Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:29 24.1.2023

Зеленский: Кимдир бугун кетади, кимдир эртага

Зеленский куни кеча Россия босқинидан кейин қарийб бир йил давом этган коррупция айбловлари ортидан, жорий ҳафта ҳукумат ва хавфсизлик кучлари таркибида кадрлар алмашинуви бўлишини маълум қилганди.

“Вазирликлар ва марказий тузилмалар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида турли даражада кадрлар алмашинуви бўйича аллақачон қарорлар қабул қилинди. Кимдир бугун, кимдир эртага кетади”, деди Зеленский.

Бундан ташқари президент мансабдор шахсларнинг хорижга чиқиш тартибида ўзгариш бўлишини ҳам маълум қилди:

“Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши мансабдор шахсларининг хорижга чиқиши бўйича алоҳида қарор бор. Бу марказий ҳокимият органлари ва маҳаллий ҳокимият органларининг барча мансабдор шахсларига тааллуқли. Бу ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, депутатлар, прокурорлар умуман мамлакат учун ишлаши керак бўлган барчага тегишли. Кимки ҳозир дам олишни истаса, давлат хизматидан ташқарида дам олади. Энди амалдорлар хорижга дам олиш ёки бошқа мақсадларда чиқа олмайди”.

Зеленский аввалроқ, мансабдорлар ўртасида пора бериш билан боғлиқ қатор айбловлар кўпайиб бораётгани ортидан, коррупциянинг барча кўринишларига қарши курашишга ваъда берганди.

19:28 24.1.2023

Россиядан чиқиш мартдан чекланиши мумкин

Россияликларга ва мамлакатдаги чет элликларга 1 мартдан бошлаб, автомобилда чегарани кесиб ўтиш санаси ҳамда вақтини олдиндан банд қилиш мажбурияти юкланиши мумкин.

Давлат Думасининг транспорт қўмитаси раиси Евгений Москвичёв “Автомобиль йўллари ва йўл фаолияти тўғрисида”ги қонунга айни мазмунда қўшимча киритишни таклиф қилди.

Янги қоида ташувчиларга ҳам, оддий фуқароларга ҳам тааллуқли бўлади.

“Россиялик ташувчиларга, чет эллик ташувчиларга, Россия фуқароларига, чет эл фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва бошқаларга тегишли транспорт воситаларининг РФ чегараларидан ўтиши банд қилинган сана ва вақтда РФ ҳукумати томонидан ўрнатилган тартибда амалга оширилади”, дейилади ҳужжатда.

Ўзгариш 2023 йил 1 мартдан жорий этилиши кутилмоқда. Ҳайдовчилар сана ҳамда вақтни электрон ташув ҳужжатлари давлат ахборот тизими орқали банд қилишлари мумкин.

Улар аллақачон брон қилинган слотлардан ташқари исталган сана ва вақтни танлашлари мумкин бўлади. Тасдиқ электрон почтага ёки СМС кўринишида келади.

19:26 24.1.2023

“Украинада 12 мингдан ортиқ рус ҳарбийси ҳалок бўлди”

Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери Украинада 12 200 нафардан ортиқ рус ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, шундан 800 нафарини сафарбар қилинганлар ташкил қилади.

Ушбу рақамлар ВВС рус хизмати ва “Медиазона”нинг қўшма суриштирувида келтирилган.

Журналистлар 23 январь ҳолатига кўра ҳалок бўлган 12 225 нафар россияликка доир маълумотларни тасдиқлашга муваффақ бўлганлар.

Сўнгги уч ойда ўлганларнинг аксарини сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳкумлар ташкил қилади. Украинада ўлгани тасдиқланган 12 225 нафар ҳарбийдан 1627 нафари ёки қарийб 15 фоизи офицерлар бўлиб, улар орасида тўрт генерал ва 52 полковник бор.

Журналистлар очиқ манбаларни ўрганиб, 23 январь ҳолатига тасдиқланган ўлимлар сони бўйича Краснодар ўлкаси биринчи ўринда (551 киши) эканини аниқлашди.

Қайд этилишича, ушбу ҳудуддан урушда ўлганларнинг 40 фоизи ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда маълум қилинмаган, журналистлар уларнинг ўлимидан маҳаллий қабристонлардаги янги қабрларни ўрганиш натижасида хабар топганлар.

Урушда берган қурбонлари сони бўйича иккинчи ўринда Свердловск вилояти турибди – ушбу вилоятдан жўнаган ҳарбийлардан 419 нафари Украинада ҳалок бўлган. Ўлган ҳарбийлар сони бўйича учинчи ўрин Доғистонга тегишли – 397 киши.

19:25 24.1.2023

Жонсон: Ғарб олами танкларини тагига яшириб нима қилади?

Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон 22 январь куни кутилмаганда Киевга бориб, Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашганди.

Жонсон, Украинага сафарида Киев чеккасидаги Бородянка ва Буча шаҳарларига ҳам борганди. Бу икки шаҳар урушнинг дастлабки босқичида Россия қўшинлари содир этган ваҳшийликлар марказига айланган.

Бу ташрифидан сўнг Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон, Ғарб мамлакатларини Украина Россия агрессиясига қарши кураш учун сўраётган барча қуролларни зудликда Киевга етказиб беришга чақирди.

Жонсон Британиянинг Daily Mail газетасида эълон қилган мақоласида Киев яқинидаги Буча ва Бородянка шаҳарчаларига сафари таассуротларини баён қилган.

Жонсон, хусусан, Германиянинг Украинага “Леопард” танкларини бериш масаласида иккиланаётганига эътибор қаратар экан: “Биз нимани кутяпмиз ўзи, жин урсин?” дея савол қўйган.

“Ғарб олами танкларини тагига яшириб нима қилади? Шимолий Рейн-Вестфалияни мудофаа қиладими? Теннессини қўриқлайдими? Ёки Уилтшир қишлоқларини кезадими?” деб ёзган у истеҳзо билан.

Жонсоннинг фикрича, Ғарбнинг қурол-аслаҳа етказиб беришидан мақсад Украинанинг мамлакат жанубидаги қарши ҳужумини таъминлаш бўлмоғи лозим. Собиқ бош вазир Украина Қримга қуруқлик орқали элтувчи йўлакни тўсиб қўйган тақдирда урушда ғалаба қозонган бўлур эди, деб ҳисоблайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG