Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:42

Россия Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлади. Ўзбекистон музокара олиб бормоқда


Чеклов фақат Фарғона вилоятидан келтирилаётган помидор ва қалампирга киритилган
Чеклов фақат Фарғона вилоятидан келтирилаётган помидор ва қалампирга киритилган

Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) жорий йилнинг 26 ноябридан мамлакат ҳудудига Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаб қўйди. Россельхознадзор бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида зарарли вирус аниқланганини маълум қилди.

Шу куниёқ икки мамлакат расмий доиралари ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали сўзлашувлар натижасида карантин чоралари вақтинчалик киритилгани, Ўзбекистон томони бу масалада махсус текширув ўтказиб, қисқа муддат ичида муаммо ечимини топишга тайёр экани маълум қилинди.

Россия Россельхознадзори 26 ноябрьдан Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлади. Бу хақда маълумот идоранинг расмий сайтида эълон қилинди.

Россельхознадзор матбуот хизмати қайдича, бу чора Ўзбекистоннинг мазкур ҳудудидан келтирилган помидор ва қалампирларда мева вируси (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV)) аниқлангани важидан кўрилган.

Озодлик билан суҳбатда ташкилот расмийлари зикр этилган вируснинг Россия ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, карантин ва ўсимликларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенция моддаларига асосланган ҳолда, Фарғонадан помидор ва қалампир импорт қилишга чеклов киритилганини билдирди.

Россия чегарасидаги асосий фитосанитария назоратини олиб борувчи Саратов вилояти Россельхознадзор бошқармасининг Карантин бўлими ходимаси чекловлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига тегишли эмаслигини таъкидлади:

- 26 ноябрдан томат ва қалампирларни олиб киришга чеклов қўйилди, чунки унда вируслар аниқланди. Қачонгача тақиқ амал қилиши номаълум. Чеклов фақат Фарғона вилоятидан келтирилаётган помидор ва қалампирга қўйилган. Фарғонадан қолган маҳсулотлар ва бошқа вилоятлардан барча мева-сабзавот тегишли сертификатлар асосида бемалол олиб кирилаверади, - деди Саратов вилояти Ветеринария ва фитосанитария назорати бошқармаси расмийси.

Айни дамда 26 ноябр куниёқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати раҳбарияти ўртасида телефон орқали музокаралар бўлиб ўтгани хабар қилинди.

Россельхознадзор расмий хабарига кўра, Ўзбекистон томони қисқа муддат ичида кўрсатилган вирус масаласида тафтиш ўтказиши ва натижалар бўйича Россельхознадзорга маълумот беришини билдирган. Шунингдек, ўзбек расмийлари Россия Федерациясига олиб кирилаётган ўсимлик маҳсулотларининг фитосанитария сертификатлаштирилиши жараёнини қайта кўриб чиқишни, нафақат тайёр маҳсулот, балки ўсимлик уруғларини ҳам жиддий лаборатория текшируви остига олишга тайёр эканини маълум қилди.

Ўзбекистон Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ўсимликлар карантини соҳасида фаолият юритаётган ўз лабораториялари мутахассислари малакаларини оширишда манфаатдорлик билдиргани маълум бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бу йили 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилди (2019 йилда бу кўрсаткич 19,2 фоизни ташкил этган).

Охирги бир неча йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кескин кўпайтирган Ўзбекистон 2020 йил давомида Россия Федерациясига мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича Туркия, Марокаш ва Мисрдан узиб, Хитойдан кейинги иккинчи ўринга кўтарилди.

Ўзбекистон Россияга энг кўп экпорт қиладиган мева-сабзавотлар учлигига помидор (19,3%), карам (13,8%) ва лимон (8 %) киради.

Бугунга келиб Ўзбекистон 80 мамлакатга 180 хилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беради.

XS
SM
MD
LG