Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:58

Прокуратура “Асака” банк раиси ҳибсга олинганини тасдиқлади


1996 йилда очилган “Асака” банкининг асосий фаолияти Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш соҳасини кредитлашдан иборатдир
1996 йилда очилган “Асака” банкининг асосий фаолияти Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш соҳасини кредитлашдан иборатдир

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодлик хабари ортидан мамлакатдаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банки бошқарув раиси Қаҳрамон Ориповнинг молиявий қаллобликда айбланиб ҳибсга олингани, банкнинг валюта-кредит операциялари билан шуғулланувчи икки топ-менежери ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

Прокуратуранинг билдиришича, Орипов валюта жиноятлари ва ноқонуний даромадлар легализацияси билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда.

Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири ҳисобланган “Асака” банкининг бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов ҳибсга олингани ва буни ортидан молиявий идоранинг қатор бошлиқлари ҳам валюта айирбошлаш бўйича жиноятларга алоқадорлик гумони билан сўроқ қилинаётгани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди.

Банк мулозимлари автомобил савдоси билан боғлиқ валюта айирбошлаш операцияларидан тушадиган валютани мунтазам равишда "қора бозор"га чиқариб, икки баравар қимматга сотиш билан шуғуллангани ҳақида иддаолар бор.

“Асака” банкидаги Озодлик манбаларига кўра, Тошкент шаҳар прокуратурасининг Валюта, солиқ ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши кураш департаменти бир ҳафтадан буён банкда тафтиш ўтказмоқда.

"Асака" банки бошқаруви раиси Қаҳрамон Орипов 2 февраль куни лавозимидан четлатилган.
"Асака" банки бошқаруви раиси Қаҳрамон Орипов 2 февраль куни лавозимидан четлатилган.

Олиб борилаётган суриштирувлар шубҳали валюта операциялари билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, тафтиш доирасида “Асака” банкининг Инвестицион фаолиятни мувофиқлаштириш ва мониторинг депаратменти, Кредитлаш департаменти бошлиқлари вазифасидан четлаштирилган.

"Банкнинг асосан валюта, кредитлаш департаменти фаолиятини қаттиқ текширишяпти. Ўтган ҳафта банк бошқаруви раиси ҳисбга олинганидан кейин Кредитлаш бошқармаси бошлиғи Султон Қолдибоев лавозимидан олинди. Инвестицион фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг депаратменти бошлиғи Жаҳонгир Гайбуллаевич ҳам ишга келмаяпти, хонаси муҳрланган. У ҳам кетган бўлиши мумкин",- деди "Асака" банкининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходими.

1996 йилда таъсис этилган “Асака” банкининг асосий фаолияти Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш соҳасини кредитлашга қаратилган. Банкнинг асосий ҳиссадори “Ўзавтосаноат” ширкати ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳокимият идораларига яқин деб кўриладиган Uzmetronom.com нашри мамлакатда маҳаллий автомобиллар савдоси схемаси мавжудлиги, автомобиль савдосидан келадиган валюта тушумлари "Асака" банкига тушиши ва бу маблағлар банкдаги махсус одамлар тарафидан суистеъмол қилиниши ҳақида ёзди.

Ўзбекистондаги банк амалдорлари валюта курсининг ҳукумат белгилаган ва "қора бозор"даги курси ўртасидаги фарқдан мўмай даромад кўриб келишгани айтилади.

Маълумки, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва нархи АҚШ долларида белгиланадиган машиналарни сотиб олиш учун харидор аввало Ўзбекистондаги “Капиталбанк” ёки "Асака" банкида валюта ҳисобини очиши ва машина нархининг 85 фоизини нақд долларда шу ҳисобга қўйиши талаб қилинади.

Uzmetronom.com нашрига кўра, валюта айирбошлаш операцияларидан келадиган долларлар мунтазам равишда "қора бозор"га чиқарилиб, икки баравар қимматга сотилади.

Ўзбекистонда сўнгги ойларда “қора бозор”да сўм қадрининг кескин пасайиши ва доллар нархининг кескин кўтарилиши ортидан банклардаги шубҳали валюта операциялари ҳукумат тепасидагилар эътиборини тортган, демоқда кузатувчилар.

Бундан олдин Тошкентдаги “Ипотека” банкининг бир неча раҳбар ходимлари валюта айирбошлаш бўйича жиноятларга алоқадорлик билан ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Ўзбекистондаги “Ипотека” банки бошқаруви аъзолари валюта бойликларини ноқонуний сотиш каналини ташкил этиш ва аҳолига сотиш учун ажратилган валюталарни ўз таниш-билишлари орқали ўзлаштирганликда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги “Халқ банки” ва “Капиталбанк”да ҳам Тошкент шаҳар прокуратурасининг Валюта, солиқ ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши кураш департаменти ходимлари текширув олиб бораётгани ҳақида хабарлар бор.

XS
SM
MD
LG