Одесса ва минтақанинг бир қисми "авария туфайли" электрсиз қолди
Одесса мерияси маълумотларига кўра, шанба куни эрталаб "Укрэнерго" подстанциясида рўй берган йирик авария туфайли бутун шаҳар ва Одесса вилоятининг бир қисми вақтинча энергиядан узилган.
"Энергетика мутахассислари муҳим инфратузилма объектларини электр билан таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. "Укрзнерго" мутахассислари аварияни бартараф этишмоқда. Электр таъминоти иш тугагандан сўнг дарҳол тикланади", - дейилади хабарда.
Ҳодисанинг сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Украина шарқида жанглар, Россия Кременная ҳудудида тобора шиддатли ҳужум операцияларини ўтказмоқда
Американинг Урушни ўрганиш институти таҳлилий марказининг кунлик ҳисоботига кўра, 4 февраль, шанба куни Россия қўшинлари Кременная ҳудудида тобора шиддатли ҳужум операцияларини ўтказмоқда.
Кременная ва Сватово Россиянинг Луганск вилоятидаги мудофаа таянчлари бўлиб, у ерларга Украина кучлари яқинлашмоқда, бироқ рус қўшинлари бу ҳудудда ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, Россиянинг жанубга, Донецк вилоятининг Бахмут туманига ҳужуми давом этаётгани ҳақида хабарлар бор. Украина Қуролли кучлари Бош штаби, шунингдек, Россия қўшинлари Кременная ва Бахмут минтақаларида, ва бошқа йўналишларда катта йўқотишлар билан олдинга силжиётгани ва ҳужумлар қайтарилганини даъво қилмоқда.
Украина, Польша ва Болтиқбўйи давлатлари Олимпиада ўйинларини бойкот қилиш билан таҳдид қилмоқда
Париж-2024 Олимпиадаси раҳбарининг айтишича, келаси йилги ёзги ўйинларда Россия ва унинг иттифоқчиси Беларус спортчилари иштирок этиши мумкинми ёки йўқми, бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси қарор қилади.
Бу баёнот Украинадаги урушнинг бир йиллиги яқинлашаётган пайтда янграган.
Париж-2024 президенти Тони Эстангует Марселда журналистлар билан учрашув чоғида шундай деди..
“Албатта, мен бугун Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва ҳозирда содир бўлаётган воқеалар барчамиз учун фожиа ва, албатта, 2024 йилда ким иштирок этиши муҳим эмас. бу можаро қандай ва қачон тугаши муҳим"
Украина агар россиялик ва беларуслик спортчиларга Олимпиадада иштирок этишларига рухсат берилса ўйинларни бутунлай бойкот қилиш билан таҳдид қилди.
Президент Владимир Зеленский Россия ва Беларус спортчиларига тақиқ қўйишдан бошқа ҳар қандай нарса "террорни қандайдир маъқул" деб кўрсатишини айтди.
Россиянинг Болтиқбўйи қўшниси Эстония бош вазири ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади.
Польша тақиқни қўллаб-қувватлаш учун 40 га яқин давлат, жумладан, АҚШ, Британия ва Канададан иборат коалиция тузиш ҳаракатида.
Россия ва Беларус спортчилари аллақачон кўплаб халқаро мусобақалардан четлаштирилган.
ХОҚ ўтган ҳафтада Россия ва Беларус спортчилари Осиё саралаш босқичида иштирок этишлари ва уларга қарши санксиялар туфайли Парижда нейтрал спортчилар сифатида иштирок этишлари мумкинлигини эълон қилди.
ХОҚ ижроия кенгаши аъзоларидан бири жума куни барча вариантлар ҳали ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.
Россия ва Беларус спортчилари мусобақадан четлаштирилмаса, Эстония келаси йил Париж Олимпиадасини бойкот қилиши мумкин, деди мамлакат бош вазири Кажа Каллас.
Унинг баёноти Халқаро Олимпия Қўмитасининг (ХОҚ) ўтган ҳафта Европадаги мусобақаларда қатнашиши тақиқланган икки мамлакат спортчиларига Осиё мусобақалари орқали Олимпиада ўйинларига йўлланма олишлари мумкинлиги ҳақидаги эълонидан кейин янгради.
"Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз бошқа дўстлар ва иттифоқчиларни россиялик ва беларуслик спортчиларнинг иштироки нотўғри эканлигига ишонтиришга қаратилган бўлиши керак. Бойкот - кейинги қадам", - деди Каллас Таллинда латвиялик ва литвалик ҳамкасблари билан учрашганидан кейин.
Болтиқбўйи ва Полша спорт вазирлари ҳам халқаро спорт ташкилотларини Украинадаги уруш шароитида худди шундай тақиқ қўйишга чақирган, Латвия ва Кийев эса ўйинларни бойкот қилиш билан таҳдид қилган.
Россия ва Беларус билан чегарадош Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган учта Болтиқбўйи давлати ва Польша Украинани кучли қўллаб-қувватлаган ва деярли бир йил аввал Москва босқинидан кейин биринчилардан бўлиб қурол юборган.
Резников: Ғарб танклари "темир мушт" бўлиб хизмат қилади
Украина мудофаа вазири НАТО давлатлари томонидан етказиб бериладиган янги танклар Киевнинг Россия мудофаа чизиғини ёриб ўтиш учун қарши ҳужумда “темир мушт” бўлиб хизмат қилишини айтди.
Алексей Резников ўзининг польшалик ҳамкасби билан бўлиб ўтган брифингда Ғарбнинг Украинага етказажак 155 миллиметрли артиллерия қуроллари Россиянинг жануб ва шарқдаги ҳужумларига қарши туришда зарур эканлигини қўшимча қилди.
"НАТО давлатларининг асосий танклари билан янги танк коалицияси - бу бизга қарши ҳужум учун керак, биз уларни мудофаа чизиғини ёриб ўтиш учун темир мушт каби фойдаланамиз", деди Резников.
Польша мудофаа вазири Мариуш Блащак Киевда украиналик ҳамкасби Резников билан музокаралар пайти Варшава Украина аскарларини Ғарб танкларидан фойдаланишга ўргатишда ёрдам бераётганини ва машғулотларни якунлаш “кунлар ёки ойлар эмас, ҳафталар” масаласи эканини айтди.
Ўтган ой Ғарб давлатлари Москва шарқда олдинга силжиш учун катта саъй-ҳаракатларни кучайтирган бир пайтда Украинага Россия босқинига қарши курашиш учун асосий жанговар танклар етказиб беришга ваъда берди,
Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ўз мамлакати 12 давлатдан иборат коалициядан 120 дан 140 тагача Ғарб танкларини, жумладан, Германиянинг “Леопард 2”, Британиянинг “Чалленжер 2” ва АҚШдан М1 “Абрамс” танкларини олишини айтди.