Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:49

“Ўзметкомбинат”нинг ўндан ортиқ мутахассиси ишдан ҳайдалди


Бекобод шаҳридаги Ўзбекистон металлургия комбинатининг Россияда ўқиб келган ўн нафардан ортиқ малакали мутахассиси ишдан ҳайдалди. Озодлик манбаларига кўра, радикал диний оқимларга алоқадорликда гумонланган бу мутахассислардан “ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш” ҳақида ариза ёздириб олинган.

Ўзбекистон металлургия комбинатининг ўн нафардан зиёд малакали мутахассиси ишдан ҳайдалгани ҳақида Озодликка хабар берган комбинат ишчиларидан бирининг ёзишича, мутахассислар Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмасига биноан ишдан бўшатилган:

“Комбинат раҳбарияти МХХнинг буйруғи билан 10 нафардан ортиқ мутахассисни ишдан бўшатиб юборди. Аниқроғи, бу мутахассислар “ўз хоҳишига кўра” ишдан кетишга мажбурланди. Бу йигитлар “Москва пўлат ва қотишма институти”да ўқиб, мутахассис бўлиб қайтган эди. Уларни комбинат ўз ҳисобидан ўқиттирган эди. Айтишларича, бу йигитлар ўқиш пайтида террорчилик гуруҳлари билан алоқа қилишда гумонланаётган экан”, дейилади мактубда.

Исми сир қолишини сўраган комбинат мутахассисларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, завод катта пул сарфлаб ўқиттирган ўз мутахассисларини ишдан бўшатишга мажбур бўлган:

“Бу йигитлар қора металлургия бўйича мутахассис бўлиб ишга келганди. Булар инженерлар, механиклар, технологлар эди. Айтишларича, миллий хавфсизлик хизмати улар ўқиётган пайтда қандайдир радикал гуруҳлар билан алоқада бўлганини аниқлаганмиш. Лекин бу болаларга жиноят иши очилганидан хабарим йўқ. Бизнинг комбинат стратегик муҳим корхона бўлгани учун, балки, бу ерда ишлагани қўйишмагандир. Лекин корхона бу мутахассиларни катта пул сарфлаб контракт асосида ўқиттирган эди”, деди комбинат мутахассисларидан бири.

Мазкур комбинатдаги цеҳлардан бирининг исми сир сақланиши шарти билан гапирган бошлиғи мутахассислардан “ўз ихтиёри билан” ишдан кетиш ҳақида ариза ёздириб олинганини тасдиқлади:

“Бу йигитлар ҳаммаси ишлаб юрганди. Кейин уларга ишдан кетиш ҳақида ариза ёзиш таклиф қилинди. Таклиф энди қаердан бўлганини билиб турган бўлсангиз керак. Шу билан ишдан кетишди”, деди комбинат мулозими.

Москва пўлат ва қотишмалар институтининг МДҲ билан алоқалар бўйича проректори Вячеслав Хваннинг Озодликка айтишича, ҳар йили бу олийгоҳни ўнлаб ўзбекистонлик талабалар ўқиб тугатади:

- Мен яқинда Ўзбекистонда бўлгандим. У ерда бизнинг битирувчиларимиз ҳақида илиқ гапларни айтишди. Яхши мутахассислар тайёрлабсиз, деб айтишди. Лекин у йигитларнинг бизда ўқигани пайтида қандайдир террорчи гуруҳлар билан алоқа қилганмиш, деган гаплардан хабарим йўқ. Бу йил ҳам бакалавр йўналишига 15 нафар студентни қабул қилганмиз. Ўзбекистон металлургия комбинати бу талабалар контрактларини тўлаяпти,- деди Вячеслав Хван.

Сўнгги пайтларда хориждан ишлаб, ўқиб қайтган ўзбекистонликларни экстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумонлаб ҳисбга олиш ҳолатлари кўпайди.

Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сўнгги уч ҳафта мобайнида 200 дан ортиқ одам “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) гуруҳи, Ҳизб ут таҳрир ва бошқа экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG