Буюк Британия Мудофаа вазири Украинага "зирҳ ва танклар" кераклигини айтди
Буюк Британия Мудофаа вазири 1-феврал чоршанба куни мамлакат Украинани зирҳ ва танклар билан таъминлашга эътибор қаратганини айтди.
31-январ, сешанба куни Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг матбуот котиби Украинага самолётларни юбориш тўғри бўлмаслигини айтди, чунки уларни бошқаришни ўрганиш учун бир неча ой керак бўлади.
Уоллеснинг айтишича, Британия самолётлари жуда мураккаб ва уларни Украинада қўллаш қийин:
“Уларга ҳозирда зирҳ ва танклар керак. Ўйлайманки, биз реактив самолётлар жангда ғалаба қозонишнинг навбатдаги талаби бўлишига ишончимиз комил бўлиши керак. Аммо ҳозирча биз танкларга, қуруқликдаги жангга эътибор қаратганмиз деб ўйлайман", деди у.
Ғарбнинг танклар бўйича ваъдасини қўлга киритганидан сўнг, Киев яна қурол-яроғ, жумладан, АҚШнинг Ф-16 каби реактив қирувчи самолётларини сўрашни давом эттирмоқда.
Зеленский: Украина шарқида вазият кескинлашмоқда
Владимир Зеленский тунги видеомурожаатида Россия қўшинлари ҳужуми кучайгани сари Украина шарқида фронт чизиғида вазият кескинлашаётганини билдирди.
«Бугунги кун мамлакатимиз учун самарали бўлди. Айни дамда Украинани заифлаштиришга уринаётганларга қарши кураш борасида ҳам. Биз ҳеч кимга давлатимизни заифлаштиришига йўл қўймаймиз. Бугун қонун ва давлат устуворлигини кўрсатган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига миннатдорлик билдираман. Шунингдек, Украина ҳукуматидан ҳам кадрлар масаласидаги тезкор ҳаракати учун миннатдорман. Бугун божхона раҳбарлари ишдан бўшатилди. Ишдан олинганларнинг айримларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди».
Зеленский коррупцияга қарши курашиш учун қанча керак бўлса, шунча кадрларни алмаштиришга тайёрлигини билдирди. У шунингдек, мудофаа вазирлигининг ҳалол бўлиши зарурлигини ҳам таъкидлади.
«Афсуски, шундай соҳалар борки, у ерда қонунийликни кафолатлашнинг ягона йўли юқори мансабдор шахсларни ўзгартириш, институционал ўзгаришларни амалга ошириш», — деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Россия асосий нишони бўлган Бахмут шаҳрининг шимоли ва жанубидаги муваффақиятлари ҳақида эълон қилган ҳолда, тобора олға бораётганини кўрсатмоқда.
Лавров: Биз Украина можароси тугашини истаймиз, шу билан бирга Ғарбга ҳам жавоб берамиз
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Кремл назорати остидаги Россия -24 телеканалига берган интервьюсида Россия кучлари Киевга узоқ масофага мўлжалланган Ғарб қуроллари етказиб берилишига жавобан Украина кучларини Россия чегараларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилишини айтди.
Лавров барча Украинадаги можарога барҳам беришни исташини, бироқ Ғарбнинг Киевни дастаклаётгани Россиянинг можарога ёндашишувида муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
«Модомики, биз Украина артиллерияларини бизнинг ҳудудларимизга таҳдид сола олмайдиган масофага қайтаришга интилаётган эканмиз, Киевга қанча кўп узоқ масофага мўлжалланган қуроллар етказиб берилса, бизга таҳдид солмаслиги учун уларни шунчалик узоқроққа чекинтиришимиз керак бўлади», - деди Лавров.
Лавров АҚШни «Шимолий оқим»қувуридаги портлашларга алоқадорликда ҳам айблади:
“Ўтган йил давомида содир бўлган воқеалар ҳамда аниқлаганларимиз ҳақида ҳисобот тайёрлаяпмиз. Бу фақатгина АҚШнинг ҳарбий биологик дастурлари борасидагина эмас. Улар бунга алоқалари йўқлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, ҳисобот АҚШнинг Шимолий Оқим қувурларидаги портлашларга бевосита алоқадорлиги билан ҳам чекланиб қолмайди. (АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари) Виктория Нуланд хоним аллақачон буни тан олган). АҚШ ҳукмронликка эришиш учун йўлида қилган кўплаб найрангларни келтириб ўтишимиз мумкин."
Лавров ўз даъволарига ҳеч қандай далил келтирмади.
Владимир Путин аввалроқ Британияни газ қувурларини портлатишда айблаган, Лондон эса буни рад этган эди.
Александр Невзоров сиртдан 8 йилга ҳукм қилинди
Москванинг Басманний тумани суди журналист Александр Невзоровни Россия армияси ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатишга (Россия ЖКнинг 207.3-моддаси 2-қисми “д” банди) доир иш бўйича 8 йилга сиртдан озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Настояшчее время” хабар бермоқда.
Мазкур жиноят иши Невзоров Россия ҳарбийлари 2022 йилнинг мартида, Мариуполь қамали чоғида шаҳар туғруқхонасини қасддан ўққа тутгани, натижада камида бир ҳомиладор аёл қурбон бўлгани ҳақида гапирганидан сўнг қўзғатилган эди.
Туғруқхонага зарба берилганини воқеа жойида бўлган мустақил журналистлар, қолаверса муассаса шифокорлари ва беморлар ҳам тасдиқлашди, бироқ Россия расмийлари зарба гўё Украина ҳарбийларининг позицияларига йўлланганини иддао қилишмоқда.
Шунингдек, тергов талқинича, журналист ўтган йилнинг март ойидан май ойига қадар ўз телеграм-каналида, ютуб-каналида ва инстаграмда Россия ҳарбийларининг Мариуполь ва Бучадаги жиноятларига доир ёлғон маълумотлар аралашган матн ва роликларни қасддан тарқатган.
Сиртдан чиқарилган ҳукм Невзоров Россияга қайтган тақдирда дарҳол ҳибс қилиниб, қамоққа жўнатилишини билдиради. Жазо муддати у қўлга олинган ёки Россияга экстрадиция қилинган кундан бошлаб ҳисобланади. Шунингдек, суд айблов томони илтимосига биноан, Невзоровга тўрт йил давомида интернетда хабар ва видеолар эълон қилишни тақиқлади.
Ҳукм ўқилишидан бир кун аввал прокурор Невзоровга 9 йиллик қамоқ жазосини сўраганди.
Невзоров Украина босқин бошланганидан сўнг чет элга чиқиб кетган. Россия ИИВ ўтган йилнинг 4 майида уни қидирувга берган, 6 май куни эса Басманний суди уни сиртдан қамоққа олган.
Невзоров 2012 йилги президент сайловида Владимир Путиннинг вакили бўлган эди, бироқ ҳозирги кунда у Қрим Украинага қайтарилишини ва Донбасс тўлиқ озод этилишини талаб қилиб келади. 2022 йилнинг апрелида Россия Адлия вазирлиги Невзоровни “хорижий агент-ОАВлар” рўйхатига киритган.