Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:52

Пахта заводи кластерга айлантирилганидан сўнг ойлиги кескин озайган ишчилар норозилик билдирмоқда (ВИДЕО)


Завод ишчилари ойликлари озайиб кетганидан норозилик билдириб, ўтган йил 5 декабрда иш ташлаган эди.
Завод ишчилари ойликлари озайиб кетганидан норозилик билдириб, ўтган йил 5 декабрда иш ташлаган эди.

Жиззах вилоят Дўстлик тумани пахта тозалаш заводи кластерининг 300 дан ортиқроқ ишчиси ойликларининг ўз вақтида берилиши ва оширилишини талаб қилмоқда.

Ишчиларнинг айтишича, завод 2019 йил октябрида кластерга айлантирилганидан сўнг ойликлар камида 200-300 минг сўмга озайиб кетган. Бундан ташқари¸ иш ҳақи бир ойга кечиктирилиб берилмоқда.

Дўстлик тумани пахта тозалаш заводи кластери расмийси бу маълумотни тасдиқлади ва ойликларнинг кечикиб берилишини “Ўзпахтасаноат” белгилаб берган тартиб-қоида билан изоҳлади.

"Кластер бошимизга битган бало бўлди. Ойликларимиз кўтарилиш ўрнига¸ пасайиб кетди"

Озодлик билан боғланган завод ишчиларидан бири завод кластерга айлантирилганидан кейин ўз вақтида берилмаётган ойликларининг янада баракаси қочганини айтди:

- Кластер бўлмасидан туриб, ойликларимиз 2 миллионга етар эди. Ўз вақтида бериларди. 2019 йилнинг октябрида завод кластер бўлди. Ўшанда ишчилар “Кластер бўлсак ойликларимиз озайиб кетмайдими?” деб савол қўйганмиз. Раҳбарлар: “Йўқ, кўпайса кўпаядики, ҳозиргидан кам бўлмайди”, деб жавоб беришган эди. Ҳозирги кунда ойликларимиз ўтган йилгидан камида 200-300 мингга камайиб кетди. Масалан, авваллари 2 миллион олган бўлсак, ҳозир 1 миллион 700 минг сўмдан олаяпмиз. Ойликлар 1 февралдан бошлаб, бошқа кластерларда 7 фоизга оширилди. Аммо негадир бизнинг ойликларимизни ҳали ҳам оширишмади. Бунинг устига иш ҳақимиз бир ойга кечиктириб берилмоқда.

"Ойликларнинг кечиктирилаётгани "Ўзбекпахтасаноат" қабул қилган тартиб-қоида билан боғлиқ"

Озодлик кластер ишчилари юборган шикоятга изоҳ олиш учун Дўстлик тумани пахта тозалаш заводи кластери бош ҳисобчиси Анвар Ҳазратқулов билан боғланди. Бош ҳисобчи ишчиларнинг гапини тасдиқлади.

Чидаб туришса, февралнинг ойлигини мартнинг охирида берамиз

- Ҳа, ўтган ойнинг маоши кейинги ойнинг охирида берилади. Биз бу ҳақда ишчиларга айтганмиз. Чидаб туришса, февралнинг ойлигини мартнинг охирида берамиз.

Унга кўра, кластер ҳар ойнинг охирида “Ўзпахтасаноат”га маошлар юзасидан ҳисобот топширади. “Ўзпахтасаноат” бу ҳисоботни тасдиқлаганидан сўнг заводга маошлар берилиши учун пул ажратади.

- Бунинг учун камида 15-20 кун кетади. Аммо ишчилар норозилигини ҳисобга олиб, иш ҳақи берилишини ҳар ойнинг 20- кунига кўчириш таклифини киритганмиз. Агар “Ўзбекпахтасаноат” тасдиқласа, шундай бўлади. Заводнинг ўз пули йўқ, ҳаммаси Тошкентга кетади ва Тошкентдан орқага қайтади. Бошқа жойларда ойликлар 1 февралдан 7 фоизга ошгани тўғри. Биз ҳам, балки март ойидан ойликларни 7 фоизга оширармиз,- деди Анвар Ҳазратқулов.

Бош ҳисобчи нега ойликлар президент қарорида белгиланганидай 1 февралдан эмас, март ойидан оширилиши тўғрисидаги саволга жавоб бера олмади.

"Ойликларимиз оширилса ҳам 2019 йилда олган маошимиздан оз бўлади"

Озодлик суҳбатлашган ишчилар маошлари 7 фоизга оширилган тақдирда ҳам¸ кластергача бўлган ойликка етмаслигидан таажжубга тушаëтганларини яширмади.

Кластер бўлганимиздан кейин ойликларимиз 1 миллион 700 мингга, айримларнинг ойликлари эса 1,5 миллионга тушиб қолди.

- Кластер бўлгунимизча 2 миллион олардик. Кластер бўлганимиздан кейин ойликларимиз 1 миллион 700 мингга, айримларнинг ойликлари эса 1,5 миллионга тушиб қолди. Ҳозир ойлик 7 фоизга оширилса, 2019 йил даражасидаги маошимиз кўрсаткичига ҳам етмайди. Бу одамларни алдаш, дегани. Масалан, мен кам таъминланганлар учун қурилган уйлардан бирини кредитга олганман. Бир ойда 950 минг сўм кредитга тўлайман. Ойлигимнинг қолгани эса, оиламиз тирикчилигига етмайди. Менинг қарамоғимда бешта жон бор,-деди ишчилардан бири.

Озодлик мухбирининг мазкур масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида “Ўзбекпахтасаноат” билан боғланиш ҳаракатлари натижасиз қолди. АЖ матбуот хизматига қилинган қўнғироқларга 9 март куни ҳеч ким жавоб бермади.

"Ойликларимиз оширилиши ва ўз вақтида берилишини талаб қилиб иш ҳам ташлаганмиз"

Дўстлик пахта тозалаш заводи кластерининг исми очиқланмаслигини сўраган яна бир ишчиси Озодликка ўтган йил 5 декабрида ишчилар ойликлар ўз вақтида берилмай кечиктирилаётганига норозилик тариқасида иш ташлаш бўлганини айтди ва иш ташлаш пайтида олинган видеони тақдим этди.

- Ўша куни ишчилар иш ташлашган ва завод фаолиятини тўхтатиб қўйишган эди. Ўшанда раҳбарларимиз “Бундан кейин иш ҳақини вақтида берамиз”, деб ваъда қилишган. Аммо январнинг ойлигини февраль ойи охирида олдик. Февралнинг ойлигини эса энди мартнинг охирида ёки апрелнинг бошларида берамиз, дейишаяпти. Биз бундан жуда норозимиз.

Дўстлик тумани пахта тозалаш заводи ишчиларидан бири 9 март куни Озодликка юборган видеоларда ўзларини завод ишчилари деб тақдим қилган ўнлаб одам раҳбариятдаги ходимларни қуршаб олиб, иш ҳақлари берилишини талаб қилаётгани акс этган.

Бундан ташқари видеоëзувдаги ишчилар, иш ҳақлари озлигидан арз қилиб¸ раҳбариятдан маошларни кўпайтиришни талаб қилади. Аммо завод раҳбарлари ишчиларнинг бу талабларига жавоб беришмайди.

Жиззах пахта тозалаш заводидан келган видео
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:52 0:00

Сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистонда кластер корхоналар билан фермерлар ўртасида давомли зиддият сақланиб қолаëтгани ҳақида Озодлик мунтазам ëзиб келмоқда.

Озодликка мурожаат қилган фермерлар кластер корхоналарини контракт шартларини бузганлик, бўнак пули ва ёнилғи-минерал ўғит билан ўз вақтида таъминлаганлик ва ҳосил пулини тўлашни кечиктираётганликда айблаб келади.

Кластер корхоналарининг аксарияти ўз камчилигини тан олган бўлса, баъзилари фермерлар иддаоларини рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG