Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Ўзбекистонда Интернет тезлиги пасайиши ортидан VPN иловаларини кўчириб олиш кўпайди


Ўзбекистонда бир неча ижтимоий тармоқ фаолияти чекланганидан кейин VPN иловаларини Интернетдан кўчириб олиш кескин кўпайди. Ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар тармоқ тезлиги кескин тушиб кетганидан шикоят қилмоқда.

Айни пайтда мамлакатда виртуал тармоқни чекловчи қонунлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонда VPN иловаларини кўчириб олувчилар кўпайди

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар тезлиги кескин туширилганидан кейин Virtual Private Networkка (Виртуал Шахсий Тармоқ - VPN) эҳтиёж кескин ошиб кетди.

App Annie мобил таҳлил хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистонда охирги бир ҳафта ичида мобил VPN кўчириб олиш ҳолатлари кескин кўпайган. App Store виртуал дўконида VPN иловалари энг кўп кўчирилган хизматлар ўрнини, Google Playда эса улар биринчи учликдан жой олди.

VPN ҳимоясига эҳтиёж Ўзбекистонда TikTok, Twitter ва “ВКонтакте” тармоқларининг фаолияти 2 июлдан бошлаб чекланганидан кейин оша бошлади.

App Annie келтираётган графикдан VPN иловалари, чекловлар жорий этилишидан олдин, Ўзбекистонда кўчирилаётган дастурларнинг 50-талигига ҳам кирмаганини кўриш мумкин.

Охирги маротаба VPN иловаларига бўлган қизиқишнинг ортиши ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларда 2018 йилда Facebook ва YouTube каналлари блокланганида кузатилган эди.

Айрим ижтимоий тармоқлар, айниқса Телеграм каналларда “VPNдан фойдаланиш ва уни юклаб олиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги” тўғрисида маълумотлар тарқала бошлади. Аслида эса бундай жавобгарлик Ўзбекистон қонунчилигида мавжуд эмаслиги маълум.

Жорий йилнинг 20 майидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларида ўрнатилган ҳимоя тўсиқларини четлаб ўтиш мақсадида анонимайзер ва “VPN” хизматларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган эди, холос.

"2016 йилги ҳолатга қайтдик!"

2021 йилнинг 5 июлида Озодлик боғланган бухоролик блогер Зуҳриддин Рашидов тармоқда айрим иловалар секин ишлашни давом этаётганига эътиборимизни қаратди:

- VPN яна ишлатяпмиз мажбуран. 1 июль 01:15 дан Ютубдан скачать қилаётган эдим киноларни. Тезлик тариф режага мувофиқ 100-мбит/с, файл кўчириб олиш тезлиги 11-мегабайт секундига эди. Кейин соат 01:15 да Интернет узилиб колди. Умуман ишламади соат 04 гача. Ҳозир тезлик 4-килобайт секундига (32-кбит/с) тушган Тикток, Твиттер, Фейсбукда.
Масалан, ВКонтакте тезлиги видео онлайн кўришда 100-килобайт секундига тушиб кетган. Сайт ёмон очилади. Сайт очилаётганида тезлик нолга тушиб кетади.

Ўзбекистонлик тармоқ фойдаланувчиси айрим Интернет провайдерлар VPN дан фойдаланганларни блоклаб қўяётганидан шикоят қилди.

- Humans.uz деб аталувчи мобил Интернет провайдер бор. Бу провайдер VPN ва торрент-трекерлардан фойдалансангиз блоклаб қўйяпти номерингизни. Сиз уч марта блоклансангиз умуман блокланиб, судга ҳам бериши мумкин! Бу энг арзон Интернет ўтказувчи – 50 минг сўмга безлимит беради. Лекин VPN ишлатсангиз блоклаяпти! Қолган барча провайдерлар эса “Ўзкомназорат” назорати остида, деди Зуҳриддин Рашидов.

Суҳбатдош 5 йил олдинги ҳолат такрорланаётганини эслатди.

Блогер Зуҳриддин Рашидов Озодлик илтимосига биноан Ўзбекистон ичкарисидаги Интернет ҳолатини текшириб кўрди:

Ўзбекистонда қатор ижтимоий тармоқлар секинлаштирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:39 0:00

Ҳукумат ижтимоий тармоқларга қарши ҳужумга ўтди

Ўтган ой Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ТiкТок фойдаланувчиларини Амир Темур ва шоир Алишер Навоийга қўйилган тарихий обидаларни ҳақорат қилганликда айблаб, уларни танқид қилганди.

- Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, “Мотамсаро Она” ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди, деган эди президент.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси назорати бўйича давлат инспекцияси “Ўзкомназорат” "шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" сабабли баъзи ижтимоий тармоқларнинг ишини чеклаб қўйганини расман эълон қилди.

Ижтимоий тармоқларни сазойи қилишга бошқа давлат амалдорлари ҳам киришди.

Масалан, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ёшлар кўпроқ китоб ва газеталарни ўқишлари учун ижтимоий тармоқларни бир ойга блоклаб қўйишни таклиф қилди. Наманган вилоят ҳокими ёшларни спорт билан кўпроқ шуғулланиш, ота-онасидан кўпроқ дуо олиш ва ҳамсуҳбат бўлиш ҳамда “каллаларини бефойда хабарлар билан тўлдирмаслик”ка даъват қилди.

16 апрелдан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган эди. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинаётгани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар қилган эди.

"VPN ва прокси ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди, афсус!"

Интернет тармоқларни тўлиқ назоратга олиш Россия ҳукумати томонидан ҳам анчадан буён амалга оширилиб келмоқда.

Хусусан, номақбул ва танқидий сайтларни блоклаш ёки “экстремистик” деб тамға босиш, серверлар ва шифрларга “доступ” беришни сўраб чиққан рус амалдорлари бу чекловларни қонунлаштириб ҳам қўйди.

Кузатувчилар охирги пайтларда Ўзбекистонда Мирзиёев ҳукумати томонидан Интернетга тўсиқ қўйиш учун жорий этган қонун ва қарорларни Россия ҳукумати қонунчилигидан кўчирма, дея баҳоламоқда.

Россияда Интернет эркинлиги учун курашиб келаётган “Роскомсвобода” жамоатчилик ташкилоти мутахассислари Интернет яхлитлигини бузиш ҳолатлари бирқанча авторитар давлатларда кузатилишини айтиб келади.

“Роскомсвобода” эксперти Вадим Мисбах-Соловьев Озодлик билан суҳбатда VPN ва унинг соддароқ кўриниши бўлган проксилар МДҲ мамлакатлари ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганидан афсус билдирди:

- Ҳақиқатан, турли VPN технологияларидан мобил мосламаларда фойдаланиш нафақат Ўзбекистонда, Хитой, Россия, Беларусь каби давлатларда кенг тарқалмоқда. Бу давлатлар ҳукуматлари Интернет душманларига айланиб бормоқда. Аслида VPN технологияси конкрет вазифаларни бажаришга қаратилган, жумладан блокланган сайтларни айланиб ўтишга. Афсуски, улар ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бормоқда. Трафик таҳлили, секинлатиш ва блоклаш учун профессионал қурилмалар жуда қиммат туради ва уни ошхонангизда ясай олмайсиз. Қизиғи, бу маблағлар ўша давлатда Интернетни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган бўлиши мумкин эди.

Ўзбекистонда жорий этилаётган тармоқларни чекловчи қонунлар муаллифлари уни Россиядан сўзма сўз кўчираётгани ва айрим ҳолларда, керакли қонунлар қўл остидаги депутатлар орқали қабул қилинаётганини мутлақо инкор этмайман, деди IT-технологиялари мутахассиси.

Озодлик олдинроқ Ўзбекистон ҳукумат идоралари ва ташкилотлари порталларидаги бутун маълумотлар Россия ҳудудидаги серверларда сақланиши тўғрисида хабар қилганди.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг август ойидан бошлаб 1,5 йил давомида Facebook, YouTube ва ВКонтакте ижтимоий тармоғи тўсиб қўйилган, лекин ўзбекистонликлар VPN орқали бу тармоқлардан фойдаланишда давом этган эди.

2019 йилнинг 19 февралидан бошлаб, ушбу тармоқлар тўсиқсиз ишлай бошлаганди.

XS
SM
MD
LG