Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:01

Америкалик Жэссиканинг очилган посилкаси - "Ўзбекистон почтаси" ислоҳотга муҳтож


Тошкент шаҳридаги "Халқаро почтамт" биноси.
Тошкент шаҳридаги "Халқаро почтамт" биноси.

АҚШнинг Вашингтон штатида яшовчи Жэссика ўтган ой Ўзбекистонга борганида минг доллардан ошиқроқ пулга миллий сопол ва чинни буюмларни харид қилиб, уларни почта орқали АҚШга посилка қилган.

Унинг иддаосича, жўнатганидан икки ҳафта ўтиб, посилка муҳри бузилган, ичидаги айрим нарсалар синган, айримлари йўқолган ҳолда АҚШдаги уйига олиб келинган.

"Буюмларни ярмидан кўпи синган ёки йўқолган. Посилка қутиси бузилиб, устидан "Ўзбекистон почтаси" ёзуви ёзилган лента билан ўралган. Синганига ачинмайман, йўлда ҳар нарса бўлиши мумкин. Лекин мени нарсаларим ғойиб бўлгани алам қиляпти", - дейди Жэссика.

Америкалик Жэссика Ўзбекистондан юборилган жўнатмалар камомад билан келганини иддао қилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00

Ҳар бир давлатда жўнатмаларнинг йўқолмасдан эгасига етказилиши учун почта жавобгарликни зиммасига олади.

“Ўзбекистон почтаси” ходимлари йўқолган нарсалар учун посилка қайси мамлакатга жўнатилган бўлса, ўша ерга мурожаат қилишни тавсия этмоқда.

Жэссиканинг айтишича, у Ўзбекистондан жўнатган посилкани АҚШ ичида USPS почта хизмати олиб келиб берган.

Аммо Жэссика ўз посилкаси АҚШда эмас, Ўзбекистон ичкарисида очилган ва ичидаги нарсалар ҳам мамлакат ичкарисида йўқолган, деган гумонда.

"USPS ҳар бир йўқолган нарса учун жавоб беради. АҚШда ҳар бир почта жўнатмаси видеокамералар кузатуви остида бўлади. Шунинг учун мен буюмларим Ўзбекистон ичида йўқолган, деб ўйлаяпман".

“Ўзбекистон почтаси”нинг Озодлик суҳбатлашган хавфсизлик хизмати ходими почта жўнатмалари ичидан нарсалар ўғирланиши имконсизлигини айтади.

"Бизда "Главпочтамт"да ҳам аэропорт карго хизматида ҳам камералар бор, ўғрилик бўлиши мумкин эмас. Бизда ҳар бир жўнатма трэкинг қилинади ва жўнатувчига UZ билан тугайдиган трэк рақами берилади. Посилка қутисида ҳам ёзилган бўлади. Шу рақам билан ўз мамлакатида шу жўнатмани олиб келиб берган почта хизматига шикоят қилса биз аниқлаймиз, қаерда муаммо бўлганини", - деди "Ўзбекистон почтаси" ширкатининг Хавфсизлик бўлими ходими.

Аммо, Жэссика иддаосича, "Ўзбекистон почтаси" ходимлари ундан посилкани қабул қилиб олишганида трэк рақамини ҳам йўқолишига кафолат ҳам беришмаган.

"Синса биз жавоб бермаймиз, деб огоҳлантиришганди. Ҳеч қанақа рақам ҳам, кафолат ҳам беришмади. USPS посилкани эшигимни тагига ташлаб кетган экан, ҳали шикоят қилганим йўқ, лекин қиламан. Ўзбекистон гўзал ва мафтункор мамлакат, лекин почта хизматидан кўнглим қолди. Энди у ердан нарса ҳам олмайман, почтасидан ҳам фойдаланмайман."

"Ўзбекистонга юборилган жўнатмалар ҳам камомад билан етказиляпти"

Ўзбекистонга чет элдан юборилаётган жўнатмалар, посилкалар ҳам кўп ҳолларда муҳри бузилган ҳолда эгаларига берилаётгани, айрим ҳолларда эса ичидаги буюмлар йўқолаётганидан шикоятлар кўп бўлган.

Хоразмнинг Урганч шаҳридаги келин либослари салони хўжайини Роҳатой либосларни Украинадан харид қилиб, уларни почта орқали Ўзбекистонга посилка қилади.

Унинг айтишича, Киевдан юборган посилкалари ичидаги нарсалар йўқолиши кўп бўлган.

“Бир марта йўқолган кийим ўрнига Тошкент суви қўйиб қўйишган. Жўнатманинг юборгандаги оғирлиги қабул қилиб олингандагиси билан тўғри келиши керак, сув билан вазнини тўғирлаш осон. Оғирроқ келса тўкиб ташлашади”, - дейди Роҳатой.

Роҳатой ҳам ўз посилкалари Украинада эмас, Ўзбекистон ичкарисида очилган ва ичидаги нарсалар ҳам мамлакат ичкарисида йўқолган, деган гумонда.

“Ахир посилка ичидан ўзбекча ёзувли ичимлик сув чиқса, қандай қилиб бу ишни украиналиклар қилган бўлади”, - дейди Роҳатой.

Ўзбекистондаги почта идораси ходимлари эса бу тадбиркор шикояти асоссиз эканини айтмоқда.

- Кўп ҳолларда четдан мол олиб келадиганлар солиқдан қочиш учун посилка ичида бўлган ашёлар рўйхатини тўлиқ келтирмайди. Шунинг учун посилка жўнатаётганда унинг ичида бор нарсалар рўйхатини тўлиқ ёзиш керак, - дейди почта ходими.

Озодлик почта жўнатмалари камомад билан эгаларига етиб келиши, баъзида йўқлиб қолиши ҳақида илгари ҳам хабар берган.

Мирзиёев: "Ўзбекистон почтаси" ислоҳ қилиниши керак

Почта жўнатмалари, посилкалар эгаларига камомад билан етиб келаётгани ҳақидаги шикоятлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий почта тизимини ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида баёнот бериши билан бир пайтга тўғри келмоқда.

5 октябр куни ҳукумат мажлисида Мирзиёев почта тизимини даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлаган.

"Бунинг учун жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизимини ишга тушириш керак. Почта соҳасидаги энг асосий вазифа одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишдир", деган президент.

“Ўзбекистон почтаси” тизимида 2 мингдан зиёд бўлинма бўлиб, унда 7 мингдан зиёд ходим ишлайди.

Расмий рақамларга кўра, ўтган йили хориждан келган 6 минг тонна жўнатмаларнинг атиги 10 фоизи, курьерлик хизматларининг 30 фоизи миллий почта ҳиссасига тўғри келган, қолганини хориж почта хизматлари бажарган.

XS
SM
MD
LG