиттер компаниясининг Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати билан ҳамкорлик қилиши ҳақидаги иддаоларни илгари сурди:
"Tвиттер маъмуриятига очиқ савол: Нима учун Твиттер маъмурияти махсус хизматларнинг расмий талаби билан МХХ генерали ва бошқалар ҳақида ёзган аккаунтларни бунчалик аниқ-пухталик билан тозалаяпти, очиқча разолат, жирканч суратлар билан тарғибот, таҳдидлар ва бошқаларга эса тегилмайди! Наҳотки яқинда оммабоп бўлган Твиттер компанияси ҳам Европадаги айрим телефон компаниялари сингари махсус хизмат билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишувга эга? Наҳот бу ошкора фаолият ўрсатаётган ижтимоий тармоқ учун мақбул бўлса???", дея твитлади Каримова.

Гулнора Каримова ваҳшиёна ўлдирилган режиссёр "Скан Мульти" ҳақида оғиз очди

Гулнора Каримова 2006 йилда ваҳшиёна ўлдирилган “Скан Мульти” тахаллуси билан машҳур бўлган Искандар Салимовнинг қотилларидан сўз очар экан, ўзининг яқин қариндошларига қарата илмоқли гаплар қилди.

Гулнора Каримовага қарашли экани ишониладиган Instagramдаги @Realgoogoosha саҳифасида янги "битиклар" пайдо бўлди.

@Realgoogoosha Тиллаевлар (Синглиси Лола ва унинг эри Темур Тиллаевни назарда тутаяпти)ни унинг номидан иш кўрганликда айблади.

Ўзининг Гулнора томонидан ҳақарот қилинганлигини ёзган @khafizkhanга жавобан, Каримова қуйидагиларни ёзди:

"Ҳайратланмайманки, сизни ҳам менинг номимдан чув туширишган, буни Тиллаевлар қилиб келади, улар мендан фарқли ўлароқ ўзининг номидан ҳеч қачон иш қилишмайди! Биласизми, таниқли режиссёр Искандар Мультига нима бўлган? У ғайриоддий ҳолатда ўлдирилган.. биласизми, ким, нима учун ва қандай буюртма берган?... Скан Мульти ҳақида кўпчилик билади, лекин айтишга қўрқишган.. ҳозир эса очиқча гапиришаяпти.. қариндошларимга алоқадор ҳақиқатни билганимда даҳшатга тушдим...энди ҳеч нарсадан ҳайратланмайман”, дея ёзди @Realgoogoosha.

Истеъдодли ўзбек кинорежиссёри, оператор ва продюсер, “Скан Мульти” тахаллуси билан машҳур бўлган Искандар Салимов 2006 йилнинг 23 июнь куни ваҳшиёна ўлдирилган. Салимов танасининг тўққиз жойидан пичоқлаб кетилиши натижасида ҳалок бўлган эди.

Ўша пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги билдирган маълумотга кўра, режиссëрнинг қотиллари Искандар Салимовга тегишли компьютердан у суратга олган “Хўжа Насриддин: ўйин бошланаяпти” фильмининг оригинали сақланган ҳард дискни ўғирлашган.

Режиссёр ўзининг фантастик комедия жанрида олинган ушбу фильмини ниҳоясига етказган. Лекин премьерада қатнашиш кино муаллифининг пешонасига ëзилмаган экан.

Искандар Салимов 1978 йилнинг 25 январида туғилган. 1996 йилдан Ўзбекистон телевидениесида ижод қилиб¸ “Маданий сайр”, “Авлод”, “Компьютер-Азия”, “Клипомёт” каби кўрсатувларни тайёрлашда иштирок этган. 1997 йилдан 2006 йилгача юзга яқин видеоклип суратга олган.
6 декабрь. Г. Каримова: Онам билан генерал Иноятов тил бириктириб, мени йўқ қилишмоқчи

