Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:15

Қирғизистонда "Абу Сахий" билан ҳамкорлик қилган “Раим миллион” коррупцияда айбланиб қамоққа олинди


Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Раим Матраимов қўлига кишан урмоқда. 20 октябрь, 2020 йил.
Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Раим Матраимов қўлига кишан урмоқда. 20 октябрь, 2020 йил.

20 октябрда Қирғизистон божхонасидаги катта миқдордаги коррупция билан боғлиқ журналистик суриштирувлар бош қаҳрамони – Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раим Матраимов қамоққа олинди. Бу ҳақда Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Бишкекдаги Kloop ахборот сайти 2019 йилдан бери ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувлар натижасида Раим Матраимов бир қатор коррупцион схемалар, жумладан,"Абу Сахий" карго ширкатига алоқадор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойиганлиги иддао қилиб келинаётган эди.

Бу журналистик суриштирувлар ортидан қирғиз жамияти Раим Матраимовга нисбатан тергов ўтказишни Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековдан талаб қилиб келди.

Бироқ 4 октябрда ўтган парламент сайловлари ортидан бошланиб кетган норозилик тўлқини оқибатида истеъфо беришга мажбур бўлган Сўўрўнбай Жээнбеков Раим Матраимовга нисбатан жиноят иши қўзғатиш учун фактлар етарли эмаслигини айтиб келган.

Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистон президенти лавозимидан 16 октябрда расман истеъфо берганидан тўрт кун ўтгач, қирғиз жамиятида “Раим миллион” тахаллуси билан машҳур бўлган Раим Матраимов қамоққа олинди.

4 октябрда ўтган парламент сайловлари ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари ва Сўўрўнбай Жээнбековнинг президентлик лавозимидан истеъфо бериши ортидан, Озодлик манбалари "Абу Сахий" ширкатининг Қирғизистон жанубидаги бизнеси ва юк ташувчи терминаллари фаолияти савол остида қолганини айтмоқдалар.

Норозилик тўлқинига президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг укаси етакчилигидаги “Биримдик” ва Раимбек Матраимов оиласига мансуб “Мекеним Қирғизстан” партияларининг сайловда ғалаба қозонгани эълон қилингани сабаб бўлган.


"Абу Сахий"нинг Қорасувдаги терминаллари қирғизистонлик ҳайдовчилар томонидан “блок” қилинди

Қирғизистонда 4 октябрда бошланган норозилик намойишлари фонида Ўшдаги халқаро юк ташувчи юздан ортиқ ҳайдовчи 8 октябрь куни "Абу Сахий"нинг Қорасув туман Қашқар қишлоғидаги терминалига йиғилди.

"Абу Сахий" терминалига йиғилган ҳайдовчилар олдида нутқ сўзлаган “Ҳайдовчи” бирлашмаси раиси Надир Токторов:

“Ўн йилдан бери булар бизнинг нонимизни тортиб олди, юк ташишни монополияга айлантиришди. Буларга қаршилик қилиб неча маротаба ҳукуматга мурожаат қилдик. Энди талабимиз: бу ширкатнинг автомашиналари давлат ихтиёрига ўтказилсин. Қирғизистондан юк ташиганлар мамлакатимиздан миллионлаб пулларни ўғирлаб кетишди. Сўнгги етти-саккиз йилда буларни Матраимов оиласи ҳимоя қилди”,-деб айтган.

Юк ташиш бизнесига алоқадор манбанинг Озодликка айтишича (хавфсизлик юзасидан ўз исми ошкор қилинмаслигини илтимос қилди) ўша куни уни Қорасув туман милициясига чақиришган.

-Ўшанда ҳали "Раим миллион" қамоққа олинмаган эди. Мени милицияга чақиришиб, “Миллатлараро низо чиқиб кетмасин, обрў-эътиборингиз бор, ҳайдовчилар орасида тушунтириш ўтказинг”, - деб илтимос қилишди. Гўёки, "Абу Сахий" Ўзбекистоннинг фирмаси бўлгани учун миллатлараро низо чиқиб кетиши мумкин экан. Милициянинг менга айтишича, Қирғизистон фуқаролари "Абу Сахий" юк ташувчи машиналарини босиб олишга ҳаракат қилган ва милиция Миллий хавфсизлик қўмитаси билан бу ҳаракатларнинг олдини олган,- деди манба.

Унинг таъкидлашича, Раим Матраимовнинг қамоққа олиниши тўғрисидаги хабар тарқалиши ортидан "Абу Сахий"нинг Ўш вилоятидаги терминалларидаги вазият кескин ўзгарган. Яъни, Ўш вилоятидаги терминалларда "Абу Сахий" га қарашли юк ташувчи машиналар деярли қолмаган.

Аммо бу маълумотни Озодликнинг мобил мухбири қисман рад қилди:

-Мен "Абу Сахий"нинг Қорасув шаҳридаги терминалини бориб кўрдим. Авваллари бу ерга юк ташувчи машиналар сиғмай кетар эди. 20 октябрь ҳолатига кўра, гувоҳ бўлганим, бу ерда бирорта машина йўқ. "Абу Сахий"нинг Қашқар қишлоқдаги терминалида ҳам бирорта машина йўқ. У ер ҳам бўм-бўш. "Абу Сахий"нинг Ўзбекистон билан чегарадаги “Дўстлик” терминалида икки-уч машина турибди. Мен билан суҳбатлашган юк ташувчилар буни ҳалигача "Абу Сахий" юк машиналари чегарадан навбатсиз ўткзаилаётгани билан изоҳлашди. Сўнгги воқелардан сўнг бу ердан "Абу Сахий"нинг ҳамма машиналари чиқариб кетилган.

"Абу Сахий" раҳбариятидан ширкат Қирғизистонда юзага келган муаммолар масаласида муносабат олиш имконияти бўлмади. Мазкур ширкат раҳбари сифатида Хитойда туғилган этник уйғур¸ Қозоғистон ватандоши Ҳабибулла Абдуқодир номи айтилган.

Манба: "Абу Сахий" "Раим миллион"нинг эркатойи бўлган"

Озодликка ўз исми ошкор қилиниши истамаган яна бир мустақил манбанинг айтишича, "Абу Сахий" юк ташувчилари Раим Матраимов “ҳомийлиги остида” Хитойдан Тошкентгача ҳеч қандай тўсиқларсиз етиб борган. Бу манба Хитойдан Қирғизистонга юк олиб келувчи ширкатлардан бирига алоқадор.

- Масалан, бизнинг юк ташувчи машиналаримиз божхонада диққат билан текширилади. Божхона терминалига олиб кирилган ҳар бир машина учун, бож тўловларини ҳисобга олмаганда, бир соатдан уч соатгача бўлган муддатга ўртача 40-50 доллардан ҳақ тўлаймиз. "Абу Сахий"нинг машиналари эса умуман текширилмайди, уларни ГАИ ҳам тўсмайди. Улар Ўзбекистон чегарасидан ҳам навбатсиз ўтказилади ва Тошкентгача етиб боради. Бу жараёнда эса миллионлаб бож тўловлари ўғирланади. Бу масалани энди, божхона ходимларидан сўраш керак,- деди манба.

Айни пайтда Озодликнинг ҳукумат доираларидаги ишончли манбалари "Абу Сахий" ширкатининг Раим Матраимов билан муносабатлари “нозик масала ўлароқ кўрилаётгани ва бу ширкатнинг коррупцияга алоқадорлиги тўғрисидаги иддаолар”ни тасдиқлаш терговнинг иши эканини таъкидламоқдалар.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот тизимидаги манбалари “тергов сири сифатида” ҳозирча маълумотлар очиқланмаслигини билдирдилар.

