Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Ҳукумат босими остида бўлган журналист Давлат Назар машина уриши оқибатида ҳалок бўлди (ВИДЕО)


Хоразмдаги оғриқли мавзуларни ёритиб келган журналист Давлатназар Рўзметов (Давлат Назар) 6 ноябрь оқшомида машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

Бош прокуратура журналист Рўзметовни йўлни кесиб ўтаётганида "Газель" машинаси уриб юборгани ҳақида ёзди.

48 яшар Давлат Назар кейинги икки йил ичида танқидий қарашлари сабаб бир неча бор ҳибсга олинган.

Озодлик билан яқин ҳамкорлик қилиб келган Давлат Назар кейинги пайтда мунтазам кузатувда экани ҳақида айтганди.

Ҳукумат босими остида бўлган журналист Давлат Назар машина уриши оқибатида ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:43 0:00

Мудҳиш хабар

Танқидий мақолалари ва мухолиф қарашлари билан танилган, кейинги икки йил давомида бир неча бор ҳибсга олинган журналист Давлат Назар 6 ноябрь куни ярим тунда машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

Журналист яқинларига кўра, Давлат Назарнинг жанозаси у истиқомат қилган Қўшкўпир туманида 7 ноябрь куни ўқилган ва у Ҳазрати Эшон бува қабристонига дафн қилинган.

Озодлик мухбири 6 ноябрь куни Давлат Назар билан энг сўнгги учрашганлардан икки нафари билан гаплашди. Улардан бири журналист, яна бири адвокат. Уларнинг айтишича, учаласи Урганчдаги кафелардан бирида ўтириб, суҳбатлашишган. Улар соат 21:30да кафедан чиққач, Давлат Назар таксига миниб, Қўшкўпирдаги уйига кетганини айтишди.

Давлат Назар таксидан қаерда тушгани ва ярим тунда пиёда магистрал йўлда нима қилиб юргани ҳақидаги саволлар ҳозирча жавобсиз қолаяпти.

Сўнгги маълумотга кўра, такси ҳайдовчиси сўроққа чақирилган, журналистни босиб ўлдирган ҳайдовчи эса ҳибсга олинган.

Шубҳали ўлим

Мобил мухбир сифатида Хоразмдаги оғриқли мавзуларни ёритишда Озодлик билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келган Давлат Назар кейинги пайтда мунтазам кузатувда экани ҳақида айтганди:

- Уйдан чиқа олмай ўтирибман. Кўчанинг икки томонида икки посбон ўтирибди, деганди жумладан 12 октябрь куни Давлат Назар Озодлик билан суҳбатда.

Давлат Назар Хоразмда ўзига бўлаётган босимлар сабаб Тошкентда вақтинча яшашга қарор қилгани ҳақида гапирганди.

Маълум бўлишича, у бир ҳафта аввал Хоразмга қайтган.

Қўшкўпирдан олинган маълумотга кўра, “Урганч-Хива” йўлининг 4-километридаги Давлат Назар автоҳалокатга учрагани айтилаётган жой тозалаб қўйилган.

"Бу ерда умуман авария бўлмагандай. Ҳаммаёқни ювиб қўйишибди", деди воқеа жойида бўлган қўшкўпирлик 7 ноябрь куни туш пайти.

Давлат Назарнинг Фейсбукдаги саҳифасига сўнгги икки кун ичида (тег қилиб) ёзилган постларнинг аксарида журналист ўлими шубҳа остига олинган:

"Журналист ўлими ҳеч қачон оддий ўлим бўлмайди. Давлат Назардек қалами ўткир журналистнинг ўлими – инчинун. Ушбу ҳодиса юзасидан шаффоф текширув ва батафсил ахборот кутиб қоламиз", дея ёзди, жумладан, блогер Шаҳноза Соатова.

Расмий баёнот

Ўзбекистон Бош прокуратураси журналист Давлат Назар "автоҳалокат қурбони бўлгани" ҳақида зудлик билан расмий маълумот эълон қилди:

"2019 йил 06 ноябрь куни соат 23:55 ларда фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонасига тегишли бўлган “Газель” русумли автомашинани “Урганч-Хива” йўлининг 4-километрида бошқариб бораётганида, йўлни кесиб ўтаётган “Жамият” газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни уриб юборган.

Натижада Д.Рўзметов бош қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган".


Бош прокуратура маълумотига кўра, журналист ўлими бўйича Урганч тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий ҳамдардлик

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов​ ўзининг Фейсбук саҳифаси орқали Давлат Назар ўлими юзасидан ҳамдардлик пости ёзиб қолдирди:

«Жамият» газетасининг Хоразм вилояти мухбири, таниқли журналист Давлатназар Рўзметов бахтсиз ҳодиса туфайли бевақт вафот этди.

Агентлигимиз номидан марҳум журналистнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз.

Ҳибс ва қамоқлар

Давлат Назар тахаллуси билан ижод қилган қўшкўпирлик 48 яшар Давлатназар Рўзметов олдин “Ёшлар овози” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири бўлган.

Кейинчалик у “Хоразм ёшлари” газетасида фаолият юритди.

Сўнгги пайтда у "Жамият" ижтимоий-сиёсий газетаси​ мухбири сифатида фаолият юритган.

У ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан ҳам машҳур эди.

Давлат Назар Ўзбекистон ҳаëтида мухим бўлган воқеа яъни Урганч шаҳар Ашхобод кўчасидаги уйи бузилганлар намойиши ҳақида Озодликка маълумотларни етказгани ортидан муаммоларга дуч келгани маълум.

Ўлимидан олдин у блогер Шабнам Оллошукуровани руҳий диспансерга жойлаштирилгани ҳақидаги маълумотларни тарқатгани ортидан тазйиққа учрагани ҳақида Озодликка айтганди.

Давлат Назар танқидий мақолалари ва мухолиф қарашлари сабаб кейинги икки йил ичида бир неча бор қамоққа ташланди.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни пахтада мажбурий меҳнат масаласини ёритиб келган Давлат Назар ҳибсга олиниб, Урганч милиция бўлинмасида беш соат ушлаб турилгач қўйиб юборилди.​

Ўтган йилнинг 29 октябрь куни "Хоразм ёшлари" газетаси муҳаррирининг ўринбосари сифатида ишлаётган пайтида Давлат Назар пахтага оид йиғилишни ёритмоқчи бўлгани учун ҳибсга олинди.

Қўшкўпир туман ҳокимлигининг пахта бўйича йиғилишини видеотасвирга олаётган пайтда олиб кетилган Давлат Назарни суд майда безориликда айблаб, 7 суткага қамади.

Ўша пайтда журналист Давлат Назар милиция ходимлари уни калтаклаб, мажбуран иқрорнома ёздириб олишгани ҳақида гапирганди.

Хоразмлик журналист: Милиция ходимлари мени калтаклаб, мажбуран иқрорнома ёздиришди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00

XS
SM
MD
LG