Нукусда комендантлик тартибини бузган 110 нафар фуқаро ушланди
Миллий гвардия матбуот котибининг 4 июль куни АОКАда ўтган брифингда маълум қилишича, Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилингандан сўнг, комендантлик тартибини бузган 110 нафар киши ушланган. 12 та транспорт воситаси жарима майдонига қўйилган.
Жумладан, Нукус шаҳрида патруллик хизмати давомида комендантлик соатига риоя қилмаган 58 нафар киши ушланган.
Улардан 28 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 204-моддаси (Фавқулодда холат тартибининг талабларини бузиш) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Қолганлар билан пррофилактика суҳбатлари ўтказилиб, соат 7:00 дан кейин қўйиб юборилган.
Норозиликлар ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилган. Фавқулодда ҳолат 3 июль соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 га қадар давом этади, бу даврда соат 21:00 дан 7:00га қадар комендантлик соати жорий этилди. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев комендант этиб тайинланган.
Фавқулодда ҳолат тартиби Тошкент – Нукус авиақатнови жадвалига ҳам ўзгартиш киритди
Қорақалпоғистонда бир ойга фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилиниши ортидан Тошкент-Нукус-Тошкент йўналиши бўйлаб авиақатнов вақтига ўзгартириш киритилган.
Uzbekistan Airways ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йил 4 июлидан 2 августига қадар HY017/018 рейслари Тошкентдан Нукусга аввалгидай соат 20:00 да эмас, балки соат 16:20 учиб, Нукусга соат 18:00 да (аввал учоқ Қорақалпоғистон марказига соат 21:40 да қўнар эди) етиб боради, Нукусдан эса учоқ Тошкентга соат 18:50 да (22:30 ўрнига) қайтиб, Ўзбекистон пойтахтига соат 20:10 да (23:50 ўрнига) етиб келади.
Uzbekistan Airways вакиллари жадвалга киритилган ўзгартиш сабабини очиқламаган бўлсалар-да, бунинг Қорақалпоғистонда якшанбадан бошлаб амал қила бошлаган фавқулодда ҳолат тартиби билан боғлиқлигини тахмин қилиш қийин эмас.
Қорақалпоғистонда президент фармони билан шу йил 3 июлидан 2 августигача фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ҳужжатга мувофиқ, фавқулодда ҳолат даврида соат 21:00 дан соат 7:00 га қадар комендантлик соати жорий этилган.
Чавушўғли Туркия расмий Тошкентнинг Қорақалпоғистонда хавфсизликни таъминлашга оид ҳаракатларини қатъий дастаклашини билдирди
Туркия Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлаш, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли 4 июль куни ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан телефон орқали мулоқот чоғида билдирган.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлақонли амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон ва Туркия бош дипломатлари икки ва кўп томонлама шаклдаги режалаштирилган тадбирларнининг ташкилий ва мазмуний жиҳатларини кўриб чиққанлар. Шу жумладан, мулоқот пайтида Тошкент шаҳрида ўтказилиши кутилаётган ташқи сиёсат, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул идоралар раҳбарлари даражасидаги “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” уч томонлама учрашувига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинган.
HRW: Қорақалпоғистондаги воқеалар Мирзиёев ҳукумати учун синов бўлади
“Қорақалпоғистонда 18 киши ҳалок бўлиб, 240 дан ошиқ одам жароҳатланган ғалаёнлар очиқ ва мустақил текширилиши керак”, деб баёнот берди Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти.
Ташкилотнинг минтақавий директори Ҳю Уилямс: “Ўзбекистон ҳукумати эндиги жараёнларга қандай ёндашиши президент Шавкат Мирзиёев учун синов. Мамлакат қанчалик олға силжиганини ҳукумат инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини нақадар ҳурмат қилишидан билиб оламиз",- деб айтган.
HRW баёнотида Нукусдаги тартибсизликлар ва тўқнашувлар тафсилотлари ноаниқ қолаётганига, жумладан, ҳукумат мазкур минтақада интернет алоқасини узиб қўйгани сабаб бўлаётгани қайд этилади.
“Бундан ташқари воқеаларни ёритган журналистлар қўлга олингани ва таъқиб қилинаётгани тўғрисида маълумотлар мавжуд” дейилади баёнотда.
Ташкилот, шунингдек, Ўзбекистонда мустақил суд тизими йўқлигини, куч ишлатар тузилмаларда эса маҳбусларни қийноқларга солиш ҳолатлари кенг тарқалгани ва бундай ҳолатлар камдан кам ҳолатлардагина тергов қилинишини таъкидлайди
HRW Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда интернет алоқасини зудликда тиклашга, журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирган.