Сешанба куни Индонезияда коронавирусга қарши Хитойда тайёрланган вакцинани одамларда синаш жараёни бошланди. Хабарларга кўра, 6 ойга чўзиладиган синовда 1 600 нафар кўнгилли қатнашади.
Хитойнинг Sinovac Biotech ширкати ишлаб чиққан CoronaVac вакцинаси учинчи, якуний синов босқичига етган бир неча вакцинанинг биридир.
CoronaVac вакцинаси аллақачон 9 минг нафар бразилиялик тиббиёт ходими орасида синовдан ўтказилмоқда. Бразилия коронавирус юқтириб олганлар сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Аҳолиси сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи Индонезияда бугунга қадар 127 мингдан ошиқ одамга коронавирус юқди, уларнинг 5 700 нафари нобуд бўлди. Аммо мамлакатда тест ўтказиш кўлами чекланган бўлгани учун бу кўрсаткичлар аслида анча юқори эканлиги айтилмоқда.
Вакцинанинг клиник синовида қатнашаётган кўнгиллилар орасида Индонезиянинг Ғарбий Ява ороли ҳокими ҳам бор.
Мамлакат расмийлари вакцина хавфсиз ва самарали деб топилса, унинг 250 миллион дозаси ишлаб чиқарилишини эълон қилишди. Индонезия аҳолиси сони 270 миллионга яқиндир.
Сешанба куни Индонезия президенти Жоко Видодо вакцинани ишлаб чиқаришни режалаштираётган Bio Farma ширкатининг Бандунг шаҳридаги заводига борди.
Сафари олдидан президент:
- COVID-19 таҳдиди Индонезиянинг бутун аҳолиси эмланмагунича йўқ бўлмаслигини яна такрорламоқчиман, - деган.
Сешанба куни Россия ҳам инсон организмида коронавирусга қарши давомли иммунитет келтириб чиқарувчи жаҳондаги илк вакцинани ишлаб чиққанини эълон қилган эди. Аммо кўпчилик мутахассислар Россия вакцинаси самарасига ишончсизлик билдирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, жаҳон бўйлаб олимлар 165 та вакцина лойиҳаси устида ишламоқда. Уларнинг олтитаси синовларнинг сўнгги босқичига етган.
Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, бугунга қадар жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 20,8 миллиондан ошди, уларнинг 750 мингга яқини нобуд бўлди.