Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

03:50 4.2.2023

Зеленский: Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши бўйича музокаралар шу йил бошлаши мумкин

Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралар шу йил бошлаши мумкин. Украина президенти Владимир Зеленский Киевда ЕИ юқори даражали расмийлари билан жума кунги музокаралар ортидан бу ҳақда таъкидлади.

"Бугун қандай аниқ натижаларга эришдик? Биз Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни шу йил бошлашимиз мумкинлигига тушуниш хосил қилдик”, деди Зеленский.

Европа Иттифоқи-Украина саммити ўтган йил феврал ойида Россия босқини бошланганидан буёнги Украина тупроғидаги илк саммит бўлди. Украина маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бозорига киришини яхшилаш, бир неча ҳафталик ҳаво ҳужумларидан сўнг Украинага энергия эҳтиёжларини қоплашга ёрдам бериш, Россияга қарши янги санкциялар ва Россия раҳбарларини ҳарбий жиноятлари учун жазога тортиш каби масалалар саммит мухокамалари марказида бўлган.

Аммо саммитнинг ўзида тез аъзолик ваъдаси бўлмаган ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши навбатдаги 10инчи санкцияси Киев кутганидан кучсиз бўлиши кутилмоқда.

Зеленский, шунингдек, Украина мудофаа қобилиятини кучайтириши кераклигини айтди ва Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтиришга чақирди.

18:24 3.2.2023

Би-Би-Си: Урушда 13 мингдан ортиқ россиялик ҳалок бўлди, улардан 924 нафари сафарбар қилинганлар

Уруш бошланганидан бери Украинада 3 февраль ҳолатига кўра 13 мингдан ортиқ россиялик ҳалок бўлди, улардан 924 нафари сафарбар қилинганлардир. Бу маълумотларни “Медиазона” нашри ва кўнгиллилар жамоаси билан биргаликда Украинадаги россиялик ҳарбий хизматчиларнинг йўқотишлар рўйхатини тузаётган BBC Рус хизмати эълон қилди.

Журналистларнинг таъкидлашича, сўнгги уч ой ичида ўлганларнинг аксарияти сафарбар қилинган, кўнгиллилар ва маҳбуслардир.

Ўтган ҳафтанинг ўзида Украинада жанг қилган яна 500 нафар россиялик ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Очиқ манбалардан журналистлар 924 сафарбар қилинган русларнинг ўлими ҳақида билишади. Бу рақамга, шунингдек, 1 январ куни Украинанинг Донецк вилоятининг Россия томонидан босиб олинган қисмидаги Макеевка ўққа тутилиши чоғида ҳалок бўлган 99 киши ҳам бор.

Россия Мудофаа вазирлиги Макеевкадаги ҳужум пайтида 89 нафар россиялик ҳалок бўлганини тан олди - бу уруш бошидан бери Россия томонидан тан олинган энг кўп бир марталик йўқотишдир.

11 ой давомида Россия армиясининг йўқотиш динамикасини ўрганиб чиқиб, журналистлар шундай хулосага келишди: ҳозирда ҳалок бўлганларнинг асосий қисми кўнгиллилар, “Вагнер” ХҲШ ёлланма аскарлари (шу жумладан маҳбуслар) ва сафарбар қилинганлар. Улар биргаликда умумий сонининг чорак қисмини ташкил қилади. Йўқотишлар бундан да кўп бўлиши мумкин..

Урушнинг биринчи босқичида ҳаво-десант кучлари, денгиз пиёдалари корпуси, ГРУ махсус кучлари, яъни профессионал ва яхши тайёрланган тузилмалар энг катта йўқотишларга дучор бўлган.

Украинада ҳалок бўлган 13 000 дан ортиқ рус аскарларидан 1665 киши, яъни деярли 15% офицерлардир. Улар орасида тўрт нафар генерал ва 54 нафар полковник бор.

Журналистларнинг таъкидлашича, йўқотишларни ҳисоблашда улар фақат очиқ манбалардан олинган тасдиқланган маълумотлардан - Россия оммавий ахборот воситалари ва минтақавий ҳокимиятлар, шунингдек, маҳаллий аҳолининг хабарларидан фойдаланадилар, шунинг учун ҳақиқий қурбонлар сони камида икки баравар кўп бўлиши мумкин.

Мониторинг муаллифларининг энг консерватив ҳисоб-китобларига кўра, Украинага бостириб кириш пайтида Россия 26 мингдан ортиқ одамни йўқотиши мумкин эди. Россиянинг жами тузатиб бўлмайдиган йўқотишлари (яъни жароҳатлар, ўлим ёки бедарак йўқолганлар туфайли ишдан бўшатилганлар сони) камида 117 минг кишини ташкил қилиши мумкин.

АҚШ ва бошқа Ғарб расмийлари Украинадаги ҳалок бўлган ва яраланган рус аскарлари сони 200 мингга яқинлашганини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берган.

Урушнинг сўнгги уч ойида Россиянинг йўқотишлари икки баравар кўпайган, деб ёзади газета. Нашр манбаларига кўра, Украинанинг Донецк вилоятидаги энг шиддатли жанглар кетаётган Бахмут ва Соледар ҳудудларида ҳар куни юзлаб россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлмоқда ёки яраланмоқда. Бунга сабаб Россия ёмон тайёргарликдан ўтган сафарбар қилинган ва собиқ маҳбусларни фронтга жўнатмоқда, дейилади The New York Times нашри хабарида.

The New York Times газетасининг ёзишича, Украинанинг Бахмутдаги йўқотишлари Россияники билан солиштириш мумкин.

Умуман Украинанинг йўқотишларига келсак, нашр АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари Марк Миллининг баҳосига таянади. 2022 йилнинг ноябрида у можаронинг ҳар икки томони 100 мингдан ортиқ одамини йўқотганини айтганди.

Россия Мудофаа вазирлиги йўқотишлар ҳақида сўнгги бор 21 сентабр куни 5937 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

18:19 3.2.2023

Вашингтон Украинага 150 километр масофадан урадиган GLSDB ракеталарини беради

Вашингтон Украинага GLSDB ракеталарини беради, аммо улар ҳали ишлаб чиқарилиши керак. Америка оммавий ахборот воситалари АҚШ ҳукумати доираларидаги манбаларга таяниб, Оқ уй Украинага 2, 2 миллиард долларлик янги ёрдам пакетини эълон қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.Бу пакетга бошқа ҳарбий анжомлар қатори, Украина ҳозир ишлатаётганидан икки баравар узунроқ ўқ-дорилар киради. Аммо улар жанг майдонида фақат шу йилнинг охирига келиб пайдо бўлиши мумкин. Гап 150 километргача отиш масофасига эга ердан учириладиган кичик диаметрли GLSDB ракеталари ҳақида кетмоқда. Бу HIMARS типидаги ракеталардан отилган ракеталар ёрдамида нишонга уриладиган кичик ракеталардир. Уларни қабул қилиб, Украина қўшинлари Россиянинг орқа фронтидаги қисмларига зарба бера олади.

1, 75 миллиард долларлик GLSDB ишлаб чиқариш бўйича шартнома Boeing ширкатига топширилиши кутилмоқда. Битим тузилганидан кейин Украинага GLSDB етказиб беришни амалга ошириш учун тахминан тўққиз ой вақт кетади, деб ёзади Bloomberg.

Киев кўпдан бери АҚШдан бундай ракеталарни сўраб келади. Украина бундай қуролларсиз босиб олинган ҳудудларни қайтариш ниҳоятда қийин бўлишини билдирган. Бироқ, Жо Байден маъмурияти ҳар сафар бу сўровларни рад этиб, буни Украина Россия ҳудудига зарба бериш учун фойдаланиши, бу можаронинг кучайишига олиб келиши хавотирлари билан изоҳлаган.

Германия ҳукумати Киевга 88 та “Леопард 1” танкларини етказиб беришни маъқуллади.

Киев уларни таъмирдан чиққанидан кейин олади. Тахминларга кўра, Украина уларни текинга олмайди, балки Германиянинг қурол ишлаб чиқарувчи ширкатидан умумий суммаси 100 миллион евродан кўпроққа сотиб олади, дея хабар бермоқда немис нашри “Зуд Дойче Цайтунг” ҳукуматдаги манбаларга таяниб.

Бундан ташқари, Германия ҳукумати яқинда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини ҳимоя қилиш учун Қатарга жўнатган 15та “Гепард” танкини ҳам қайтариб олиш ва Украинага жўнатишни кўриб чиқмоқда.

"Гепард танклари Украинадаги урушда ўзини жуда яхши исботлади. Агар бу ердаги ҳамкорлардан кўпроқ нарсани олсак, украиналикларга албатта ёрдам берган бўларди", - деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус.

Ҳамкорларнинг бир неча ҳафталик кучли босимидан сўнг, Германия ўтган ҳафта Европа давлатлари коалицияси таркибида Украинага 80 га яқин “Леопард 2” танкларини, шу жумладан ўзининг 14 та танкини етказиб беришни маъқуллашини маълум қилди.

Буюк Британия, шунингдек, Киевга бир нечта “Чалленжер 2” танкларини юборишга ваъда берган, АҚШ эса жорий йилнинг охиригача ёки келаси йилнинг бошида 31 та М1 “Абрамс” танкларини жўнатишини ваъда қилган.

18:17 3.2.2023

Зеленский: Босқинчиларнинг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатини жавобсиз қолдирмаймиз

Украина президенти Владимир Зеленский видеомурожаатида “стратегик жиҳатдан Россиянинг мағлубияти аллақачон аниқ” бўлса-да, Россия армияси ҳужумкор ҳаракатлар қилиш учун ресурсларга эга эканлигини таъкидлади.

Россия армияси “урушнинг боришини ўзгартиришга уриниш вариантларини қидирмоқда” ва “ҳозирги вақтда назорат қилаётган ҳудуд салоҳиятидан ўз агрессиясига хизмат қилиш учун фойдаланишга” ҳаракат қилмоқда”, деди Зеленский.

“Босқинчиларнинг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатини жавобсиз қолдирмаймиз. Душман стратегик мағлубияти аллақачон аниқ бўлган муайян босқичда. Аммо тактик жиҳатдан улар ҳали ҳам ҳужумкор операцияларни ўтказишга уриниш учун ресурсларга эга. Улар урушнинг боришини ўзгартиришга уриниш вариантларини қидирмоқдалар ва ҳали ҳам ўзлари назорат қилаётган барча ҳудудларнинг имкониятларидан босқинчилик мақсадларида фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Биз қилаётган ишимизни давом эттиришимиз – чидамлилигимизни мустаҳкамлашимиз, армиямиз ва барча ҳимоячиларни зарур қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш истагида мутлақо бирдам бўлишимиз керак”.

Ўтган ҳафта АҚШ ва Германия Украинага мудофаа мақсадлари учун танклар юборишга ваъда берди.

Россия президенти Владимир Путин 2 февраль куни Қизил Армиянинг Сталинградда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлардаги чиқишида Москванинг танклар, хусусан, Германия “Леопард”лари учун жавоби борлигини айтди.

Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Путиннинг Россияга Германия танклари томонидан “яна Иккинчи жаҳон уруши давридагидек таҳдид қилинаётгани” ҳақида сўзларига иқтибос келтирган:

"Биз уларнинг чегараларига танкларни жўнатмаяпмиз, лекин жавоб беришимиз бўлган нарсамиз бор ва бу фақат зирҳли техника билан бўлмайди. Буни ҳамма тушуниши керак", - дея айтган Путин.

Россия пайшанба куни ўз кучлари Украина артиллериясини бир неча нуқтада йўқ қилишда давом этгани, Украина Қуролли кучлари эса турли аҳоли пунктларидан Россия ҳужумларини қайтарганини даъво қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Киевга ташриф буюрган Европа етакчиларини Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди. Киев раҳбари Зеленский ўз чиқишида Ғарбни Путин куч йиғаётгани ва йирик ҳужумларни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирди.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ЕИ Россияга босимни кучайтиради, деди.

Ғарб Россиянинг Украинага деярли бир йил давом этган босқинидан кейин кенг қамровли жазо чораларини қўллади.

Фон дер Ляйен Украинага кўпроқ ҳарбий, молиявий ва сиёсий ёрдамни ваъда қилди. У, шунингдек, Ҳаагада Украинанинг тажовузкорлиги жиноятларини таъқиб қилиш учун халқаро марказ ташкил этилишини билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG