Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Хитойда тарқалган вируснинг одамдан одамга юқиши мумкинлиги тасдиқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Хитойнинг Ухан шаҳрида коронавируснинг аввал маълум бўлмаган тури тарқалишда давом этмоқда. Кейинги кунларда касалликка чалинганлар сони уч баробарга ошиб, инфекция мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалди.

Бу орада Хитой расмийлари вирус одамдан одамга юқаётганини тасдиқлашди.

Душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 22 январь куни ушбу вирусни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғин ўтказилишини эълон қилди.

Хитойда номаълум пневмония эпидемияси тарқала бошлаганига оид хабар дастлаб ўтган йил декабрида пайдо бўлган. 20 январгача бўлган ҳолатга кўра, мазкур вирусдан 6 киши нобуд бўлган, 227 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Олимлар тахминларига кўра, вирус Ухандаги мол бозоридан бошланган. Эпидемияга коронавируснинг аввал кузатилмаган тури сабабчи эканлиги аниқланди.

2003 йилда коранавируснинг бошқа бир тури оғир ўткир респиратор синдроми эпидемиясини келтириб чиқарган эди. Ўшанда ҳам вирус ҳайвонлардан одамларга юққан. 2002-2003 йилларда синдром 37 давлатда 8 минг кишига юққан, 774 нафар кишининг ёстиғини қуритган.

Коронавируснинг турли хиллари одамлар ва ҳайвонлар ичида тарқалган бўлиб, айримлари енгил, айримлари оғир касалликларга олиб келади.

Ухан расмийлари 1 январь куни вирус келиб чиққани айтилаётган мол бозорини ёпиб, дезинфекция қила бошлаган эди.

Бошида вирус одамдан одамга юқмаслиги айтилди. Аммо кейинги кунларда вирус 14 нафар тиббиёт ходими ҳамда касаллик тарқалган бозорга алоқаси бўлмаган шахсларга юқиши ортидан вирус инсондан инсонга ўтаётгани тасдиқланди.

Оғир ўткир респиратор синдроми бўйича мутахассис Жонг Наншан 14 нафар тиббиёт ходимига вирус битта бемордан юққанини айтди.

Таиланд, Жанубий Корея ва Японияда мазкур вирусни юқтириш ҳолатлари қайд этилгани хабар қилинмоқда.

Хитойнинг ўзида эса вирус Ухан шаҳридан ташқари Пекин, Шанхай ва Шеньженга тарқалди.

Ҳонконг ва бошқа шаҳарларда сайёҳларни назорат қилиш кучайтирилди. Вирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда ҳам чегара назорати кучайтирилгани хабар қилинди.

Вирус юққан кишиларда иситма, йўтал, томоқ бўғилиши ва нафас олишнинг мушкуллашиши каби асоратлар кузатилади.

XS
SM
MD
LG