ОАВ: сафарбарлик бошланганидан бери мингдан ортиқ россиялик урушда ҳалок бўлган
Россияда “қисман” сафарбарлик эълон қилинганидан бери ўтган тўрт ой давомида мамлакатнинг 1082 нафар фуқароси Украинадаги урушда ҳалок бўлган, дейилади ВВС рус хизмати ҳамда “Медиазона”нинг қўшма суриштирувида.
Журналистлар очиқ манбалардан олинган маълумотларга таяниб, ўлими тасдиқланган россиялик сафарбар қилинган аскарларнинг 40 фоизи 2023 йил 1 январдан 13 февралгача бўлган даврда ҳалок бўлганини аниқлашди.
Суриштирувчилар сафарбар қилинганлар орасида реал талафот бундан анча катта бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда, чунки октябрь ойидан бошлаб хабарларда Украинада ҳалок бўлган рус аскарларининг мақоми кўрсатилмаяпти.
Суриштирувга кўра, сафарбар қилинганларнинг асосий қисми Украинанинг аниқ артиллерия зарбалари оқибатида ҳалок бўлишмоқда. Хусусан, Янги йил кечаси Донецк вилоятининг Макеевка шаҳридаги билим юрти биноси ракета зарбаларига тутилгани алоҳида тилга олинган.
Журналистлар Макеевкада ўлган 109 кишининг исмларини аниқлашга муваффақ бўлишди, шундан 107 нафари – сафарбар қилинган аскарлар ҳисобланади. Самара вилоятида Макеевкада ўлган аскарларни дафн этиш ҳануз давом этаётганига кўра суриштирувчилар тасдиқланган ўлимлар сони янада ортишини кутишмоқда.
Шунингдек, журналистлар сўнгги уч ой давомида Украинада ҳалок бўлган россиялик аскарларга бағишланган таъзияномалар фуқаро кийимида олинган суратлар билан берилаётганига эътибор қаратишган. Суриштирув олиб борган журналистлар фикрича, бу сафарбар қилинган россияликлар орасида талафот тобора ортаётганига билвосита далил бўлиши мумкин.
Норвегия разведкаси: Россия кемалари ядро қуроли билан денгизга чиқмоқда
Норвегия разведка хизмати Россиянинг Шимолий флоти кемалари 30 йилдан бери илк марта денгизга тактик ядровий қурол олиб чиққанини маълум қилди. Бу разведка идорасининг йиллик ҳисоботида қайд этилган, деб ёзади РБК.
Ҳужжатда Совет Иттифоқи йилларида Шимолий флот ҳарбий кемалари мунтазам равишда денгизга тактик ядровий қурол билан чиққанини, бироқ “совуқ уруш” тугаганидан бери бунақа ҳолат кузатилмагани қайд этилган. Разведка маълумотига кўра, Украинада уруш бошланганидан сўнг “Россия учун ядровий қурол аҳамияти кескин ошган”.
“Россия ядровий потенциалининг катта қисми Шимолий флот сув ости кемаларида ҳамда сув усти кемаларда жойлашган. Ядро қуроли НАТО мамлакатлари иштирок этиши мумкин бўлган амалиёт вариантларида айниқса жиддий хавф туғдиради”, дея хулоса қилган норвег разведкаси.
FT: АҚШ F-16 учоқлари Украинага берилишини ёки реэкспорт қилинишини истисно этмайди
The Guardian: Эрон Россияга узоққа учадиган зарбдор дронлар берган
Ноябрь ойида Эрон Россияга Украинада қўллаш учун камида 18 та олисга учар ракета отувчи дронларни яширинча етказиб берган
Бу ҳақда The Guardian дронлар олди-сотдиси, уларнинг имкониятлари ва ишлаб чиқариш билан хусусиятларидан хабардор Эрондаги манбаларига таянган ҳолда хабар берган.
Газета суҳбатдошига кўра, Россия қарийб 200 километр масофага уча оладиган ва ҳар бир қаноти остида биттадан ракета ташийдиган Mohajer-6 дронларидан олтита ҳамда Shahed 191 ва 129 русумли дронлардан 12 та олган.
Кейинги икки дрон кучайтирилган двигателларга эга бўлиб, бомбаларни нишонга ташлагач, базага қайтиб кела олади.
Дронларнинг катта қисми Россияга Каспий денгизи орқали катерда яширинча жўнатилган бўлса, қолганини Эроннинг давлат авиаширкати етказиб берган.
Шунингдек, газета манбаси Эрон фойдаланишни ташкил қилишда кўмаклашиш учун Москвага 54 нафар мутахассис йўллаганини билдирган.
Хабар қилинишича, дронлар ноябрь ойида Россия делегацияси ташрифидан сўнг етказиб берилган – ушбу ташрифдан бир неча кун олдин эса Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Эрон Россияга дронлар берганини илк бор тан олган эди.