Ҳушёрликка чорловчи бу рақамлар ҳали амалий чора-тадбирларга айланмасиданоқ, бир қатор ҳудудларга чигиртка тўдалари ёпирилди.
Жиззахнинг Фориш туманидаги Хайдаркўл атрофи, Нурота тоғ тизмасининг этаклари, Қизилқум, Дўстлик, Ухм маҳаллалари — ўнлаб гектар ерлар ҳашаротлар тўдасининг ҳужумига учраган. Ҳудуд фаоллари Озодликка юборган видеоларда ҳашаротлар ҳали ўсиб улгурмаган ўтларни еб ташлаганини кўриш мумкин.
Яйловларни чигиртка қоплаганига 10 кундан ошди. Деярли ҳар йили шу муаммога дуч келаётган яшовчиларнинг айтишича, чигирткалар улар учун ташвиш, беқарорлик рамзига айланиб боряпти.
“Чигирткалар ҳозирча кичкина, улар катта бўлмасидан олдин йўқ қилиш керак. Тумандан иккита одамни жўнатишибди, кичик бир ускунада "пис-пис" қилиб дори сочиб юришибди. Лекин чигиртка ўлганини кўрмадик. Бир ҳафталарда бу чигирткалар катта бўлиб, техника билан курашсангиз ҳам қутулмайдиган даражага етади. Катталарнинг оддий ҳалқнинг ташвиши билан иши йўқ” - дейди форишлик чорвадор онахон.
Муаммо фақат Жиззах билан чекланмаяпти. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги яйловларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Чорвадорлардан бири Озодликка, айниқса Тўла қишлоғи аҳолиси зиён кўра бошлаганини маълум қилди:
“Деярли, ҳар йили шундай муаммога дуч келяпмиз. Хўп, тепадагиларга одамлар керак бўлмаса ҳам, ернинг кераги бордир? Наҳотки, ҳокимлар ўтлоқни чигирткага ем қилиб, бемалол ўтираверишса... Ўтган йили бирор бир одам чорвадорларга етказилган зиённи аниқлаб, унинг ўрнини қоплаб беришни ўйламаган. Бу йил ҳам шундай бўлади шекилли”.
2024 йилнинг ёзида ҳам Қашқардарёнинг яйловларини чигиртка босиб, буғдойзорлар ҳам зиёнга учраган эди. Лекин унинг зарари ҳақида расмий маълумот йўқ. Яшовчиларнинг айтишича, бу йил апрель бошида мутахассислар дори сепиб, чигирткаларни ўлдирган. Лекин уларнинг личинкалари зарар кўрмаган ва икки кун ўтмасиданоқ янгидан ҳужум бошлашган.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг 2 апрелдаги баёнотига кўра, муаммо Сурхандарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам жиддий. Ташкилот 2025 йилда республика бўйича 608,1 минг гектар майдонда чигиртка тарқалишини тахмин қилган.
“Зарарли чигирткаларга қарши кураш учун 42 та махсус машина, 181 та трактор, 69 та OVX-600 ва 113 та VP-1 қурилмаси, 584та моторли қўл пуркагичи ва 28 та сув ташувчи транспорт воситаси тайёр ҳолатга келтирилган” - деб ёзилган агентликнинг Телеграм - каналидаги баёнотда.
2025 йил - "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йили" деб эълон қилинган Ўзбекистон реаллигида чигирткаларга қарши асосий қурол — қўлдаги моторли ускуна ва кичкина пуркагич бўлиб қолмоқда.
Дунёда чигиртканинг 7 мингдан ортиқ тури бор. Бир неча йилдирки, Жанубий ва Марказий Осиёдаги давлатларда чигиртка галалари экинлар еб битиряпти.
Тадқиқотларга кўра, кейинги йилларда мўл ёғингарчилик шарқий Африка ҳамда жануби-ғарбий Осиёда чўл чигирткалари кўпайишига шароит яратган. Лекин, илмий тадқиқот йўқ ва замонавий техникалар етарли бўлмаган Ўзбекистон каби мамлакатларда хавф даражаси юқори. Бундай муаммога Марказий Осиёдаги деярли барча давлатлар дуч келяпти.
Экинларни вайрон қилаётган ҳашаротлар чўл чигирткалари бўлиб, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти уларни "энг очофат ҳашаротларнинг бири" дея таърифлайди.
Ташкилотга кўра, 1 км2 ҳудудда 40 миллион чигиртка бўлиши, улар бир кунда 35 минг киши истеъмол қиладиган озиқни еб тугатиши мумкин. Қаноти чиққан чигирткалар кунига 150 км масофага етиб бора олади. Шунингдек, яхшироқ муҳит излаб 2 минг км масофани босиб ўтишга қодир.
Ўзбекистонда ҳукумат ташкилотлари томонидан муайян чоралар кўрилгани қайд этилаётган бўлса-да, жойлардаги аҳоли фикрича, амалий самара ҳозирча сезилмаяпти. Миллий ахборот воситалари эса зиёнли чигирткага қарши жамоатчилик курашиши кераклигини ёзиб, журналистлар билан блогерларни курашга қўшилишга чақиришяпти.
Форум