Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Қирғизистон Бош прокуратураси президентнинг “коррупцияга аралашгани”ни тасдиқламади


"Ата Мекен" партияси раиси Ўмурбек Текебаев (чапда) ва президент Алмазбек Атамбаев.
"Ата Мекен" партияси раиси Ўмурбек Текебаев (чапда) ва президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси “Ата Мекен” партияси лидери, парламент депутати Ўмурбек Текебаевнинг президент Алмазбек Атамбаев Албек Ибраимовнинг хотинига тегишли бўлган ерни сотиб олганидан сўнг уни Бишкек шаҳар мэри лавозимига тайинлагани иддаоси билан эълон қилган баёнотини ҳақиқатга зид, деб топди. Ўмурбек Текебаев бу ерга Алмазбек Атамбаев данғиллама уй қураётганини ҳам айтган эди.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, Ўмурбек Текебаев Алмазбек Атамбаевга оид маълумотларни нотўғри талқин қилган.

Бош прокуратура 6 октябрда тарқатган баёнотида Текебаевнинг иддаоси бўйича махсус текширув ўтказилганини, аммо иддаолар тасдиқланмаганини билдирган.

Ўмурбек Текебаев 15 сентябрда президентни коррупцияга аралашганликда айблаб матбуот анжумани ўтказган эди.

Текебаевнинг айтишича, 2015 йил 7 майда Бишкекнинг ҳозирги мэри Албек Ибраимовнинг турмуш ўртоғи Айнуру Ибраимова номига пойтахтадан 30 километр нарида “Дастан” заводига қарашли бўлган 27,5 гектар ер расмийлаштирилган. Орадан беш кун ўтиб бу ер президент Атамбаев номига ўтказиб берилган.

-2015 йилда Албек Ибраимов ўша ерни президентга ўтказиб берди. Шундан кейин у Бишкек шаҳрига мэр бўлди. Бу икки воқеа бир –бири билан мантиқан боғлиқ десак бўлади. Негаки бу коррупциянинг классик намунасидир, -деб баёнот берган эди Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими Назик Байгазиева Ўмурбек Текебаевнинг мазкур баёноти юзасидан ўтказилган текширув натижалари ҳақида мана буларни айтди:

-Бу мулк Бакиевларнинг яқинларига тегишли бўлган, деган иддао юзасидан мана буларни айтишимиз мумкин:2008 йилда “Дастан” заводи бу ерни “А.С.Д” ширкатига сотиш ҳақидаги шартномани имзолаган. Бироқ “А.С.Д” ернинг пулини тўламаган ва шундан сўнг Бишкек туманлараро суди бу шартномани бекор қилган. 2010 йилда эса Муваққат ҳукумат қарори билан Бакиевнинг яқинларига тегишли бўлган бу ширкат акцияларининг 50,45 фоизи миллийлаштирилган, -деди Назик Байгазиева.

Яъни бош прокуратура бу баёноти билан, 2010 йил 7 апрелида ҳокимиятдан қувилган собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг яқинлари мазкур ерни сотиб олмоқчи бўлгани, аммо пулини тўламагани ортидан бу ер аввалги эгасига қайтарилганини билдирмоқда.

Мана шу 27,5 гектарлик ернинг 2,5 гектарини президент Алмазбек Атамбаев қонуний сотиб олганини ва бу ерга уй қураётир. Бош прокуратура баёнотида Атамбаев ерни қонуний равишда сотиб олгани учун ҳам унинг коррупцияга аралашгани тўғрисидаги иддаолар тасдиғини топмаганини билдирган.

Аввалроқ Қирғизистон президенти маъмурияти ҳам Атамбаев бу ерни қонуний сотиб олгани ва у ерга уй қураётгани ҳеч кимга сир эмаслигини маълум қилган.

Қирғизистон Давлат рўйхатга олиш агентлиги Атамбаев бу ерни 33 миллион сўмга сотиб олганини ошкор этган. Атамбаевнинг мазкур жанжал бошланишидан бир неча ой олдин эълон қилинган солиқ декларациясида эса президент бир йилда 1 миллион 298 минг 448 сўм ойлик олгани, аммо президент чиқимлари 34 миллион сўмни ташкил қилгани кўрсатилган. Шунингдек, декларацияда Атамбаев 2.5 гектардан кўпроқ ерни сотиб олиб, 116 квадрат метрли уй қураётгани қайд этилган.

Ўмурбек Текебаев эса Бош прокуратуранинг бу баёнотини шарҳлар экан, ўз иддаолари тасдиғини топганини билдирмоқда:

-Бош прокуратура “Дастан” заводига қарашли ер участкаси Бакиевларга берилганини, кейинроқ эса яна давлат фойдасига мусодара қилинганини тасдиқлаб турибди. Бу заводнинг директорлар кенгаши ва бошқаруви раҳбарлари Аиамбаев унинг яқин одамлари бўлгани ҳам тасдиқланди. Бу икки одам, яъни Анарбек Укуев ва Албек Ибраимов Атамбаевнинг яқин танишлари. Бу билан ер Атамбаевга махсус ўйланган режа асосида сотилгани аниқлашади, -деди Ўмурбек Текебаев.

Президент Алмазбек Атамбаевнинг коррупцияга аралашгани иддаоси Атамбаев томонидан жорий йилнинг 31 август куни бошлаб берилган сиёсий жанжалнинг давоми сифатида кўрилади.

31 август-Қирғизистон Мустақиллик куни сўзлаган нутқида Атамбаев 2010-2011 йилда мамлакатни бошқарган Муваққат ҳукуматни, жумладан, собиқ президент Роза Ўтунбаевани кескин танқид қилган эди.

Бунинг ортидан Муваққат ҳукумат аъзолари Атамбаевга норозилик билдирган ва вазият кескинлашган. Шундан сўнг мухолифат ва ҳукумат ўртасида ахборот уруши бошланган эди.

Мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги ахборот уруши Қирғизистонда айни кунларда ҳам давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG