Бахмутда Азов батальони рус нишонларини гаубицалардан ўққа тутмоқда
Украина армиясининг Азов батальони Бахмут яқинида рус қўшинларини гаубицалардан ўққа тутди. Вагнер раҳбари шаҳар шимолида шиддатли жанглар кетаётганини билдирди.
20 ёшли Азов бўлинмаси жангчиси Владимирнинг Рейтерc агентлигига айтишича, улар рус пиёда қўшинларини «Мста-Б» гаубицаларидан ўққа тутган:
«Душман уруш услубига мослашишни яхши ўзлаштирган. Уруш бошидагига қараганда, афсуски, улар ҳозирда бироз кучайган. Ҳужумларни тўхтатишмаяпти. Бироқ, биз украиналиклар кучли халқмиз. Мен Украина Қуролли Кучларига ҳамда қуролдошларимга, шу билан бир қаторда ўзимга ҳам ишонаман”.
19 ёшли Максим исмли бошқа бир ҳарбий эса Россиянинг олға юришга уринишлари муваффақиятсиз тугашини айтади:
"Улар нимаики қилишмасин, муваффақиятга эриша олмайдилар. Қандай тез келишган бўлса, шундай тез чиқиб кетишади ҳамда ерларимиз учун ўғит бўлишади."
Россия кучлари бир неча ҳафтадан бери Бахмут шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Жанглар иккала томон учун ҳам қимматга тушмоқда.
Украина Бахмутни қуршаб олган Россия кучларига қаршилик кўрсатмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский Украина армияси Россия қўшинларининг Бахмутни қуршаб олишга бўлган уринишларига тўсқинлик қилаётганини билдирди^
“Бугун мен навбатдаги йиғилишни ўтказдим. Кўп масалалар муҳокама қилинди. Фронт чизиғидаги, қолаверса бошқа ҳудудлардаги ҳаракатларни муҳокама қилдик. Бахмут мудофаасини таъминлаш масаласи алоҳида урғу бердик. Босқинчилар шаҳарни қуршаб олиб, мудофаамизни бузишга бўлган уринишларига муносиб жавоб берамиз."
Бир неча ҳафтадирки Бахмут шимолида шиддатли жанглар давом этмоқда.
Агар рус қўшинлари шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлса, бу Россиянинг ўтган ёздан бери қўлга киритган энг муҳим стратегик муваффақияти бўлади.
Украина ҳозирча олдинга силжий олмаяпти ҳамда асосан рус қўшинларининг ҳужумларини қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Россияда дрон ишлаб чиқарилади
Россия ва Эрон ҳукуматлари, Россия ҳудудида дронлар ишлаб чиқарувчи корхона очишни режаламоқда. Бу ҳақда, ўз манбаларига таянган ҳолда The Wall Street Journal газетаси хабар берди.
Газета суҳбатдошларига кўра, 5 январь куни Эрон делегацияси Татаристоннинг Алабуға шаҳрига келиб, завод қўриш кўзланган бўш майдонни кўздан кечирган.
Режага кўра, янги корхона йилига камида 6 мингта дрон ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги 1 миллиард долларлик битимнинг бир қисми экани айтилмоқда.
Январда АҚШ Савдо вазирлиги Эроннинг дронларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ етти ширкатига қарши экспорт чекловлари жорий этган, шунингдек, Эрон учувчисиз учар аппаратларини Россияга етказиб беришда кўмаклашишда гумон қилинаётган Shahed Aviation Industries Research Center, Paravar ва бошқа ширкатларга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Киев Москвани фуқаровий ва энергетика объектларига ҳужумларда Эроннинг Shahed-136 дронларидан фойдаланишда айблаб келади.
Украина ҳукуматида кадрлар алмашинуви давом этмоқда
Украина Олий Радасидаги “Слуга народа” фракцияси раҳбари Давид Арахамия, мудофаа вазири Алексей Резников истеъфога чиқарилиши ва унинг ўрнига Вазирликнинг Разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов тайинланишини билдирди.
“Мантиқ ўша-ўша. Ҳозирги босқичда кучишлатар идораларга сиёсатчилар эмас, балки кучишлатар кадрлар бошчилик қилишлари керак”, дея изоҳ берган Арахамия. Айни чоғда у янги тайинловлар қачон эълон қилинишини очиқламаган.