Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:21

Туркиялик ишбилармон Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга берди


"KAYA GROUP" ширкатининг Истанбулдаги қароргоҳи.
"KAYA GROUP" ширкатининг Истанбулдаги қароргоҳи.

Тошкентда 2003-2012 йиллар оралиғида фаолият юрғизган "TOSH KAYA TEKSTİL" ширкатининг хўжайини, туркиялик 46 ёшли тадбиркор Мустафо Қоя Ўзбекистонда мусодара қилинган мол-мулкини қайтариб олиш учун Тошкент ҳукуматига қарши Франциядаги Европа арбитраж маҳкамасига даъво аризаси киритганини айтмоқда. Туркиялик ишбилармон Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматини ўз корхонасини ноқонуний тортиб олганликда айблади.



Туркиядаги “KAYA GROUP” текстил ширкати раҳбари Мустафо Қоя 2012 йилда Тошкентдаги корхонасининг ёпилишидан кўрилган зарар миқдори 200 миллион АҚШ долларни ташкил этиши ва Ўзбекистон ҳукуматидан шу пулни ундириб беришни сўраб март ойида Франциядаги Европа арбитраж маҳкамасига мурожаат этганини айтади. Озодлик билан суҳбатда тадбиркор Ўзбекистон ҳукумати уни даромадли бизнесидан маҳрум қилганини айтади.

- Ўзбекистонда ҳукумат 200 миллион АҚШ долларилик фабрикамизни тортиб олди. Биз бир тийин ҳам кредит олмасдан, ўз сармоямизга бу фабрикани очган эдик. Қисқа давр ичида фабрикамиз кўпроқ пул қозона бошлади, кўпроқ даромад кўра бошлади. Тўққиз йил ўтиб ҳукумат шу даромадли бизнесимизни тортиб олди. Бизни эса мамлакатдан бадарға қилди. Ҳозир Франциядаги арбитраж маҳкамаси орқали шу мулкимизни қайтариб олиш ҳаракатидамиз,- дейди Мустафо Қоя.

2012 йилда Ўзбекистонда бошқа турк ширкатлари қатори "TOSH KAYA TEKSTİL" ҳам иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан, солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, ёпилган эди.

Шундан сўнг Мустафо Қоя ва у билан ишлаган туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Қоя ўз ширкатига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати қўйган солиқ тўлашдан бош тортганлик айбловлари асоссиз эканини айтади. Ўзекистон давлатига ширкатимиздан йилига миллиардлаб даромад тушиб турган, дея давом этади тадбиркор.

- Мен ҳар йили Ўзбекистонда 10 миллиард сўмлик солиқ тўлаб келганман. Ҳар йили, ҳаммаси тўлаб келинган. Лекин, ҳукумат бизни солиқ тўламади, деган баҳона билан даромадли бизнесимизни тортиб олди,- дейди Туркиядаги “KAYA GROUP” текстил ширкати раҳбари Мустафо Қоя.

"TOSH KAYA TEKSTİL" ширкати 2003 йилда тўлиқ турк сармояси асосида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги текстил фабрикаси негизида иш бошлаган эди.

“KAYA GROUP” текстил ширкати раҳбари Мустафо Қоянинг айтишича, мазкур корхона ўз вақтида минг одамни иш билан таъминлаб келган. Корхона ёпилиши оқибатида шу минг одам ишсиз қолган.

- Ўзбекистон ота-боболаримиз юрти, ватанимиз дея 2003 йилда у ерга кетгандик. Дастлаб 30 миллион долларлик сармоя киритдик. 1934 йилда руслар қурган Тошкент марказидаги эски текстил фабрикасини реконструкция қилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозладик. Европадан, Туркиядан энг замонавий тўқимачилик жиҳозларини олиб келдик. Шу фабрикада ўзбек пахтасини қайта ишлаб, тайёр кийим-кечак, ип-газлама ишлаб чиқарар эдик. Пахта кириб, тайёр кийим бўлиб чиқар эди. Уларни четга ҳам экспорт қилар эдик. Мингдан зиёд ишчимиз бор эди. Ҳукумат бизнинг корхонани ёпиб, шу одамларни ишсиз қолдирди, бизни эса мамлакатдан бадарға этди. Шунча сармоя киритган фабрикамизни тортиб олди,- дейди Мустафо Қоя.

Франциядаги Европа арбитраж маҳкамаси вакили Туркиядаги "KAYA GROUP" ширкати даъвоси ўрганиб чиқилаётганини тасдиқлади.

Лекин, маҳкама вакили тафсилотларга тўхталмади.

"KAYA GROUP" раҳбарининг айтишича, ўтган ой Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ходимлари ҳам бу иш юзасидан Франциядаги арбитраж маҳкамасига чақиртирилган.

Туркиядаги “KAYA GROUP” текстил ширкати Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бериш билан таҳдид қилаётган ягона хорижий ширкат эмас.

Ўтган йили Ҳиндистоннинг йирик “Spentex” текстил ширкати ҳам Ўзбекистон ҳукуматини Тўйтепадаги корхонасини ноқонуний тортиб олганликда айблаб, халқаро арбитражга мурожаат этганини билдирган.

Бундан аввал, 2012 йилда Британиянинг "Oxus Gold" ширкати ҳам Тошкент ҳукуматига қарши халқаро арбитраж даъвосини бошлаганини айтганди.

Ўзбекистонда "Turkuaz" супермаркетлар тармоғини очган Туркиядаги "Gunes Textil" ширкати ҳам мамлакатга йирик сармояларни киритиб¸ бор-йўғидан айрилган ва 2012 йилда мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Ҳозир "Gunes Textil" ҳам Ўзбекистондаги мол-мулкини қайтариб олиш учун халқаро майдонда судлашмоқда.

Туркиядаги “KAYA GROUP” текстил ширкати раҳбари Мустафо Қоя Тошкент ҳукуматининг хорижлик сармоядорларга ваъда қилаётган кафолатларига қарамасдан, Ўзбекистон сармоя киритиш учун хавфли мамлакат эканини айтади.

- 2003 йилда Ўзбекистонга келганимда, ўша пайтдаги Ўзбекистон енгил саноат вазири мени ишонтирди. Сармоядорларга шундай имконятларни берамиз, деди. Биз ҳам бунга ишониб иш бошладик. Оқибати эса бу бўлди,- дейди Қоя.

Ҳозирда Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ (ICSID) Ўзбекистон ҳукумати ва расмийлари устидан топширилган камида бешта аризани кўриб чиқмоқда.

Аризачилар рўйхатида МТС, "Spentex" ширкатлари қатори "Gunes Textil", "Federal Elektrik Yatırım ve Ticaret A.Ş" каби турк ширкатлари бор.

1965 йилда таъсис топган Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга 140 давлат¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳам аъзо.

2006 йилда Newmont USA Limited and Newmont (Uzbekistan) Limited ширкати Ўзбекистон ҳукуматини Вашингтон маҳкамасига тортган ва ўзаро можаро 2007 йилда Ўзбекистон ҳукумати Newmont билан муросага эришиб¸ ширкатга 80 миллион доллар тўлаши билан якун топган эди.
XS
SM
MD
LG