Гулнора Каримова инстаграмдаги саҳифасида қолдирган "битиклари" орқали онаси Татьяна Каримова билан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовни тил бириктирган ҳолда уни йўқ қилишга ҳаракат қилаётганликда айблади:
“Онам ва генерал Иноятовнинг ишлари роса юришди. Бир томонда Абу Сахий бозори, иккинчи томонда ФНПЗ (Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи) ва бошқалар. Мақсадлари мени йўқ қилиш бўлди ва токи биров учун қуришни хоҳлайдиган кимса қолмасин”, дея ёзди Каримова.
Шунингдек, Гулнора ўз тарафдорлари ва унга қарши фикр билдираётганлар билан ёзишар экан:
“Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми хавотирда яшаяпти. Барчани қўрқитишди, ҳатто ярим тунда номаълум жойга олиб кетишлари мумкин.. Бу ҳатто 1936 йилга ҳам ўхшамайди, бу аниқ 1937-1938 йиллар!", деди Каримова.
2 декабрь Гулнора Каримова: Terra Group менежери ҳибсга олинди

Бугун эрталаб Twitterдан ғойиб бўлган Гулнора Каримова ўзининг Instagramдаги саҳифаси орқали, Terra Group менежерининг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилди.

“Terra Group Реклама бўлимининг бош мутахасиси ва собиқ менежерини алдов йўли билан кўчага чақириб олишган ва худди рецидивист жиноятчи сингари қўлга олишди... Фонд Форум ёшларининг устози ва мутахасисидан калтакланиб олинган, маразм кўринишидаги кадрларни кўрдим.. Аниқлашимча, 4 боланинг отасини 12 йилга қамашмоқчи”, дея ёзди Гулнора Каримова.

Гулнора менежернинг исми-шарифи ва унга қўйилаётган айбловларни очиқламади.

6 ноябр куни @GulnaraKarimova “Terra Group қўшиқчилардан пора олганликда айбланмоқда”, дея ёзди:

“Бугун прокуратурага юлдуз-қўшиқчиларни йиғиб, улардан Терра ходимларига қарши ёзма равишда кўрсатма олинган”, дея твитлади.

Каримованинг ёзишича, "хонандалар Terra Group ходимлари улардан пора олгани, ТВ ва радиога чиқиш учун белгиланган нархдан ортиқча пул тўлашни талаб қилгани каби бўҳтонлар бўйича айтиб турилган матнни ёзишган”.

Октябрь ойида Гулнора Каримовага қарашли Terra group таркибида фаолият юритиб келган 3 та радиостанция бир вақтнинг ўзида эфирдан узиб қўйилган ва ширкатда текширув бошланган эди.

31 октябрь куни Каримова Twitter орқали Terra Group ширкатига қарши молиявий айбловлар илгари сурилаётгани ҳақида ёзди:

"Terra-га 2009 йилда аудит ва солиқ томонидан тасдиқлатилган қоғоз бўйича муассисларга солиқ тўламаганлик тўғрисида "сўриб чиқарилган" айбловларни ёпиштиришмоқчи", деб ёзганди ўшанда президентнинг қизи.

Кейинчалик Terra Group” ширкатининг "Infinbank" банкидаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилгани тасдиқланди.

1 декабрь. Гулнора Каримова: Синглимнинг матбуотга ошкор бўлмаган бойликлари кўп!
Гулноранинг синглиси Лола Каримова-Тиллаева "Билан" журнали эълон қилган Швейцария бойлари рўйхатида 12-ўринни эгаллади.
Матбуотда Лола Каримова-Тиллаева100-200 миллион швейцария франки атрофидаги бойлиги билан ушбу рўйхатга илк бор киритилгани айтилган эди.
Бироқ Лоланинг опаси Гулноранинг Твиттер орқали маълум қилишича, синглиси учинчи йил ушбу рўйхатдан жой олаяпти.
Гулноранинг иддаосига кўра, мазкур рўйхатга синглиси Лоланинг барча бойликлари киритилмаган.
"Швейцария рейтингига бутун ер юзидаги унинг барча виллалари, уйлари кирмаган", дея твитлади @GulnaraKarimova.
Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўтган йили Лос Анжелеснинг энг ҳашаматли Бел Эйр маҳалласидан рекорд нарх – 58 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олгани хабар қилинган эди.
Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат қасрнинг янги эгаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Женевада ҳам ҳашаматли ҳовлиси борлиги айтилади.
Хабарларга кўра, 2010 йилда Женева кўли соҳилида у 41 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олган.
Ҳозирда Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбари ҳисобланади.
Унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган истеъмол моллари импортини назорат қилиши айтилади.
Икки ой аввал Би-Би-Си Ўзбек ҳизмати саволларига жавоб берган Лола-Каримова Тиллаева “Билан” журналини бойликлари ҳақида бўрттирилган маълумот беришда айблаган эди.
Гулнора синглиси каби кема ва виллаларга эга эмаслиги ҳақида ҳам твитлади.
Шунингдек, Гулнора синглиси Лоланинг "Дубайдаги Атлантис меҳмонхонасида уюштирилган салютли кеча учун 12 миллион доллар тўлагани"ни ҳам иддао қилди.
Гулноранинг бугунги твитларидан маълум бўлишича, синглиси Лоланинг эри, "Абу Сахий бозори эгаси Темур Тиллаев МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев билан яқин дўст".
@GulnaraKarimova икки кун давомида бир неча бор Тиллаевнинг унга қарши твит қолдирган шахсларга пул тўлаганини ҳам иддао қилди.

30 ноябрь. Каримова иддаоси: Ўзбек МХХси Греция фуқаросини қийнади
Гулноранинг твитларидан маълум бўлишича, 3 ҳафта аввал ўғирланган Греция фуқароси Янис Галанос қийноққа тутилган.
"Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган- қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик", дея твитлади Каримова.

Гулнорага кўра, Янис қийноқлар натижасида Каримованинг Твиттеридаги 90-99% қизиқувчилар сохта фолловерлар дея айтишга мажбур бўлган.

Каримованинг твитларига кўра, Янис Галаноснинг видео кўрсатмасини МХХ ичидагилар унга сиздирган.
Яниснинг қаердалиги ҳануз номаълум эканини айтган, Каримовага кўра, "Галанос қийноқлар натижасида 20 килога озиб кетган ва унинг видеосида юзидаги кўкарган ва шишган жойлари билиниб турибди".

Дизайнер, фотограф Галанос шу пайтгача Каримова лойиҳаларининг фаол иштирокчиси бўлган.
Гулнора Янисга нисбатан қийноқлар айнан МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев буйруғи орқали амалга оширилганини иддао қилди.
Каримова Ҳаёт Шарифхўжаев ва унинг укаси Жавдатни қоралашни давом эттириб, "У ва унинг укаси-бу рэкет.. Улар Ўзбекистоннинг бутун бизнесида қачон ва қаерда истаса, маски-шоуни амалга оширишади", дея твит қолдирди ўз лентасида.
Гулнора твитлари давомида МХХ Хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаевнинг бойликларини ҳам санашга ўтди.
"Ҳаёт Отабек Газиев ва бошқа ҳамтовоқлари билан бирга Латвияда уй қурди", дея твитлади Каримова.

Гулнора Каримова аввал ҳам бир неча бор Ўзбекистон МХХсини қийноқ қўллашда айблаган. Бу ҳақдаги тафсилотларни live blogнинг биринчи қисмида ўқийсиз.
30 ноябрь. Гулнора Каримова яна Твиттерга қайтди
Гулнорага кўра, Твиттерда 5 кун давомида бўлмаган ва ундан ижтимоий тармоқлардан узоқлашиш талаб қилинган.
"Менга ижтимоий тармоқларга бошқа чиқмаслик, жамоатчилик ишларини тўхтатиш, Ўзбекистондаги ҳар қандай лойиҳадан узоқлашиш шарти қўйилди", дея твитлади Каримова.
Гулнора бу шарт ким томонидан қўйилганини очиқламади. Шунингдек, Твиттерга қайтгани бу шартнинг бекор бўлганини англатадими, буни ҳам ойдинлаштирмади.

