Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:11

Россияда ИШИДга алоқадор кўрилган ўзбек муҳожирлари ушланди


2016 йилнинг 7 декабрида Москвада террорчиликда гумонланиб 25 меҳнат муҳожири ФСБ томонидан қўлга олинган
2016 йилнинг 7 декабрида Москвада террорчиликда гумонланиб 25 меҳнат муҳожири ФСБ томонидан қўлга олинган

Россия чегарачилари Сурияга жанг қилгани кетаётган бир гуруҳ хориж ватандошларини ҳибс этганини хабар қилди. Улардан бири экстремизм учун Ўзбекистонда қидирувда бўлгани айтилмоқда.

Россия махфий хизмати – ФСБ мамлакатнинг Узоқ Шарқидаги Сахалин оролида чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган бир гуруҳ ноқонуний меҳнат муҳожири, жумладан ўзбекистонликларни ҳибс этди.

Россия ФСБсининг Сахалин вилояти бўйича Чегара хизмати расмий вакиласи Юлия Булатская 4 нафар мигрант “ИШИД террорчилар гуруҳи таркибига қўшилиш учун Сурияга кетаётганида” қўлга олинганини маълум қилди.

- Марказий Осиё минтақасидан бўлган бир гуруҳ шахс учинчи мамлакатлар орқали Сурияга боришни ва ноқонуний “Ислом давлати” гуруҳи фаолиятида иштирок этиш мақсадида чиқиб кетаётганида аниқланди. Улар 2016 йилдаёқ махфий хизматларимиз назоратига тушган. Улар узоқ вафт давомида Россия Федерацияси ҳудудида ноқонунан яшаб келган, деди Юлия Булатская.

Озодлик ўз манбаларидан ушланганларнинг уч нафари Ўзбекистондан, яна бири Қирғизистондан эканини аниқлади.

"Улардан бири чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда ва тергов пайтида пора берганликда айбланиб жавобгарликка тортилди. Шунингдек, худди шу шахс Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан экстремистик фаолият ва одам ёллашда айбланаётгани аниқланди", дейилади ФСБ расмий хатида.

Гуруҳ аъзолари Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган бу шахснинг “мафкуравий таъсирига тушгани” ва Сурияга кетишга розилик бергани айтилди.

Озодликка маълум бўлишича, ҳозирда Сахалин суди қарори билан ушланганларнинг тўртталови “ўз давлати ҳуқуқ мухофазаси органларига кейинги тафтиш ва жавобгарликка тортиш учун топширилгани” хабар қилинди.

Бу муҳожирларга Россияга кириш ҳам умрбод тақиқланди.

Жорий йилнинг январ охирларида Миллий террорчиликка қарши қўмита расмийси Андрей Пржездомский охирги бир йилда “Ислом давлати” жангарилар гуруҳига Россиядан бориб қўшилаётганлар сони камайгани борасида хабар қилганди.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида махфий хизматлар томонидан террорчилик ва диний экстремизмда айбланиб қўлга олинган бошқа меҳнат муҳожирлари тўғрисида хабар берган.

Россия ФСБси охирги пайтларда террорчиликда гумон қилиниб, қўлга олинганларнинг асосий қисми Марказий Осиё минтақасидан келган меҳнат муҳожирлари экани тўғрисида баёнот берган эди.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари илгари экстремизмда гумонланиб қўлга олинган Марказий осиёликларнинг аксариятига бундай айбловлар, қийноқлар воситасида қўйилишини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG