Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:35

Ўнлаб миллионга алданганини айтган фермерлар ҳукуматдан кластерни ëпишни сўрамоқда


Фарғона вилоятининг Фурқат туманидаги ўнлаб фермер Bulut textile пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тўхтатиш талаби билан президент администрацияси раҳбари Зайнобиддин Низомиддинов ва Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Аброр Ваҳобов номига ариза ёзди.

Бир нусхаси Озодликка тақдим этилган аризага тумандаги 154 фермер хўжалигидан 80 таси раҳбари имзо қўйиб, муҳрини босган.

Фермерларнинг ёзишича, Bulut textile фермерлардан 2019 йил ҳосили учун тўланадиган ҳақдан ноқонуний миқдорда юзлаб миллион сўм ушлаб қолган, фермерларни минерал ўғитларни асоссиз равишда икки баробар қимматга сотиб олишга мажбур қилган.

Bulut textile пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Раҳимжон Қўзибоев Озодлик билан суҳбатда фермерлар баёнотини рад этди.

Фермерлар нега кластерни ёпишни талаб қилишмоқда?

Фермерлар аризаси нусхасини Озодликка Фурқат туман маҳаллий ҳокимият тизимларидан бирида ишловчи масъул ходим исми сир қолиши шарти билан тақдим этди.Унга кўра, мазкур ариза 20 февраль куни адресталарига топширилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган.

“Фермерлар меҳнати ва улар ҳақига хиёнат қилинишига панжа ортидан қараб туролмадим. Хат манзилига етиб боргани аниқ, уни вилоят ҳокимиятида ишловчи масъул ўз қўли билан президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига топширган. Одатда бундай аризаларга 3-4 кун ичида чора кўрилади, аммо шу кунгача бу ариза юзасидан силжишлар бўлмади”, деб тушунтирди ўз ҳаракатини бу масъул.

Президент маъмурияти ва ҳукуматга юборилган аризада ёзилишича¸ Bulut textile пахта-тўқимачилик кластери “ғўзанинг умумий вегетация даврида кимёвий воситаларни фермер хўжаликларга нархини маълум қилмасдан 2 баробар қиммат нархда сотиб олишга мажбур қилган”, “минерал ўғитларни ўз вақтида бермай, асоссиз равишда кечиктириб берган”.

Аризада шунингдек кластер фермерларнинг 2019 йил ҳосил пулидан асоссиз равишда миллионлаб сўмни ушлаб қолгани ҳам таъкидланади:

“Масалан, “Ғаниева Раънохон” фермер хўжалигидан 43 млн. сўм пул маблағи кластер корхонаси томонидан асоссиз ушлаб қолинган. “Интеграл” фермер хўжалигидан 40 млн. сўм пул маблағи ҳеч қандай асоссиз ушлаб қолинган. “Нуринса ая” фермер хўжалигидан 31.5 млн. сўм пул маблағи асоссиз ушлаб қолинган”¸ дейилади нусхаси Озодликка тақдим этилган аризада.

Фурқатлик фермерлар ёзган ариза нусхасининг бир қисми.
Фурқатлик фермерлар ёзган ариза нусхасининг бир қисми.

Фермерлар: Кластер ҳаводан пул қилаяпти...

Озодлик мазкур аризани имзолаган фермерларнинг айримлари билан бевосита суҳбатлашди.

Хусусан¸ “Ғаниева Раънохон” фермер хўжалиги раҳбари Bulut textile ўзидан 43 миллион сўмни ноқонуний ушлаб қолганини тўғрисидаги шикоятини шундай изоҳлади:

Ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси “пахта ҳосилидан шира учун фалонча фоиз чегириб қолинсин”, деган қарор чиқаради. Бу қарор давлат пахта заводларига тегишли бўлиб, кластерлар фаолиятига тааллуқли эмас. Мендан эса шира тушгани учун деб 16 миллион ушлашди. Бундан ташқари заводда қуритдик, тозаладик¸ деб яна пул ушлаб қолган. Бу пулларни ушлаб қолишга ҳаққи йўқ . Чунки мен топширган пахтамдан улар бунинг учун ўз ҳақларини чегириб қолишган. Аниқ қилиб айтадиган бўлсам, 226 тонна пахтадан 5600 кило скидка чиқариб ташлаган. Шунга қарамай, пахта завод харажатларини фермерларга юклаяпти. Пахта завод ўз хизмати учун хизмат ҳақини тозалаган пахтасига устама нарх қилиб чиқариб олган. Агар фермерлардан пахта заводи харажатларини ҳам олиб қолишса, унда улар ҳаводан пул қилишаяпти, тушунаяпсизми?”

Ўз исми очиқланишини истамаган фурқатлик фермерлардан бири кластер ўзидан 40 миллион сўмдан ортиқ пулни асоссиз ушлаб қолганини айтди:

“Пахтани топшираётганимизда намлик, қорашира деб скидка чиқаришади. Пахтанинг бир килосини 4500 сўмдан сотиб олишлари керак. Мен улар билан ўша скидкаларни ҳисобга олган ҳолда 4 минг сўмдан пахта топширишга шартнома қилганман. Аммо улар мендан яна пул ушлаб қолишаяпти, оқибатда мен пахтани 3000-3500 сўмдан сотган бўлиб чиқаяпман. Ҳолбуки накладнойда 4000 сўмдан тўланиши қайд этилган ва у ерда қорашира учун яна скидка чиқарилиши кўрсатилмаган. Кластер фермерларни талаяпти”.

Озодлик суҳбатлашган бошқа фермерлар эса, Bulut textile минерал ўғитларни ўз нархидан икки ярим баробар қимматга сотганини айтади:

“Масалан, амофосни ҳар йили 2 миллиондан олардик. Бу йил эса уни бизга 5 миллиондан сотишди. “Унинг сотиб олинган баҳосини бизга айтинглар, ўшанга қараб нархини билайлик” десак, бизга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатиша олмади. Бундан ташқари¸ 2019 йил ҳосили учун 31 декабргача ҳақ тўланиши лозим эди. Кластер эса бизга ҳақ тўлашни февралгача чўзиб юрди”.

Bulut textile фермерлар иддаосини рад этди

24 февраль кунги телефон суҳбатида Bulut textile пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Раҳимжон Қўзибоев фермерларнинг Озодликка қилган бу шикоятларини рад этишга уринди.

Раҳимжон Қўзибоев¸ фермерлардан ундирилган пулларнинг қонуний асосда ушлаб қолингани тўғрисида ҳужжат-далиллари борлигини иддао қилди, аммо уларни Озодликка виртуал шаклда тақдим этиш сўровини рад қилди:

“Мен бу масалада телефон орқали суҳбатлашмайман. Олдимга келинг, сизга ҳамма ҳужжатларни кўрсатаман. Фермерлар аризага нимага қўл қўйишаётганини ҳам билишмаган, аслида. Уларни алдаб қуруқ қоғозга қўл қўйдириб олишган, кейин ариза ёзишган. Бунинг орқасида бошқа гаплар бор, бу ҳақда телефон орқали гаплаша олмайман. Фақат юзма-юз учрашсак айтаман”, деган Раҳимжон Қўзибоев суҳбатни қисқа қилди.

Бу суҳбатдан сўнг Озодлик қайта боғланган фермерлар кластер раҳбари иддаосини мутлақ рад қилди ва ариза мазмуни билан танишиб, унга ўзлари ҳам қўшимча қўшиб, кейин имзолашганини таъкидлади.

Bulut textile кластерининг Озодлик билан ўзини таништирмасдан гаплашган бошқа масъули фермерларга пахта пули кечикиб берилгани, амофос ўғитининг аввалги йилларга қараганда қимматга сотилганини тан олди:

“1 январь ҳолатига кўра, қатор фермерлардан қарзимиз бор эди. Аммо 2020 йилнинг 1 февралигача ҳамма қарздорликларни ёпганмиз. Қарзимиз қолмаган. Амофос ўғитини 5 миллион сўмдан сотганимиз рост. Уни хориж давлатидан олиб келганмиз, шунинг учун қимматга тушди. Ўзимизда чиқадиган ўғит сифат жиҳатидан паст бўлгани учун уни хориждан олиб келган эдик”, деди кластернинг бошқа вакили.

Кластерлардан норози фермерлар кўп

Ўзбекистонда кластер корхоналар билан фермерлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Озодликка мурожаат қилган фермерлар кластер корхоналарини шартнома шартларини бузганлик, бўнак пули ва ёнилғи-минерал ўғит билан ўз вақтида таъминлаганлик ва ҳосил пулини тўлашни кечиктираётганликда айблаб келади.

Кластер корхоналарининг аксарияти ўз камчилигини тан олган бўлса, баъзилари фермерлар иддаоларини рад этиб келади.

22 январь куни Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтгани ҳақида шикоят қилган эди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG