Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:39

Меҳрибонлик уйида болаларни калтаклаш ва жинсий зўрлашда айбланганларга ҳукм ўқилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида етимларга ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайр-эҳсон пулларини талон-тарож қилганликда, болалар уйи тарбияланувчиларини жинсий ва жисмоний эксплуатация қилинганликда айбланганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини калтаклаганликда ва жинсий алоқа қилганликда айбланганларга ҳукм ўқилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00

Айбланувчиларга нисбатан 18 апрелда бошланган суд жараёни ниҳоясига етгани тўғрисида 7 август куни ЎзА хабар берди.

Жиноят кодексининг 207–моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб соҳтакорлиги), 115-моддаси (шахснинг ҳомиласини мажбурий равишда сунъий тушириш) бўйича айбланаётган собиқ директор Камол Якубов ва директор ўринбосари Собиржон Усмонов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бундан ташқари фельдшер Ихтиёр Йўлдошев 3 йилу 6 ойга, тарбиячи Равшан Абдуфаттоев 3 йилга қамалди.

Тарбиячилар Хуршида Якубова, Наргиза Солиева, энагалар Дилдора Жўрабоева ва ХанифаТўраеваларга 3 йил озодликни чеклаш, бош ҳисобчи А.Муйдинова ва ҳисобчи А.Саидкамоловага 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши юзасидан жами 10 нафар одамга ҳукм чиқарилди.

Хабарда айтилишича, тарбиячилар Хуршида Якубова ва Наргиза Солиева, энагалар Ханифа Тўраева ва Дилдора Журабоева Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 3-7 ёшдаги болаларни муттасил равишда уриб-дўппослаган. Шу каби жиноятларни тарбиячи Равшан Абдуфаттоев ва фельдшер Ихтиёр Йўлдошевлар ҳам содир этган.

“Бундан ташқари, вояга етмаган тарбияланувчи Д.Р. тарбияланувчи А.Р. билан ихтиёрий тарздаги жинсий алоқа натижасида ҳомиладор бўлиб қолгани аниқланган. К.Якубов ҳамшира Г.Топволдиева (жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, муассаса тарбияланувчиси Д.Рнинг хомиладор бўлиб қолганини оммага ошкор қилмаслик ва бу билан мансаб мавқейига нисбатан юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ғараз ниятда Д.Рнинг ҳомиласини сунъий равишда мажбуран тушириб юборган”., дейилади хабарда.

Судда С. Усмонов ва И. Йўлдошев ҳам муассаса тарбияланувчиси А.Р. ва К.Пларга зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани исботланган.

Директор К.Якубов, бош ҳисобчи А.Муйдинова, ҳисобчи А.Саидкамолова ва директор ўринбосари С.Усмоновлар олдиндан жиноий тил бириктириб 167 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.

Озодлик радиоси 2017 йилнинг 27 декабрида Фарғона вилояти прокуратураси Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида хайр-эҳсон пуллари талон-тарож қилингани бўйича тергов бошлангани, кейинроқ эса иш судга оширилгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўшанда терговчилар болалар уйида тарбияланувчилар жинсий ва жисмоний эксплуатация қилингани иддаоларини ҳам ўрганиб чиққани, лекин жўяли исбот-далил бўлмагани ва жабрланувчилардан бу борада шикоят тушмагани сабаб бу иш бўйича тергов тўхтатилганини билдиришгани ҳам айтилганди.

XS
SM
MD
LG