Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:51

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

20:26 16.2.2023

“Ҳар тарафдан босиб келишяпти”. Оғир жанглар бўлаётган Бахмут шаҳридан репортаж

“Душман жуда қаттиқ ҳужум қиляпти. Ҳар тарафдан босиб келяпти. Йигитлар, сизлар бебаҳосиз, бу ерда сарфлаётган куч-ғайратингизнинг баҳоси йўқ”.

Бу Бахмутда жанг қилаётган украин аскарининг янги мурожаати эди. Шаҳар остонасида жанглар кун сайин авжига чиқмоқда. Россия ҳарбийлари сўнгги кунларда шаҳарга туташ бир неча кичик аҳоли масканларини ишғол этишганини иддао қилишади.

Россиянинг айрим бўлинмалари хусусий уй-жойлар орқали шаҳарга кириб, ўрнашиб олишга уриняпти. Чунончи, мана бу видео Бахмутнинг шимоли-шарқий қисмида олинган.

Украина зирҳли техникаси Россия ҳарбийлари ўт очиш нуқтасига айлантирмоқчи бўлгани айтилаётган уйни ўққа тутмоқда. Икки тараф бир-бирига яқин масофада жанг қилаётгани акс этган видеолар ҳам бор.

Россиянинг Z-параст телеграм-каналлари ва турфа кремлчи ОАВлар февраль ойи бошидаёқ Бахмутни шартли оператив қуршовга олишган эди.

Ростдан ҳам, сўнгги ойларда шаҳар теварагида вазият ўзгарди. Бу харитада ҳам аниқ-тиниқ кўринади.

2023 йилнинг 1 январидан кейинги воқеалар. Соледар, Подгородное, Клешчёвка, Красная гора... бирин-кетин Россия ҳарбийлари назоратига ўтди. Ҳозирда Бахмут атрофида фронт чизиғи ярим халқани эслатади.

Энг муҳим нарсалардан яна бири – Бахмутга элтувчи йўллар. Булар Украина армиясининг таъминот йўлларидир. Улар босиб олинмаган, лекин ўққа тутилмоқда.

Аввалроқ Украина президенти офиси вакили Бахмут ҳимоячиларининг асосий вазифаларидан бири – бу Россия ҳарбийларини ҳолдан тойдириш, уларнинг шахсий таркибига ва техникасига иложи борича кўпроқ талафот етказиш эканини айтган эди.

“Биз маҳкам турибмиз. Кутганингиз бўлмайди, пид****лар... Биз ҳали тирикмиз”, дейди украиналик ҳарбий.

Буюк Британия мудофаа вазирлигининг Украинадаги вазиятга доир янги ҳисоботида айтилишича, Кремль ўтган йили кузда Херсон шаҳрини, Харьков вилоятини ва Донбассдаги бир неча муҳим аҳоли масканларини озод этган Украина армиясининг ютуқларини қадрсизлантиришга интилмоқда.

Россия қўшинлари ҳозирдаёқ аксар йўналишларда ҳужумга ўтишга буйруқ олаётганига Британиялик таҳлилчиларнинг ишончи комил.

Россия мудофаа вазирлигининг янги хабарномасига қараганда, улар бугунги кунда Харьков вилоятининг бир қисмини – Купянск шаҳрига элтувчи йўналишни, шунингдек Запорожье, Херсон, Луганск ва Донецк вилоятларини энг муҳим деб ҳисоблашмоқда.

Янги кенг кўламли ҳужум Россияга муваффақият келтирадими?

Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирби брифинг чоғида “Путин генералларини пайпоқ алмаштиргандек алмаштирмоқда, лекин бу Россия армияси муаммоларини ҳал эта олмайди”, деб айтди.

Мулозим логистика, зарба нуқталарини келишиш, бўлинмалар уйғун ҳаракатини таъминлаш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳануз давом этаётганига қараганда, Россия армияси уруш бошларидаёқ юзага чиққан эски муаммоларини бартараф эта олмаганлигини урғулади.

“Учди. Ҳозир “фурррр” деган овоз чиқади, кейин гумбурлайди... Бум... Яшанглар! Буни тачдаун дейдилар. Менга ёқади!”, дейди видеода рус танкини ёндирган ҳарбий.

19:46 15.2.2023

“Уларни ўлимга жўнатишяпти”. Россиялик аёллар эрларини фронт олдига ташламасликни илтимос қилишмоқда

Интернетда сафарбар қилинган россиялик аскарларга оид иккита янги видеомурожаат ёйинланди. Аскарлар фронт ортида хизмат қилиш учун тайёрланишган бўлса-да, қўмондонлик уларни олдинги чизиққа ташлаб, “тўп еми” ўрнида қўллаётганидан арз қилганлар.

“Ярим соатдан сўнг олдинги маррага жўнаймиз. Қаергалиги номаълум, бизга ҳеч нимани тушунтиришмаяпти. Штурмчи бўласизлар, дейишди холос, аммо асбоб-анжом билан таъминлашмаган – на аптечка беришган, на тузукроқ зирҳли нимча”, дея зорланади видеодаги аскар.

Ушбу ролик 12 февраль куни ёзилган. Ҳарбийлар уни ижтимоий тармоқларда ёйиш учун қариндошларига юборишга муваффақ бўлганлар. Роликни аскарлардан бирининг хотини – самаралик Мария Сергеева ўзининг “ВКонтакте”даги саҳифасида ёйинлади. Унинг эри октябрда сафарбарлик доирасида аскарликка олинган экан.

“Янги йил байрамидан сўнг уларни махсус ҳарбий амалиёт ҳудудига жўнатишган. Дастлаб уларга комендантлик батальонида хизмат қиласизлар, дейишган экан, лекин кейин қисмни тарқатиб юборишган. Кимлардир чегарадаги 278-штурмчи батальонга тушган, кимлардир 1159-полкка. Бу видео ҳамма аскарларнинг хотинларига борган, биз ҳаракат қилишимиз учун. Уларни олдинги чизиққа жўнатиб қонунга хилоф иш қилишяпти”, дейди Мария Сергеева.

Тан олинмаган “ДХР” ҳудудида сафарбар қилинганлардан штурмчи бригада тузишмоқчи экан, аскарлар бунга қаршилик қилишмоқда.

“Йигитлар бунақа бўлишини кутишмаган. Тўғри, буйруқ ўз номи билан буйруқ. Аммо улар штурмчи сифатида жанг қилиш учун тайёрлашмаганини ва шунчаки тўп еми қилиб жўнатишмоқчи эканини тушуниб туришибди. Олдинги чизиққа ташлашган куниёқ икки киши ўлган. Ярадорлар ҳам бор”, дея давом этади Мария Сергеева.

Аскарлар штурмчи бригадага ўтказилганларидан ташқари, олдинги чизиқда улар етарлича таъминланмаганидан ҳам шикоят қилганлар.

19:42 15.2.2023

Россия Украинанинг зирҳли техникаларига ҳужум қилди, Украина эса Россия позицияларига ҳаводан зарба берди

Россия сешанба куни сўнгги 24 соат ичида бир неча жабҳадаги ҳужумида Украина қўшинлари ва зирҳли техникалари йўқ қилинганини, Украина эса ҳаво кучлари Россия позицияларига 15 марта зарба берганини маълум қилди.

Россиянинг Купянск, Красний Лиман ва Донецк каби бир неча йўналишдаги ҳужумлари Украина Қуролли Кучларининг ҳарбийлари ва ҳарбий техникасига, жумладан зирҳли машиналар, енгил автомобиллар, гаубицалар ва ракета отиш мосламаларига зарар етказди, деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков сешанба куни кундалик брифингда.

Конашенковнинг сўзларига кўра, ўтган кун давомида Россия қирувчи учоқлари Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг МиГ-29 учоғи ва Ми-8 вертолётини, Россия ҳаво мудофаа кучлари эса тўртта ҲИМАРС МЛРС снарядларини уриб туширган ва Украинанинг еттита учувчисиз учиш аппаратини зарарсизлантирган.

“Укринформ” агентлиги Украинанинг турли ҳарбий идораларидаги манбаларига таяниб сешанба куни маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари тўққизта вилоят, жумладан, Суми, Запороже ва Донецкни ўққа тутган.

Фақат Бахмут йўналишида бу даврда 37 та тўқнашув бўлган.

Шу билан бирга, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия позицияларига 15 марта зарба берди ва битта Су-24М ва битта Су-25 самолётини уриб туширди.

Уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни тезкор текшириш имкони йўқ.

19:39 15.2.2023

Бахмутдаги вазият оғирлигича қолмоқда

Сешанба куни Брюсселда ўтган “Рамштайн-9” учрашувида Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш масаласидан ташқари фронтдаги вазият ҳам муҳокама қилинди.

АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Марк Миллей бугунги кунда Украина фронтидаги аҳвол энг мураккаб ҳудуд Бахмут эканини айтди.

“Бахмут яқинида вазият жуда оғир. Украин ҳарбийлари ҳужумларни қайтаришда давом этишмоқда. Мен бу урушни тинкақуритар уруш дея таърифлаган бўлар эдим. Нозик ҳарбий ҳаракатлар йўқ. Улар артиллериядан кўп фойдаланишмоқда. Бу қанчага чўзилишини айтиш қийин. Бир ҳафта давом этиши ҳам мумкин, россияликлар захираси тугагунича давом этиши ҳам мумкин”, деди Миллей.

АҚШ президенти маъмурияти вакили Жон Кирби, ўз навбатида, Вашингтонда ўтказилган брифинг чоғида Россия армияси Бахмутни ишғол эта олиши ёки олмаслиги мавҳумлигини, бироқ ишғол этган тақдирда ҳам бу уруш натижасини ҳал этмаслигини урғулади.

Аввалроқ “Вагнер ХҲШ” асосчиси Евгений Пригожин Бахмутдаги украин қўшинлари ҳозирча қуршовга олинмаганини айтар экан, “Бахмут бу яқин кунларда ишғол этилмайди” дея қўшимча қилган эди.

Бугун эса Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко Бахмутда қарийб 5000 нафар тинч аҳоли қолаётганини маълум қилди.

Уларни шаҳардан эвакуация қилиш давом этмоқда. 2021 йил бошида Бахмутда 75 минг киши яшар эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG