Murad Buildings компанияси асосчиси Мурод Назаров ва унинг яқин бизнес ҳамкори Жаҳонгир Ортиқхўжаев асосчиси бўлган “Tаshkent city” дирекцияси ўртасидаги баëнотлар тўқнашуви Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг қурилиш соҳасида нормага айланган иккиюзламачилик (double standard)ни очиққа олиб чиқди.
7 июнь куни Мурод Назаров Rost24.uz мухбирига Taskent city ҳудудида қурилган ва қурилаëтган бинолардан бирортасининг ҳалигача “тегишли қуйи идоралар тасдиғидан ўтмагани”ни айтди.
9 июнь куни Назаровга раддия беришга уринган “Tаshkent city” дирекцияси бу гапни “ассосиз”га чиқаришга уринди. Tashkent Cityдаги биноларнинг барчасида давлат қабул қилиш далолатномаси борлигини иддао қилган дирекция бу далолатномалардан бирортасини жамоатчиликка тақдим қилмади.
Ўзбекистоннинг амалдаги шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ “барча қурилиш объектлари учун лойиҳаларнинг смета қисмини экспертизадан ўтказиш мажбурий”; объектларни лойиҳа-смета ҳужжатларини параллел равишда ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилиш эса тақиқланади.
Айни пайтда¸ Мирзиëев ва Ариповнинг махсус фармон ва қарорлари билан миллиардлаб долларлик қурилиш лойиҳаларининг бундай чеклов ва тақиқни четлаб ўтишига рухсат берилмоқда. Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат лойиҳа – жорий тортишув марказига тушган 2 миллиард долларлик Tashkent City ана шундай қурилишлардан бири.
Очиқ манбалар ва Озодлик ихтиëридаги айрим махфий ва ярим махфий ҳужжатлар бундай “истисно”ларнинг айнан президент ва Бош вазирга яқин шахс ва гуруҳларгагина берилаëтганини кўрсатади.
Мурод Назаровнинг иқрори
Мурод Назаровнинг Murad Buildings бренди билан танилган «Universal Packing Masters» компанияси Tashkent Cityнинг 4-лоти¸ ундаги энг баланд Nest One турар-жой мажмуаси қурувчисидир.
Ўзбекистонда энг кўп реклама қилинаëтган айни шу Nest One мажмуаси Мирзиëев ташаббуси билан қурилган Tashkent City лойиҳасининг ўзига хос визит картасига айлантирилган.
Актив сейсмик ҳудудда қурилган баландлиги 266¸5 метрли¸ 51 қаватли бу турар-жой комплексининг лойиҳа-смета ҳужжатлари¸ унинг деярли қуриб битирилганига қарамай¸ ҳалигача тегишли идоралар тасдиғидан ўтмаган.
7 июнь куни маҳаллий Rost24.uz мухбири Назаровдан шаҳарсозлик ва қурилиш нормаларидан бундай оғиш борасида изоҳ сўради.
Саволга савол билан жавоб бераркан Назаров¸ Tashkent City ҳудудидаги бирорта бинонинг бундай тасдиқдан ўтмаганини билдирди ва буни “махсус ҳудудга” ҳукумат берган махсус имтиëзлар билан изоҳлашга уринди.
“Taskent city ҳудудидаги қайси бино тасдиқдан ўтганига жавоб берсангиз кейин мен жавоб бераман. Бу ҳудуд махсус ҳудуд, бу жойда паралел лойиҳалаштириш ва паралел ишларни олиб бориш рухсати билан ташкил қилинган жой. Фақат Nest one эмас, балки битган Hilton меҳмонхонасининг ҳужжатлари ҳозир ҳам тайёрланмоқда”.
Тасдиқ раддия...
Бу видеожавоб эълон қилинганидан икки кун ўтиб¸ 9 июнь куни “Tаshkent city” халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси расмий пресс-релиз чиқарди.
Унда “Murad Buildings” компанияси асосчиси Мурод Назаровнинг қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар юзасидан билдирган фикрлари хақиқий ҳолатга тўғри келмайди ва асоссиз ҳисобланади”¸ дейилди.
Айни пайтда¸ раддия сифатида тақдим этилган пресс-релиз Мурод Назаровнинг махсус ҳудуд сифатида Tashkent City учун махсус қоидалар қўлланилиши ҳақидаги гапини инкор қилмади¸ балки тасдиқлади.
Дирекция¸ Мирзиëевнинг бир фармон ва бир қарори билан “Tashkent city” халқаро ишбилармонлар маркази доирасида инвесторлар лойиҳаларни “fast-track” усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартларида амалга оширишга рухсат берилган”нини тилга олди.
Пресс-релиз шунингдек¸ аллақачон эксплуатацияга топширилган Tashkent Cityдаги объектларни лойиҳалаштиришнинг “маҳаллий қурилиш нормаларига босқичма-босқич мувофиқлаштирилган (адаптация) ҳолда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш” жараëни ҳамон тугамаганини ҳам эътироф этди.
Баëнотда “Tаshkent city” халқаро ишбилармонлик марказида жойлашган “Хилтон” меҳмонхонаси ва Конгресс-холл маркази 2019 йил декабр ойида, “Gardens Residence”, “Boulevard” турар жой мажмуалари тегишлича 2020-2021 йилларда ўрнатилган тартибда босқичма-босқич давлат қабул қилиш далолатномаси асосида фойдаланишга қабул қилинган”¸ дейилади. Аммо дирекция жамоатчиликка ўз иддаосини тасдиқловчи бирор далолатномани тақдим қилмади.
Тилга олинган бу бинолар 2019 йил 9 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими¸ Tashkent City лойиҳасининг бош қурувчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан Шавкат Мирзиëевга "битган қурилиш" сифатида тақдим этилган эди.
Махсус лойиҳаларга берилаëтган махсус истиснолар
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йил 27 декабрь куни 1666-сонли қарор чиқарган.
Ҳужжат “Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган.
Қарор билан мамлакатдаги қурилишлар сифат ва хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида бир қатор кескин чекловлар жорий қилинди.
Хусусан, “молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, объектларни лойиҳа-смета ҳужжатларини параллел равишда ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилиш¸ тегишли ваколатларга эга бўлмаган шахсларнинг қурилиш жараёнига ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишига аралашуви қатъиян тақиқланди”. Шунингдек¸ “объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда белгиланган тартибнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка, шу жумладан жиноий жавобгарликка тортиладиган” бўлди.
Каримов қарорида “объектларни параллел равишда лойиҳалаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилишга истисно тариқасида, фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолдагина йўл қўйилади” дейилган бўлса-да¸ бу истиснонинг амалиëтда кенг қўлланилгани маълум эмас.
Бу қарор ижросини назорат қилиш ўшандаги Бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилди.
Мирзиëев президентликка келганидан кўп ўтмай¸ 2018 йил апрелида бу қарор кучини йўқотди. Унинг ўрнига 2018 йил 14 ноябрда Мирзиëевнинг“Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган фармони чиқди.
Бу фармон билан 2018 йил 1 декабридан “пудрат ташкилотлари ва лойиҳа ташкилотлари ўртасида консорциум ташкил этиш ҳамда консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарликни юклаш орқали «fast-track» усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан «тайёр ҳолда топшириш» шартлари (Engineering Procurement Construction) асосида лойиҳаларни амалга оширишга йўл қўйилади”ган бўлди.
Бу истисно эса¸ Озодлик кўрган кўплаб махфий ва ярим махфий ҳукумат қарорларида¸ давлат пули¸ давлат кафолати билан олинган қарз ҳисобига танлов ва тендерсиз қилинаëтган қурилишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларисиз бошланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Махсус қарорлар билан рухсат берилаëтган бундай “махсус қурилишлар” қуриб битирилиб¸ эксплуатацияга топширилганида ҳам лойиҳа-смета ҳужжатларининг ҳамон тайëр бўлмагани¸ Мурод Назаров эътироф этган янги нормага айланмоқда.
Нафақат Tashkent City, балки Мирзиëев келганидан кейин амалга оширилган энг йирик лойиҳалар¸ хусусан¸ Оҳангарондаги Шоввозсой дам олиш мажмуаси¸ Тошкент Металлургия комбинати¸ Самарқанд халқаро аэропорти ва шаҳарда қурилаëтган улкан “Боқий шаҳар” комплексига айнан шундай “махсус ҳудуд¸ махсус лойиҳа” мақоми берилган. Сўнгра айни шу асосда¸ уларнинг шаҳарсозликнинг фундаментал нормаларига зид равишда¸ на техник¸ на молиявий ҳисоб-китоблар ҳозирланмай туриб қурилишига рухсат берилган.
Бундай имтиëз ва исниснолар Озодлик кўрган ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича¸ асосан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев¸ Қурилиш вазири Ботир Зокиров¸ “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангинов¸ самарқандлик олигарх Бахтиëр Фозиловга қарашли хусусий компаниялар¸ шунингдек¸ Ўзбекистондаги қурилишлар “бош ижрочи ва назоратчиси” - Бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматовга бўйсунувчи давлат корхоналарига берилмоқда.
Айни шу амалдор ва олигархлар Шавкат Мирзиëев ва биринчи оилага энг яқин шахслар ҳисобланади.