Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Қўқонлик Раҳбархон Одилова: Бош прокурор қабул қилганига 3 ой бўлди, натижа йўқ


Раҳбархон Одилова 2014 йилда ўтказган пикетлардан бири.
Раҳбархон Одилова 2014 йилда ўтказган пикетлардан бири.

Олти йилдан бери ҳуқуқлари тикланиши учун курашиб келаётган қўқонлик 73 ёшли Раҳбархон Одилова ва унинг оила аъзолари Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳаракатсизлигидан норозилик билдириб, президент резиденцияси олдида яна янги пикетларни ўтказмоқчи. Раҳбархон Одилова ўз оиласи ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши учун 2014 - 2015 йилларда президент саройи ва Олий Мажлис бинолари олдида қатор пикетларни ўтказган ҳамда Бош прокурор унинг оиласи вакилини қабул қилишига эришган эди.

Қўқонлик 73 ёшли Раҳбархон Одилова пикетларни давом эттирмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00

Оила аъзолари билан босқинчиликда айбланиб қамалган ва 2010 йилда амнистия туфайли озодликка чиқарилган 73 ёшли Раҳбархон Одилова қамоқда саратон касалига чалинган.

Озодлик радиоси Қўқон гўшт комбинатидаги коррупция ва комбинатнинг талон-тарож қилинишига қарши тургани ортидан Раҳбархон Одилованинг қизлари Ирода ва Муҳайё, ўғли Нажот ноқонуний тарзда судланиб, озодликдан маҳрум этилгани ҳақида беш йилдан бери ёзиб келади.

Унинг қизи Муҳайё 2006 йилда тергов изоляторида сақланаётган пайтда милиция ходимлар томонидан зўрланган. Раҳбархон Одилова қизини зўрлаган милиция зобитлари жазога тортилишини талаб қилгани учун соҳта айблов билан қамалганини айтиб келади.

Раҳбархон Одилова оғир касалликка чалинганига қарамай 2014-2015 йиллар давомида оиласи ҳуқуқлари тикланиши, ўзларига нисбатан соҳта айбловлар билан жиноят ишини уюштирганлар жазоланишини талаб қилиб президент саройи ва Олий Мажлис бинолари олдида қатор пикетларни ўткизган.

Раҳбархон Одилованинг пикетлари ортидан Бош прокуратурада унинг қизи Ирода Бош прокурор томонидан қабул қилинган. Ирода Одилова бу воқедан уч ой ўтган бўлса-да, Бош прокуратура ҳалигача уларнинг иши юзасидан чора кўрмаганини айтди:

- 2016 йил 6 май куни мени Бош прокурор қабулига олиб киришди. “Абдуллаев қабул қилади, прокурор”, дейишди. Ўша кишига ҳамма шикоятларимни айтдим. Орадан бир ой ўтгач жавоб олгани борсам, қўлимга қоғоз тутқазишди. Ўша қоғозда “Сизнинг ишингиз шу кунгача текширувда”, деб ёзибди. Иккинчи ой ҳам жавоб олгани бордим, яна “ишнгиз текширувда” деган қоғоз беришди. Мана уч ойдан бери бошқа жавоб йўқ, -деди Ирода Одилова.

Раҳбархон Одилова саратон касалидан муолажа олаётгани туфайли унинг ўзи билан гаплашиш имконияти бўлмади. Лекин Ирода Одилованинг айтишича, онаси бемор эканига қарамай, Бош прокуратурадан шу ҳафта ичи жавоб бўлмаса, яна президент саройи олдида пикет ўтказишни давом эттириш ниятида.

Раҳбархон Одилова ҳеч бўлмаганида қамоқдалиги пайтида ундан ноқонуний тортиб олинган уйидан кичкинагина бир хужра ажратиб берилишига эришмоқчи. Оила аъзолари қамоқда ўтирган пайтда Одиловларнинг уйлари талон-тарож қилинган ва ҳовли ноқонуний равишда сотилган. Одиловлар олиаси қамоқдан чиққанидан бери ижара уйларда яшаб келмоқда.

“Онам: “Мен ўлсам жасадим қаердан чиқади, ҳеч бўлмаса шу уйимдан бир ҳужра беришсин, ўша ердан чиқаринглар мени”, деб йиғлайди”, дейди Ирода Одилова.

- Ҳар ойнинг биринчи жумасида бош прокурор аризачиларни қабул қилади. Жума куни яна қабулга бораман. Агар жавоб бўлмаса, онам жуда қийналиб кетди, яна пикетларга чиқмоқчи. Гўшт комбинатни сотганлар, жиноятни қилганлар кўчада эркин юришибди, бизни эса ҳуқуқларимиз бузилаяпти, -деди Ирода Одилова.

Озодлик мухбирининг мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси қабулхонаси ва матбуот хизматидан изоҳ олиш ҳаракати самарасиз якунланди. Бош прокуратура қабулхонаси ходими Одиловлар масаласида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Матбуот хизматида эса Озодлик радиосидан телефон қилаётганимизни айтганимиздан сўнг, телефон гўшагини қўйиб қўйишди ва қўнғироқларимизга бошқа жавоб берилмади.

XS
SM
MD
LG