Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:56

Ишдан олинган Марказий банк раиси ўринбосарининг кейинги тақдири муаллақ қолмоқда


Ўзбекистон Марказий банки биноси
Ўзбекистон Марказий банки биноси

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев ишдан бўшатилди. Мамлакатда нақд пул тақчиллиги авжга чиқиб¸ ўзбек сўми қадрсизланиши кучайган бир пайтда ишдан олинган Мустафоевнинг бу лавозимдан кейинги тақдири мавҳум бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон президенти фармони билан Марказий банкнинг биринчи ўринбосари лавозимида қарийб уч йил ишлаган Улуғбек Мустафоев вазифасидан бўшатилди.

Собиқ ўринбосарнинг нима сабабдан ишдан олингани ҳақида расмий маълумот ҳозирча йўқ.

Ўзбекистондаги нақд пул тақчиллиги кучайиб¸ ўзбек сўми жиддий тарзда қадрсизланган бир пайтда Марказий банк раиси биринчи ўринбосарини ишдан олиш билан, Озодлик манбаларига кўра, ҳукумат бу соҳадаги вазиятни ўнглашга уринмоқда.

Марказий банкнинг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Улуғбек Мустафоевнинг ишдан олиниши кутилмаган ҳолатда рўй берганини айтди.

“Жуда тез бўлди. Мустафоевнинг нима сабабдан ишдан олингани айтилмади. Унинг ҳозир қаерда эканлиги ҳам номаълум. У киши балки бошқа ишга тайинланар, балки савол-жавоблар бўлар”, деди банк мулозими.

Жорий йил февраль ойида мамлакатдаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банки бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов молиявий қаллобликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Улуғбек Мустафоевнинг “Асака” банки бошқаруви раисининг моливий жиноятларига алоқаси бор-йўқлиги ҳам ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон банкларидан бирида ишлайдиган мулозим ҳам микрофонсиз суҳбатда собиқ ўринбосарнинг жавобгарликка тортилишини эҳтимолдан соқит қилмади.

“Мустафоевнинг қўққисдан ишдан олиниши, албатта, унинг ишлари яхши эканлигидан далолат бермайди. Лекин, Мустафоев эскитдан “обойма”да бўлган ва қурбон қилинадиган кадр эмас. Банк тизимида ҳам адекват одам ҳисобланарди. У ўзи ишлайдиган вазифада ижрочи ролини яхши бажариб келган”, деди Мустафоев фаолиятидан бевосита хабардор банк мулозими.

Улуғбек Мустафоев 2013 йилнинг 3 март куни молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган Ўзбекистон Марказий банкининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ҳайдаров ўрнига тайинланган эди.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Улуғбек Мустафоев Бош вазир Шавкат Мирзиёевга 10 апрель куни юборилган мактубида ўзбек банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса¸ мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG