Совға қилинган мўйнали пўстинлар қайтариб олинди
“ДХР”да ҳалок бўлган ҳарбийларнинг беваларига пўстин совға қилиб, бу ҳақда пропаганда учун ролик тайёрлашди – аммо кейин бир неча аёлдан пўстинлар олиб қўйилди
Тан олинмаган “ДХР”да Игорь Стрелков (Гиркин)нинг сафдошлари ҳалок бўлган ҳарбийларнинг беваларига почапўстин совға қилинганини эълон қилишди. Бу ҳақда видео суратга олинганидан сўнг эса айрим аёллардан пўстинлар олиб қўйилган.
Стрелковнинг хотини Мирослава Регинская 6 февраль куни ўндан ортиқ аёл кўчада пўстин кўтариб тургани акс этган видеони эълон қилган эди. Роликда аёллардан бири у ерда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари йиғилишганини айтиб, “кутилмаган” ёрдам учун миннатдорлик билдиради. Кадр ортидаги эркак эса пўстинлар “Русский актив Москвы” ташкилотидан совға эканини, ташкилот бу аёлларни “ташлаб қўймаслигини” ва “тўққиз йилдан бери ёрдам бериб келаётганини” урғулаган.
“Феминистской антивоенное сопротивление” ташкилоти видеодаги аёллардан бири билан боғланди. Аёл видеоролик суратга олиб бўлингач, ундан ва камида уч дугонасидан пўстинларни олиб қўйишганини тасдиқлади. Аввалига уларга “бу пўстинлар сифати паст экан, сизларга бошқасини берамиз”, дейишган. Аммо кўпдан-кўп қўнғироқлардан сўнг беваларга “биз янглишибмиз, пўстинлар аслида бошқа одамларга аталган экан”, деб жавоб берганлар.
Аёлларга камера қаршисида гапиришлари учун Москвадан қимматбаҳо совғалар келтириб беришни ваъда қилганлар. Ташкилот суҳбатдошига кўра, пропаганда учун олинган видео ва фотолардаги бева аёллар кўпинча сохта бўлади. “Бунақаси тез-тез бўлиб туради, Москвадан ул-бул олиб келишади, биз ҳамиша хурсандмиз”, деган у.
Аммо суҳбатдош видеодаги барча аёллар ҳарбийларнинг бевалари эдими ёки йўқми, деган саволни жавобсиз қолдирган.
Калининградлик аскарлар арзи: “Бизни тайёргарликсиз ҳужумга ташлашмоқда!”
“ВКонтакте” тармоғида ҳарбий кийимли ва аскарча ниқоб тутган бир гуруҳ одамларнинг видеомурожаати ёйинланди. Роликда одамлар ўзларини октябрь ойида Калининград вилоятидан сафарбар қилинган аскарлар деб таништириб, Украинада уларни тайёргарликсиз ҳужумга ташлашаётганидан шикоят қилади.
Видеодаги бир киши уларнинг батальони штурмчи пиёдалар сифатида “ДХР” ихтиёрига берилганини айтади. Унга кўра, сафарбар қилинган аскарлар “штурм учун тайёрланмаган, батальон катта талафотлар кўрмоқда”, “командирлар узоқда, алоқа эса йўқ ҳисоби”.
Видеода Калининград вилояти раҳбарларидан “бирон тайинли чора кўриш” илтимос қилиниб, “бизни том маънода ўлимга йўллашяпти”, дейилган. Бир неча кун олдин, айтишларича, уларни “бир неча кундан бери ишғол этиш имкони бўлмаётган ҳудуд”га “тўп еми” қилибжўнатмоқчи бўлишганида улар бир овоздан бош тортишган, лекин бундан кейин “ўз қарорларида қаттиқ тура олмасликлари мумкин”. Видеода гапирган киши “бизни штурмга ҳал гал бир нечтадан олиб кетишяпти”, дейди.
Аскарларнинг шикоятидан сўнг Калининград маъмурияти Россия Мудофаа вазирлигига мурожаат қилди. Бу ҳақда РИА Новости вилоят маъмуриятининг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Лисковга таянган ҳолда хабар бермоқда.
"Фақат ғалаба": Подоляк Москванинг музокаралар ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия Украина билан музокараларга тайёрлиги ҳақидаги Москванинг навбатдаги баёнотига муносабат билдирди.
Шанба куни эрталаб Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин Россиянинг “Звезда” телеканалига берган интервюсида Москва музокараларга тайёр, лекин ҳеч қандай шартларсиз ва “мавжуд воқелик асосида” эканини айтди.
Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, бу баёнот Кремль билан музокаралар ҳақида гап ҳам бўлмаслигидан далолат беради.
“Тинчлик ва музокаралар ҳақидаги мунтазам риторикасида Кремль Украинанинг босиб олинган ҳудудларини тарк этмаслигини ва қилган жиноятлари учун жавоб бермаслигини айтади. Бу музокаралар ҳақида гап бўлмаслигининг яна бир далилидир. Фақат Украинанинг ғалабаси, акс ҳолда Европада уруш тугамайди ва Россия жиноий равишда дунёда ҳукмронлик қилади”, — деб ёзди Подоляк ўзининг Твиттердаги саҳифасида.
Словакия Украинага "МиГ-29" қирувчи учоқлар етказиб бериш бўйича музокаралар бошлаши мумкин
Словакия бош вазири Эдуард Хегер жума куни Киев Словакия ҳукуматига жанговар самолётлар етказиб бериш сўрови билан расман мурожаат қилганидан кейин шундай баёнот берган.
"Украина президенти мендан "МиГ"ларни етказиб беришни сўради. Энди биз Киевдан расмий сўров олдик, музокаралар жараёнини бошлаш мумкин бўлади", - дея эълон қилди Хегер.
Украинага қурол-яроғ етказиб бераётган Ғарб давлатлари ҳозирча Киевга жанговар самолётлар ёки Россиядаги нишонларни ура оладиган узоқ масофали тизимлар етказиб беришдан бош тортган.
9 феврал, пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Европанинг бир қанча етакчиларидан Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришни бошлашга тайёр эканликларини эшитганини айтди.
Бу Ғарбнинг Украинага ёрдами кўламини кенгайтиришдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлади. Музокаралар Словакия ва Украина ўртасида ҳам, Европа Комиссияси иштирокида ҳам ўтказилади. Словакия Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш учун товон пулини сўраши мумкин, деди Хегер. Словакия мудофаа вазири Ярослав Нагининг фикрича, унинг мамлакатига энди "МиГ" қирувчи самолётлари керак эмас. Нагининг сўзларига кўра, "учоқлар масаласи"да ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.