Украина бош штаби: Россия йўқотишларга қарамай ҳужумларни тўхтатмаяпти
Россия қўшинлари Донецк вилоятининг бир қанча ҳудудларида катта йўқотишларга қарамай, ўз ҳарбий ҳаракатларини секинлаштирмаяпти.
Россиянинг сўнгги 24 соат давомидаги ҳужумлари асосан тўрт йўналишда – Лиман, Бахмут, Авдеевка ва Новопавловкага қаратилди.
Бу ҳақда Украина Бош штаби 3 февраль, эрталаб маълум қилди.
Бош штаб маълумотига кўра, Россиянинг фуқаролик ва инфратузилма объектларига ҳужумлари тинч аҳоли орасида кўплаб талафотларга сабаб бўлган.
"Россия Федерацияси давлатимизнинг муҳим инфратузилмасини вайрон қилиш ниятидан қайтмаяпти, фуқаролик объектлари ва тинч аҳоли турар-жойларига зарба беришда давом этмоқда. Ўтган бир кун давомида душман тўртта ракета ҳужумини амалга оширди, улардан иккитаси фуқаролик инфратузилмасига бориб урилди. Донецкнинг Краматорск шаҳри аҳоли ҳудудларига бешта ҳаво зарбаси берилди”, — дейилади Бош штаб баёнотида.
1 февраль куни Краматорскдаги кўп қаватли уйга ракета ҳужуми оқибатида камида беш киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
Россия кучлари Херсон ва Николаевдаги тинч аҳоли манзилларига ҳам ракета ҳужумларини давом эттирди, дейилади Бош штаб билдирувида.
Россия ҳарбийлари Украина шаҳарларига ҳужумлардан мақсад Украина ҳарбий техникасини йўқ қилиш эканинни билдирган, кўплаб далилларга қарамай, тинч аҳоли нишонга олинганини рад этган.
Россия ракеталари яна тинч аҳоли уйларини нишонга олди
Украина шарқидаги Краматорск шаҳрига чоршанбага ўтар кечаси Россия ракетаси тушиб, турар-жой биносини вайрон қилди.
Камида уч киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди, дея хабар берди вилоят полицияси.
Маҳаллий ҳокимият дастлаб Россия одатий ракетадан ўт очганини маълум қилди.
Бироқ кейинчалик, полиция бинога «Искандер-К» тактик ракетаси келиб урилганини билдирди.
«Камида саккизта кўп қаватли уй зарар кўрди. Улардан бири бутунлай вайрон бўлди. Вайроналар остида қолганлар бўлиши мумкин», дея хабар қилди маҳаллий полиция.
Ўтган ой Днепр шаҳридаги турар-жой биносига Россия ракетаси келиб тушиши оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлган эди.
«Мушугим ичкарида эди. Энди уни топа оламанми ёки йўқ, билмайман. Ҳозир хаёлимга келган нарса шу. Ҳозир мен учун бошқа ҳеч нарса муҳим эмас”, деди шаҳар турғуни Виктор.
Қутқарувчилар бино вайроналарини кўздан кечирмоқда.
Маҳаллий аҳоли эса сочилиб ётган буюмлар орасидан яроқлиларини ажратяпти.
«Бу шаҳар маркази. Бу ерда фақат тинч аҳоли яшайди. Шундай экан, ҳужумни оқлашга бўлган ҳар қандай уринишлар бефойда", деди вилоят губернатори Павло Кириленко Рейтерс агентлигига берган интервьюсида.
Москва тинч аҳолини нишонга олганини рад этиб келади.
Ўтган йил апрель ойида Украина Россиянинг Краматорскдаги темир йўл вокзалига ҳужуми оқибатида 57 киши ҳалок бўлганини билдирган эди. Москва эса ўшанда ҳам ракета Украинага тегишли эканини айтиб, жавобгарликни рад этган.
Европа Иттифоқи Россияга қарши 10-санкция пакетини жорий қилмоқчи
Европа Иттифоқи раҳбарияти Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинининг бир йиллиги – 24-февралга қадар ЕИнинг Россияга қарши навбатдаги, ўнинчи санкциялар пакетини маъқуллашини таъминлашга интилмоқда.
Бу ҳақда пайшанба куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен Киевга ташрифи чоғида маълум қилди. У Украина пойтахтига Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеп Боррел ва Европа комиссиясининг аксарият аъзолари билан бирга келди.
Жума куни Киевда Украина-Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтади, пайшанба куни эса ЕИ етакчилари Украина президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказмоқда. Бундан ташқари, Европа комиссияси ва Украина ҳукуматининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Еврокомиссия раҳбари Украинанинг келажакда ЕИга қўшилишига ишонч билдирди. Ўтган йили мамлакат Европа Иттифоқи аъзолигига номзоднинг расмий мақомини олди, аммо расмий музокаралар ҳали бошланмаган.
Вагнер собиқ харбийси: «Украинадаги жанглар учун афсусдаман»
«Вагнер» ёлланма гуруҳининг Норвегияга қочган собиқ харбийси Рейтерс агентлигига интервью берди. У Украинадаги жанглар учун узр сўрамоқчи эканлиги ва ваҳшийлик айбдорлари жавобгарликка тортилишини исташини билдирди.
13 январь куни Россия-Норвегия чегарасини кесиб ўтган Андрей Медведев Украинага олиб кетилган россиялик маҳбусларнинг ўлдирилгани ва уларга нисбатан қўпол муомала қилинганини айтган.
26 ёшли россиялик қочқин Норвегиядан сиёсий бошпана сўрамоқда.
«Кўпчилик мени қабиҳ жиноятчи, қотил деб билади. Аввало, қайта ва қайта кечирим сўрамоқчиман. Буни қандай қабул қилишларини билмасамда, кечирим сўрайман», деди Медведев ўз интервьюсида.
Медведев Украинадаги жиноятлари ҳамда «айбдорлар жазоланиши» учун билганлари ҳақида гапирмоқчилигини билдирди:
«Мен урушга қарши чиқишга ва айбдорларнинг жазоланиши учун ёрдам беришга қарор қилдим. Бу орқали оз бўлсада ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан».
Медведев 2022 йилнинг июлида тўрт ойлик шартнома асосида Вагнерга қўшилган. Шу муддат мобайнида у жанг қилишни истамаган икки киши янги чақирилган маҳбуслар олдида отиб ташланганига гувоҳ бўлган.
Рейтерс унинг даъволарини тасдиқлай олмади.
Норвегия полициясига кўра, собиқ вагнерчи ҳозирда гувоҳ мақомига эга.