Ҳокимият ушбу чоралар жамоат хавфсизлиги мақсадида киритилганини маълум қилди. Таҳлилчилар минтақада диний эркинлик нисбатан кенг деб ҳисобланган Қирғизистон сўнгги пайтларда бу борада қўшни давлатларнинг йўлини танлаганини таъкидлашмоқда.
Қирғизистонда апрель янги қоидалар билан бошланди. Милиция ходимлари кўчада, бозорда ёки бошқа жамоатчилик жойларида юзини бутунлай ёпиб юрган аёлларни тўхтатиб, юзини очишга ундаяпти. Бундай кийимни маҳаллий аҳоли ниқоб дейди.
Милиционерларнинг тушунтириш ишлари эса маҳаллий каналлар орқали намойиш этилиб, хавфсизлик тадбирлари сифатида тақдим қилинмоқда. Оддий аҳоли орасида бу чора-тадбирларни нотўғри деганлар бор, лекин улар турли сабаблар билан журналистларга очиқ гапиришни хоҳлашмайди.
Янги қонун ижроси
2025 йилнинг бошида президент имзолаган “Эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги янги қонунда юзини ёпиб юриш чекланиши белгиланган. Жиноят кодексига тегишли ўзгартириш киритилган.
Қонуннинг бажарилишини назорат қилишга Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси маъсул. Бош эгмаганлар 20 минг сўм ўлчамида, яъни 250 АҚШ доллари атрофида жаримага тортилади. Юридик шахсларга жариманинг миқдори бундан уч баробар кўп.
Кузатувчиларга кўра, мамлакат жанубидаги Ўш, Жалолобод вилоятларида текширув кучайтирилган. Бу ҳудудлардаги аҳоли анъанадор, диндорлар кўплиги айтилади.
Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги хизмати бош инспектори Маматисақ Ўмурзоқов Озодликка ниқобга карши чоралар ҳақида Озодликка қуйидагича маълумот берди:
"Дарҳол жарима солмаймиз, биринчи навбатда тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ҳозир нафақат Ўш ва Жалолобод вилоятларида, балки республика бўйлаб қонун талабларини аҳолига етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Диний фаоллар, маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. 3-4 ойдан кейин 20 минг сўмлик жарима солишни бошлаймиз. Бундан ташқари, нафақат диний эътиқод сабаб, балки жамоат жойларида юзини яшириб ниқоб кийганлар ёки давлат корхоналари биноларига шундай кийимда кирганлар ҳам текширилади, жаримага тортилади”.
Ҳокимиятнинг бу қадамини Дин ишлари бўйича давлат комиссияси ҳамда Қирғизистон мусулмонларининг дин бошқармаси – муфтият ҳам кўллаб-қувватлаяпти. Ҳатто тегишли фатво ҳам чиқарган.
“Ҳижоб бу – рўмол, аёллар кийими. Ҳар бир мусулмон аёлга ҳижоб ўраш – фарз. Янги қоидада ҳижобга тақиқ қўйилмаган. Ниқоб эса паранжи каби юзини ёпиб юрадиган кийим. Лекин у фарз эмас, ниқоб ўранмаган аёл гуноҳкор бўлмайди” - деди Фатво қўмитаси раиси Абдулла Арсанқулов.
"Жарима адолатли бўлиши керак"
Янги қонунга кўра уйма-уй юриб даъват қилиш ҳам тақиқланган. Қирғизистонда сўнгги йилларда айнан даъватчилик кўпайган ва бу турли оқимларнинг ғояларини тарқатиш учун хизмат қилиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни пайдо қилган эди. Масала парламентда ҳам кўтарилган. Аммо айрим таҳлилчилар бундай чекловлар орқали фуқароларнинг шахсий эътиқодига дахл қилинаётгани, бу эса демократик қадриятларга зид эканини эслатишмоқда.
“Протоколлар тузилиб, жарималар қўлланила бошланганда, афсуски, ўша фуқаролар орасида норозилик, давлатга нисбатан ишончсизлик муқаррар равишда пайдо бўлади. Чунки, инсон ҳаётига хавф туғдирувчи йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун 320 сўм ёки 1000 сўм жарима белгиланса, бу ҳолатда 20 минг сўм миқдорида жарима солиняпти. Бу йўл қоидасини бузганларникидан 20 баробар қаттиқроқ жазо дегани. Жарима ва жазо адолатли бўлиши керак” - деди диний эксперт Эржан Сулаймон.
Қонун шунингдек, диний асосда партия ва бошқа сиёсий бирлашмалар тузишни, уларни молиялаштиришни, партия номлари ёки ташвиқот материалларида диний сўзлардан фойдаланишни ҳам тақиқлайди. Қолаверса, депутатларнинг диний фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Минтақадаги тақиқлар
Қирғизистоннинг қўшнилари кийим-бош ва ташқи кўринишдаги диний рамзларни чеклаш ёки тақиқлашни бир неча йиллар аввал бошлаган. Тожикистонда ниқоб “миллий қадриятларга зидлиги” важидан тақиқланган.
Қозоғистонда 2009 йилдан бери мактабларда ўқитувчиларга ва ўқувчиларга ҳижоб ўрашга рухсат берилмайди. Аммо жамоат жойларида ниқобга расман тақиқ йўқ.
Ўзбекистон Конституциясида дин давлатдан ажратилгани белгилаб қўйилгани билан эътиқод масаласи ҳамиша хавфсизлик тизимларининг қатъий назоратида бўлиб келган. Соқол қўйиш, ҳижоб ўраш Ислом Каримов даврида қатъиян тақиқланганди. Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин эса вазият бироз юмшади, аммо сўнгги пайтларда яна ҳижоб ва соқол можароси юзага чиқмоқда.
2019 йилнинг сентябрида диний вазиятни ва диндор қатламни назорат қилиш бўйича президент Мирзиёевнинг махфий қарори чиққан. Унинг ижросига бевосита алоқадор тизимлардан бирининг мулозими томонидан Озодликка сиздирилган хужжат нусхасида айнан либос ва қиёфа масаласи ёзилган. Айни дамда жамоат жойларида диний шаклда рўмол ўраганларга огоҳлантириш бериш, соқолларни қирдириш каби ҳолатлар ҳам кузатилади.
Экспертлар фикрича, Марказий Осиёда, айниқса анъанадор Фарғона водийсида турли диний оқимлар тузоғига тушиш хавфи кучайган. Лекин бу кўпроқ давлатларнинг диний таълимни ҳаддан ташқари чеклагани, дунёвий таълимнинг абгорлиги ва ҳалқнинг ижтимоий ҳолати натижаси экани айтиб келинади.
Таҳлилчи Анвар Назир минтақадаги муаммолар ҳақида бундай дейди:
“Қирғизистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ички ва ташқи хавфсизлик чақириқлари бор. Бу - наркобизнес, диний экстремизм, террорчи гуруҳларнинг фаоллашуви. Шунинг учун Марказий Осиёнинг умумий чегараси масаласини олдинга суриш керак. Марказий Осиёнинг ташқи чегараси деган тушунчанинг хавфсизлигини ўйлаш керак. Бу жуда муҳим деб ўйлайман” .
Диндорларга нисбатан дискриминация туфайли Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотларининг ҳисоботларида Маркази Осиё давлатлари ҳукуматлари кўп бора танқид қилинган. Аммо ҳукуматлар чекловларни диний радикаллашув ва экстремизм хавфи билан тушунтириб келади.
Форум