Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:25

Мирзиёев айтган 2016 йил давом этмоқда, лекин пахта Damasда ташилмоқда


Пахта Damasда ташилмоқда
Пахта Damasда ташилмоқда

Пахта терими мавсумида Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида техника тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар вужудга келмоқда. Бунга Озодликка етиб келаётган баъзи хабарлар далилдир. Уларда айрим хўжаликларда қишлоқ хўжалиги машиналари ва йўловчи транспорти воситалари етишмаётгани тўғрисида айтилган. Айни пайтда бу соҳада муаммога дуч келмаётган фермер хўжаликлари ҳам мавжудлиги маълум бўлди.

Фермер “Дамас”да пахта ташияпти

Telegram тармоғи орқали Озодликка йўлланган фото ва видеода фермерлар терилган пахтани Damasавтомобилларида пахта пунктига ташиб кетаётгани тасвирланган.

Муаллиф изоҳидан тасвирлар Жиззахнинг Арнасойида олингани тушунилади. “Арнасой тумани 16а совхозида фермерлар техника топиб бера олмаяпти”, дейилади тасвирларга илова қилинган изоҳда.

Пахтани ташиш Дамасга қолди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

- Мана, шўринг қурғур, Damas билан пахта ташиб юрибмиз... Шу кунлар ҳам бор экан, мана! Арнасой далаларида пахтани Damas билан ташиб юрибмиз. Банк, шўринг қўрисин! деб ёзади терилган пахта маҳаллий банк теримчиларига тегишли эканига ишора қилаётган видеотасвир эгаси.

Пахта ташиш, ёрдамчиларни ётоқдан далага олиб бориб, қайтариб келиш ҳамда бошқа ишларга яроқли қишлоқ хўжалиги ва йўловчи ташувчи техника етишмаслигидан қийналаётган қишлоқ фермерлари бошқа бировларнинг транспорт воситаларидан фойдаланмоқда.

Айни пайтда, айрим фермерлар техника масаласида муаммо йўқлигидан гапиради. Озодлик билан суҳбатлашган Фарғона вилоят, Фурқат туманилик фермер Очил Бегматовнинг айтишича, "техникаси ўзига етиб ортади".

Лекин Бегматовга кўра, ҳамма фермерда ҳам техника етарли эмас. Улар жалб қилинган техника учун қўшимча чиқим қилади.

- Техникаси йўқлар бири-бирига илтимос қилади. Бизда МТП деган ташкилот бор – шу беради. Пахта заводининг прицеплари кўп, у ҳам беради. Масалан, бизга Damas ишчиларни олиб келиб берса, ҳақини тўлаймиз. Биттаси 150 минг сўм турса, пулини ўтказиб бераяпмиз. Ҳокимият километирига қараб газ қeйиб бераяпти, деди фермер Очил ака Бегматов.

Талабалар далага ўзлари етиб бормоқда

Кейинги кунларда совуқ тушиши ва терим суръати пасайиши ортидан кўплаб олий ўқув юртларида пахта теримига қўшимча сафарбарлик эълон қилинган.

Бироқ, ўқув юртларида катта курс талабаларини далага олиб чиқишга техника ажратилмаганини ҳақида Озодлик ёзган эди.

Пахтага жўнатилган Тошкент университетлари 4 курс талабалари Жиззах вилоятига ўзлари етиб боришлари кераклигидан норозилигини билдирган эди:

- Жиззахнинг Зарбдор туманига жўнатилдик. Сезон бошида 2 курслар автобусларда юборилган эди. Тўртинчи курсдагилар ўз ҳисобига пахтага келаяпти, кўпчилик пули йўқлиги учун етиб келишга қийналаяпти, деган эди талаба йигит.

Андижон милицияси ҳайдовчиларни пахта териш ёки ҳашарчиларни ташишга мажбурлаяпти

Андижонлик ҳайдовчилар эса вилоят автомобил йўлларида милиция ходимлари йўлдан ўтаётган машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчиларни пахта теришга ёки ҳашарчиларни ташишга мажбур қилаётгани хабарини йўллади.

Андижоннинг Избоскан туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчининг Озодликка айтишича, милиция ходимлари йўлларда шофëрларни тўхтатиб, пахта тердиряпти.

-Техпаспортини олиб пахта тердираяпти. “5 кило териб берасан ёки шунча кило пахта терадиган мардикорни пулини берасан, кейин кетасан” дейди. Йўл қоидасини бузганларга ҳозир шундай штраф экан бу, деди избосканлик ҳайдовчи.

Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда Damas ҳайдовчиларидан ҳашарчиларни ташиш сўралаётган бўлиши мумкинлигини тасдиқлади, лекин ҳайдовчилар пахта теришга мажбурланаётганини рад қилди.

Далада ҳамон қўл терими

“2016 йилга бориб Ўзбекистон пахта йиғим-теримини 80-90 фоиз механизациялашган тартибда амалга оширади.”

Буни 2013 йилнинг октябрида IX Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев айтиб ўтган.

Мирзиёев Ўзбекистон машинасозлари томонидан техник параметрлари, нарх кўрсаткичлари ҳамда сервис хизмати бўйича фермерларнинг бугунги талабларига жавоб берадиган “янги пахта териш машиналари” яратилганини айтиб ўтган.

- Биз пахта териш техникаларини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Ҳозирги кунда энг замонавий техник ишланмалардан фойдаланилаётган 6 русумдаги пахта териш машинаси синовдан ўтмоқда”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

"Ўзагросаноатмашхолдинг" компанияси 2016-2017 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш ва модернизациясига 127,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашини эълон қилди.

Модернизациянинг биринчи босқичида биргина «Тошкент трактор заводи»да 5 мингта трактор, 1 мингта пахта териш комбайнлари ва 2 мингта прицеп ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ваъда берилган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ТТЗ йилига йилига ўртача 2,5 мингдан ортиқ машина ишлаб чиқараётгани маълум.

Озодлик суҳбатлашган жиззахлик фермерлардан бири далаларга комбайн тушмаганига анча йил бўлди, дейди. У пахтанинг машинада терилмаётгани сабабларини бундай тушунтиришга уринди.

- 5 йилдан ошди далада машина кўрмаганимга. 5-6 йил олдин 36 миллиондан келган эди ТТЗни тракторлари. “Кейс”лар йўқ бўлиб кетганига 10 йилдан ошди. Охирги чиққан машиналар тера олмаяпти.Машина терими фермерга қимматга тушади, пахтанинг сорти тушади, иккинчидан – чигит кетади. Ёрдамчилар тоза, арзонга териб берадию, даҳмазаси кўп. Аслида машина терими яхши терса арзон бўлади, деди исмини очиқламасликни сўраган фермер йигит.

Тошкент трактор заводи собиқ иттифоқ пайтида ҳар йили минглаб терим машинаси ишлаб чиқарган ва ўша пайтда бундай машиналар ишлаб чиқариш бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турган. 1991 йилга қадар Ўзбекистонда пахта мавумида 50 мингга яқин пахта териш машинаси жами пахтанинг 70 фоизини йиғиб олишда ишлатилган.

Бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришгач, пахта териш машиналари ишлаб чиқариш кескин камайиб кетди.

Ҳозирда пахта давлат бюджет ташкилотлари ва қишлоқ аҳолиси теримчилари ёрдамида қўлда териладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG