Угледар яқинидаги Украина аскарлари «душман олдинга силжий олмаётганини» маълум қилди
Украинанинг 79-ҳаво ҳужуми бригадаси Россия Донецк вилоятидаги фронт чизиғида ютуқларга эришмаганини билдирди.
«Умуман олганда, душман айтарли олға силжий олмаяпти. Фронтдаги бўлинмамиз тўхталадиган бўлсак, душман у ерда умуман олдинга силжигани йўқ. Мудофаа чизиғи бардам туришда давом этади. Душманни Донецк йўналишидаги позициялардан, ундан кейин эса Украинанинг чегараларидан узоқлаштирамиз», дейди украин армияси зобити Богдан.
«Депутат» лақабли ҳарбий Россия артиллерия ҳужумларини кучайтирганини қўшимча қилди:
«Душманнинг артиллерия ва миномётдан ҳужумлари сони ортди. Илгари кунига бир-иккита ҳужум бўларди, энди эса кунига ўндан ортиқ ҳужум қилишмоқда. Улар пиёда аскарлардан кўра кўпроқ артиллерияни ишга солмоқда».
Донецк вилоят губернатори Павло Кириленко Украина миллий телерадиокомпаниясига берган интервьюсида Россия Донецк фронт чизиғидаги барча объектларни артиллериядан ўққа тутганини билдирди.
Ллойд Остин ва Йенс Столтенберг Украинадаги уруш бир йиллиги арафасида НАТОнинг «жипслиги»ни олқишлади
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинага босқиннинг бир йиллиги арафасида НАТО альянсининг «жипслиги»ни олқишлади.
Остин ва Столтенберг Брюсселда НАТО мудофаа вазирлари учрашуви олдидан учрашди.
Столтенберг аввалроқ Киев учун янги қуроллар муҳокамасидан олдин аллақачон етказиб берилган қуроллардан фойдаланишда давом этиш кераклигини таъкидлаган эди.
Унинг айтишича, у қирувчи самолётлар бериш масаласи муҳим, бироқ Украина ҳозирда қуруқликда кўпроқ ёрдамга муҳтож. Украина Ғарб снарядларини тез ишлатмоқда.
Остин Украина баҳорда Россияга қарши ҳужум бошлашига умид билдирди:
“Украинанинг баҳорда қарши ҳужумга ўтишини кутяпмиз. Шу сабабли ҳам ҳамкорлар билан Украина армиясини улар хоҳлаганидек зирҳли техникалар билан таъминлашга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Бу уларга жанг майдонида вазиятни ушлашга ва устунликка эришишга ёрдам беради».
Ллойд Остин ҳозирда Россия эҳтимолий йирик ҳаво ҳужуми учун самолётлар жамлаётганига ишора қилувчи далиллар йўқлигини қўшимча қилди.
«НАТО ва бу коалиция ҳеч қачон бу қадар кучли бўлмаган. Россия энди глобал дунёдан четга чиқиб қолди. Дунё Украинанинг жасорати ва матонатидан руҳланмоқда. Бир сўз билан айтганда, Россия мағлуб бўлди. Улар куч, стратегик ва тактик жиҳатдан ютқазиб бўлди. Ҳозирда Россия жанг майдонида жуда катта йўқотишларга учрамоқда», деди АҚШ Қуролли кучлари генерали Марк Миллей.
Зеленский: Ҳамкорлар ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари, кўпроқ танклар, артиллерия етказиб беришни тасдиқлади
Украина президенти Владимир Зеленский Донецк ва Луганск фронт чизиғида вазият оғирлигича қолаётганини билдирди.
«Фронт чизиғида, айниқса Донецк ва Луганск вилоятларида вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Украина ерларининг ҳар бир қаричи учун жанг кетмоқда», - деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Украина армияси ўтган сутка давомида рус қўшинларининг Луганск ва Донецкдаги 11 аҳоли пунктида ҳамда Бахмут атрофидаги ҳужумларни қайтарганини маълум қилди.
Брюсселда эса Ғарб давлатлари мудофаа вазирлари Киевга янги қурол-яроғ таъминотини етказиш масаласини муҳокама қилди.
«Бу айни масала юзасидан ўтаётган тўққизинчи учрашув. Мамлакатимиз мудофааси ва жангчиларимизни янада кучлироқ қиладиган янги ва кучли қарорлар бор. Ҳамкорларимиз ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари, кўпроқ танклар, артиллерия ва снарядлар етказиб бериш ҳамда ҳарбийларимизни тайёрлаш борасида ёрдамни тасдиқлади», — деди Зеленский.
Зеленский иттифоқчиларга миннатдорлик билдирар экан, Рамштайндаги йиғилиш тафсилотларини сир сақлашга чақирди.
Ллойд Остин: Украинанинг шошилинч талаблари бор
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украинанинг ҳарбий ёрдам борасида бўйича шошилинч талаблари борлигини маълум қилди.
У АҚШ ва НАТО Украинани узоқ вақт давомида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади.
«Кремль ҳали ҳам бизни бўлиниб кетишимизга умид қилмоқда. Аммо орадан бир йил ўтди, биз ҳар доимгидек бирдаммиз.
Бу якдиллик Украинага келгусида ҳам ўз шаштини сақлаб қолишга ёрдам беради», деди Остин Брюсселда ўтган НАТО мудофаа вазирлари йиғилишида.
Украинага босқинга бир йил бўлиши олдидан Россия Украинанинг жануби ва шарқий қисмида ҳужумларни кучайтирди.
Брюсселдаги йиғилишдан олдин НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб давлатлари Киевга ўқ-дорилар етказиб беришни кучайтириши кераклигини билдирди.