"Абу Сахий" масаласи қирғиз депутати томонидан кўтарилган

Қирғизистон парламенти депутати Айбек Алтинбеков 12 май куни ўтган Бюджет ва молия қўмитаси йиғилишида Хитой билан чегарадаги “Эргаштом” божхонасидан фақат Ўзбекистонга қарашли "Абу Сахий" ширкатининг юклари олиб ўтилаётганини, қирғиз тадбиркорларига эса юк олиб ўтишга тўсқинлик қилинаётганини айтганди.

“Тадбиркорлар бизнинг юкларни ўтказишмаётганидан шикоят қилишмоқда. Бугунги кунда фақат "Абу Сахий "фирмасининг юклари ўтаётган экан”, -деган эди депутат.

Қирғизистон божхона хизмати раҳбари Алтинбек Торутаев ўшанда депутатнинг бу баёнотини тасдиқламаган ва айни пайтда инкор ҳам қилмаган.

"Масалан, кеча “Эргаштом” божхонасидан 9 юк машинаси ўтди. Улардан бештаси Қирғизистонга тегишли, қолган тўрттаси транзит юк”, -деган эди Торутаев.

Бироқ у бу юклар қайси ширкат томонидан олиб ўтилганини очиқламаган.

"Абу Сахий" ширкати 2019 йилда Қирғизистон божхона соҳасидаги коррупцияга оид журналистик суриштирувларнинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлган.

Бир йил аввал Қирғизистон ҳукумати бу ширкатдан инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

Қирғизистонда Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари “Раим миллион” қамалди

20 октябрида Қирғизистон божхонасидаги катта миқдордаги коррупция билан боғлиқ журналистик суриштурувлар бош қаҳрамони – Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раим Матраимов қамоққа олинди. Бу ҳақда Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.

Қўмита маълумотида таъкидланишича, Раим Матраимов 2016 йилда божхона хизмати тизимида коррупциявий схемани жорий этганликда гумонланмоқда.

Раимбек Матраимов ўтган йили Озодлик қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий фигуранти бўлган.

Ўтган йили Истанбулда яшаётган уйғур миллатига мансуб тадбиркор Айеркен Саймаити Озодлик радиоси қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий манбаси бўлган эди.

У Қирғизистондаги фаолияти давомида божхона хизматидаги коррупция ва камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетгани тўғрисида маълумот берган.

Журналистик суриштирувда “коррупциялашган амалдор” қаторида Қирғизистон божхона хизмати раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Раимбек Матраимов номи айтилган.

Айеркен Саймаити ўз кўрсатмаларида Раимбек Матраимов , жумладан, бевосита Абу Сахий билан боғлиқ эканини билдирган эди.

Мазкур кўрсатмаларни берган Айеркен Саймаити 2019 йилнинг 10 ноябрида Истанбулда номаълум шахслар томонидан отиб кетилганди.

Қирғизистон парламенти 2020 йилнинг 18 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида Истанбулда ўлдириб кетилган хитойлик Айеркен Саймаити шахси билан боғлиқ маълумотларни текшириш учун тузилган депутатлар комиссияси хулосасини маъқуллаган.

Ўшанда парламент “мамлакатдан олиб чиқиб кетилган 932 млн долларнинг Қирғизистонга алоқаси йўқ, чунки бу маблағ Ўзбекистондаги “Абу Сахий” бозорида ишлаган хорижлик ва қирғизистонлик хусусий тадбиркорларга тегишли бўлган”, дея хулосага келган.

Ўлимидан аввал Истанбулда яшаб турган Айеркен Саймаити Озодликнинг қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий манбаси бўлган эди. У Қирғизистондаги фаолияти давомида божхона хизматидаги коррупция ва камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетгани тўғрисида маълумот берган.

Мазкур журналистик суриштирув ортидан Қирғизистонда коррупцияга қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтган.

XS
SM
MD
LG