29 ноябрь. Гулнора Каримова: Синглим менга қарши таҳдид қилувчилар гуруҳини ёллади!
Каримова хонимнинг Instagram орқали ёзишича, онаси билан синглиси унга қарши ҳаракатларини давом эттираяпти. Гулнора синглиси Лола Каримова- Тиллаеванинг таҳдид қилувчилар гуруҳини ёллагани ҳақида ҳам ёзди.
Бугун Дилшод исмли йигит Гулнора Каримованинг Instagramдаги саҳифаси орқали унга мурожаат қилиб, "Гулнора, мени бир нарса ҳайратга солади. Нимага сизга ҳеч ким ёрдам бермайди? Ижтимоий тармоқлардаги мухлисларингиз эмас, айнан сизнинг оилангизда ҳамма сукут сақлаяпти?.. Агар оилангиз истаса, йўқотганларингизни бир кунда қайтаришлари мумкин", деб сўради.
Бунга жавобан Каримова "Менга қариндошларим- аёллар зарар етказмаслигининг ўзи бахт! Улар жим ўтирмаяпти! Ҳозир ҳатто синглим таҳдидли ва даҳшатли картинкалар орқали зарар етказувчилар гуруҳини ёллаган.. Афсуски, ҳасад одамлар ва оилани шу тарзда вайрон қилади", деб ёзди Каримова.


28 ноябрь. Гулнора Каримова: Шамолга қарши курашиб чарчадим!

Twitterдан Instagramга кўчган Гулнора Каримова “Шамолга қарши курашиб, ҳаракат қилишдан чарчадим”, дея ёзди. Шунингдек, Гулнора синглиси Лола Каримова-Тиллаеванинг Америкадаги ҳашаматли саройини ҳам тилга олди.
Гулнора ўз шаънига мақтовлар ёғдириб, ундан кўнгил сўраганларга жавобан “Шамолга қарши курашиб, ҳаракат қилишдан чарчадим. Бу шамолни пул ва мутлоқ назорат муҳим бўлганлар яратаяпти... бошқа ҳеч ким қолмади”, дея ёзди.

“Тошкентдан Америкага кўчаётганингиз ростми”, деб сўраган mr_nurik саволига жавоб берар экан Гулнора Тошкентдан кетиш-кетмаслигини очиқламади. Лекин у синглиси Лола Каримова-Тиллаевадан сўз очди.

“У ерга (Американи назарда тутаяпти.-таҳр) яқинда синглим кўчиб ўтди. Beverly Hillsдаги энг зўр La Palace саройи.. бизни адаштиришади”, деди Гулнора.

26 ноябрь. Якшанба куни тунда Twitterдан ғойиб бўлган Гулнора Каримова орадан уч куни ўтиб Instagramдаги саҳифасида пайдо бўлди.

Уч кун давомида ҳеч бир жойда кўриниш бермаган Гулнора Каримова кеча тунда Instagramдаги саҳифасида ўз суратларини эълон қилди.
Суратлар қаерда олингани ёзилмаган. Биринчи эълон қилинган суратдаги манзара Тошкент кўчаларига жуда ўхшаш жой эканини илғаш мумкин.

Гулноранинг суратига илова қилган узуқ-юлуқ гапларидан маълум бўлишича, зарурат туфайли Твиттердан кетишга мажбур бўлган.


Ўз қўлловчиларига миннатдорчилик билдирган Гулнора "Келажак овози" ҳар доим унинг болалари сифатида" қолишини таъкидлади.

Гулнора Каримованинг Twitterдаги "бекинмачоқ ўйини"нинг хронологияси:

24 ноябрь. Ярим тунда Гулнора яна "йўқолди"

Twitterда "бекинмачоқ ўйнаётган" Гулнора Каримова 24 ноябрь куни тунда тўртинчи бор "твит майдони"дан ғойиб бўлди. Гулнора бугун тундаги "твит жанги"ни ҳам онасига қарши твитлар билан бошлаганди.
Бир кунлик "танаффус"дан сўнг 23 ноябрь куни кечқурин яна "твит майдони"га қайтган Гулнора Каримова твитларининг "бош қаҳрамони" шанба куни ҳам онаси бўлди.
Гулноранинг янги твитларидан маълум бўлишича, онаси жияни Акбаралини ўғил ўрнида кўрган.
"Уни ўғлим дерди, у онам билан ҳар куни биздан кўра кўпроқ бирга бўларди. Барча буйруқларини бажарарди. Европа, Исроил, Москва, Туркиядан озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик буюмлари, усталарни онам учун муҳайё қилган", дея ёзди Каримова.
Гулноранинг навбатдаги твитларига кўра, онаси у билан учрашишни истамаяпти.
"Мени ҳам, болаларимни ҳам онам яшайдиган уйга киритишмаяпти. Телефонда ҳам гаплашмаяпти... Онам барчага телефонларимизга жавоб бермаслик борасида буйруқ берган! Хатларимизни ҳам олишмаяпти! Умуман алоқага чиқиш йўқ", дея твитлади Каримова.


22 ноябрь. Каримова Твиттерда яна "ўчди"

Пайшанба куни туш пайти "ғойиб" бўлиб, жума куни кечқурун қайта пайдо бўлган Гулнора Каримованинг Twitterдаги @GulnaraKarimova аккаунти ушбу тунда яна ёпилди.

Каримова саҳифаси қайта очилганидан икки соат ўтиб, твит мулоқотини бошлади.

«Мен Твиттерда озгина муддат бўлмадим, лекин аллақачон бир қанча каламушлар пайдо бўлдики, «кичкина ғалаба»сидан ҳураяпти!", дея твитлар "ёмғирини ёғдира бошлади".

Гулнора твитлари орқали онасига мурожаат қилиб, «Онажон! Мен биламанки, сен менинг ёзганларимни диққат билан ўқияпсан.. ва нимага бу твиттерни тўхтатиш ва менинг овозимни ўчириш мумкин эмаслигидан жазавага тушаяпсан», дея твитлади.

Онасига аталган йигирмадан зиёд твит ёзган Каримованинг аккаунти 7 соатча фаолиятидан кейин яна ёпилди.

Бу GK Twitter саҳифасининг учинчи бор "йўқолиши"дир.

21 ноябрь. Гулнора Твиттердан ғойиб бўлди

21 ноябрь кунги "йўқолиши" борасида Озодлик мухбири суҳбатлашган Гулнора Каримова яқинларидан бири¸ Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси¸ блоггер¸ Каримова медиа лойиҳаларининг маслаҳатчиси Антон Коробков бу аккаунтнинг ўз тарафдорлари хавфсизлиги учун Каримованинг ўзи томонидан ëпилганини билдирди.

@GulnaraKarimova ëзган сўнгги твит "Менга саволларингиз бўлса, Фонд Форум лентаси ва сайтига ёзинг", деган таклиф бўлганидан Коробковнинг бу гапида жон борлиги кўрилади.

Каримова сўнгги твитидан у бошлаган "мулоқот майдони"нинг Twitterдан Фонд Форум лентаси ва сайтига кўчишини кутиш мумкин.

Аммо ҳозирча Фонд Форум лентаси ва сайтида @GulnaraKarimova твитлари руҳидаги ëзувлар кўрингани йўқ.

Гулнора сўнгги твитлари орқали ўзи раислик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси яъни Фонд Форум фаолиятини тўхтаётгани ҳақида ёзди.

“Устозлар, ёниб-куйиб ишлайдиган ходимлар ва кўнггиллилар, шуни эълон қилмоқчимизки, Фонд Форумнинг бош офиси ўз фаолиятини тўхтатмоқда”, деб ёзди Каримова.

Гулнора Каримованинг Twitterдаги шов-шувли маълумотларини Озодликнинг LIVE BLOGи орқали ўқишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG