Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Тошкентда 47 гуруҳ нолегал таксичиларга қарши рейд бошлади


15 февраль куни бошланган рейдларни ўтказаётган 47 гуруҳ сафида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Давлат солиқ назорати ҳамда “Тошшаҳартранспортхизмат” акциядорлик компанияси вакиллари бор. Рейддан мақсад давлат лицензиясини сотиб олмай киракашлик қилаётган ҳайдовчиларни ушлаб, жавогарликка тортишдир.

$2100 гача жарима

Лицензиясиз йўловчи ташиганлар энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача, агар киракаш жисмоний шахс бўлса, ҳамда энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача, , бўлган миқдордаги жаримага тортилади агар киракаш юридик шахс бўлса.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси 2015 йил давомида Автомобиль ва дарë транспорти агентлиги билан ҳамкорликда республика бўйлаб жами 4600 та рейд ўтказгани тўғрисида Озодлик 5 февраль куни хабар қилган эди.

$7 000 000 жарима

“Рейдлар давомида жами бўлиб йўловчи ташишни лицензиялашга оид қонунчиликнинг 28¸5 минг маротаба бузилгани аниқланди. Ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланган 20 мингдан кўпроқ автомобиль эгаларидан 19 миллиард сўм (7 миллион АҚШ доллари) га яқин жарима ундирилди”, дейилган номи тилга олинган икки ташкилот биргаликда эълон қилган йиллик ҳисоботда.

2014 йилда айни шундай рейдлар давомида 22¸6 мингта қонунбузарлик қайд этилган ва жами жарималар миқдори 5 миллион долларга яқин бўлган.

Қўйлиқ, 15 февраль, кеч соат 5

Озодлик журналист Абдураҳмон Ташановдан Тошкент такси бекатларидаги вазиятни кузатишни илтимос қилди. 15 февраль, кеч соат 5 га яқин Қўйлиқдаги бекатда туриб саволларимизга жавоб бераркан, Ташанов рейд аломатларини кўрмаётганини айтди.

- Бошқа кунлардагидан фарқ қиладиган фавқулодда ўзгариш сезилмаяпти, деди Абдураҳмон Ташанов.

Лицензияли таксичи

Тошкентлик Сарвар ака легал таксичилардан. Унинг лицензияси бор.

- Лицензиясиз ишлаш қийин, дейди Сарвар ака. Чунки солиқчилар текширади, ГАИ текширади, клиентлар подставка қилиб қўйиши мумкин.

Лицензиясиз киракаш

Лицензиясиз киракашлик қилаётган Анвар ака – олий маълумотли дўхтир. Унинг айтишича, Тошкентда ишлаётган киракашларнинг 70 фоизида лицензия йўқ.

“Киракашликка қизиқиш”нинг катта эканлиги тўғрисида фикр юритар экан, Анвар ака иш жойларининг йўқлиги, ишлиларга тўланадиган ҳақнинг эса, оила боқишга етмаслигини айтиб ўтди.

Йўллардаги "ўрганишлар"

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати нолегал таксичиларга қарши 15 март куни бошланган рейдларни юмшоқ қилиб, “пойтахт йўлларидаги ўрганишлар”, деб атади:

“…соҳа масъуллари жорий йил феврал ойининг 15 санасидан эътиборан пойтахт йўлларидаги бундай ўрганишлар сони кескин равишда оширилишини таъкидладилар”, дейилган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг 13 февраль кунги хабарида.

Қарорлар, қарорлар, қарорлар...

Пойтахт ҳокимлиги Ахборот хизматига кўра, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 28 февралдаги, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрь, 2011 йил 18 май ва 2007 йил 10 февралдагиқарорлари билан тартибга солинади.

Қарорлар ижроси

15 март куни бошланган “ўрганишлар” ана ўша қарорлар ижросини “таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар режаси” доирасидаги тадбирдир.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича,режа 2016 йилнинг 13 январида тасдиқланган бўлиб, ўтган 1 ойда 310 та рейд ўтказилган, 9200 автомобиль текширилган, 1850 та қоидабузарлик ва камчилик аниқланган.

Давлат солиқ инпекциялари томонидан жами 163 та қоидабузарлик аниқланиб, уларни содир этган шахсларга ўрнатилган тартибда чоралар кўрилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари олиб борган ўрганишлар оқибатида 18651 та баённома тузилган.

Лицензия нархи

Киракаш лицензияси учун давлатга тўланадиган важ давлат курси бўйича бир йилга 75 АҚШ долларига тенг ақчадир. 75 долларли лицензия машинасидаги ўриндиқлар сони 4 тадан ортмаганларга берилади. Машинасида ўриндиқлар 4 тадан кўп бўлганлар бир йиллик лицензия учун 125 долларга тенг пул тўлайди.

Қаймоқ ранг, сариқ ранг...

Машинаси чопиб турган одам учун лицензия нархи бир қарашда кўп эмасдай. Лекин, масалани атайлаб ўрганган журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, иш пул тўлаш билангина битиб қолмайди. Лицензия олмоқчи бўлган киши машинасини қайтадан бўяши лозим.

- Тошкентда қаймоқ рангга, вилоятларда эса сариққа бўяш лозим. Автомашина эгалари учун масаланинг айнан мана шу жиҳати катта тўсиқдир. Ҳеч ким машинасини такси рангига бўяшни истмайди, дейди тошкентлик журналист.

XS
SM
MD
LG