Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:29 20.2.2023

АҚШ ва Евроиттифоқ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилади

Россия Украина ҳудудига бостириб кирганига бир йил тўлиши арафасида АҚШ президенти Жо Байден янги санкциялар киритишни режаламоқда. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб, хабар берган.

Айтилишича, бу гал Россия мудофаа саноати, энергетика сектори, молиявий муассасалари, шунингдек жисмоний шахсларига нисбатан чекловлар жорий этилади.

АҚШ ва бошқа мамлакатлар Россияга қарши янги санкциялар параметрларини муҳокама қилаётгани ҳақида аввалроқ АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд баёнот берган эди.

Мулозимага кўра, янги санкциялар туркумига юқори технологик жиҳозлар етказиб беришга доир чекловлар ҳам киритилиши мумкин.

Бу орада Европа Иттифоқи ҳам Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаганига бир йил тўлган кунларда кучга киритилажак янги санкциялардан дарак берди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйенга кўра, ЕИнинг ўнинчи санкциялар туркуми доирасида ҳарбийлар томонидан қўлланиши мумкин бўлган саноат моллари (электроника, юк машиналари ва енгил автомобиллар эҳтиёт қисмлари) ҳамда қурилиш товарларини Россияга экспорт қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, дронлар, ракета ва вертолётлар ишлаб чиқаришда қўлланиши мумкин бўлган 47 номдаги электрон компонентларни сотишга чеклов ўрнатилиши мумкин.

19:26 20.2.2023

Рамзан Қодиров: Бир кун келиб мен ҳам шахсий ҳарбий компаниям бўлишини режалаштирганман

Чеченистон раҳбари, Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси Рамзан Қодиров Евгений Пригожиннинг «Вагнер» ёлланма гуруҳига ўхшаш ўз шахсий ҳарбий компаниясини ташкил қилишни режалаштиргани ҳақида гапирди.

Ғарб таҳлилчилари Вагнер ва шунга ўхшаш ҳарбий компаниялар Россиядаги барқарорликка таҳдид солиши мумкинлигини билдирган.

Қодиров Телеграмъдаги каналида Вагнер Украинада «сезиларли натижалар»га эришгани ва хусусий ҳарбий компаниялар зарурат экани ҳақида ёзди.

«Ишонч билан айтишимиз мумкинки, Вагнер ҳарбий жиҳатдан ўз маҳоратини кўрсатди ва бундай хусусий ҳарбий компанияларга эҳтиёж борми ёки йўқми, деган мунозараларга ўрин қолдирмади», дея ёзган Рамзан Қодиров.

У шунингдек, «Давлат олдидаги хизматим тугагач, Евгений Пригожин билан рақобатлашишни ва хусусий ҳарбий компания тузишни жиддий режалаштирганман. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади», дея таъкидлаган.

Қодиров ва Пригожин Украинадаги кучларини асосан Россия ҳарбий қўмондонлигидан мустақил равишда бошқаради. Улар иккаласи ҳам Путиннинг содиқ иттифоқчилар бўлсада, жамоатчилик олдида ҳарбий раҳбариятни танқид қилиб туради.

Вагнер гуруҳи Россиянинг Украинадаги урушида тобора кўпроқ тилга олинмоқда. Вагнер гуруҳи Бахмут шаҳрига бир неча ойдан бери давом этаётган ҳужумга бошчилик қилмоқда.

15:44 20.2.2023

АҚШ президенти Жо Байден Киевга келди

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден 20 февраль куни Киевга учиб келган. Унинг Украина пойтахтига ташрифи ҳақида олдиндан эълон қилинган эмас.

Байденнинг ўзи Твиттерда Киевга ташрифини мана бундай шарҳлади:

"Россиянинг Украинага шафқатсиз босқинининг бир йиллиги яқинлашмоқда ва мен бугун Президент Зеленский билан учрашиш ҳамда демократия, Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигимизни тасдиқлаш учун Киевдаман" деб ёзди президент Байден.

“Украина сейчас” телеграм-канали Жо Байденнинг Владимир Зеленский ҳамроҳлигида Украина ҳимоячилари хотираси учун ўрнатилган ёдгорлик мажмуасига боргани акс этган видеони ёйинлади. Видеода ҳаво тревогаси товушларини эшитиш мумкин.

Бу хабар ёйинланганидан кўп ўтмай президент Зеленский Байденнинг Украинага келганини тасдиқлади. “Жозеф Байден, Киевга хуш келибсиз! Сизнинг ташрифингиз барча украиналиклар учун ўта муҳим дастакнинг намойиши бўлди”, деб ёзган Зеленский ўз телеграм-каналида.

Аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни Киевга ғарблик “бош” ҳамкорлардан бири келиши кутилаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Журналистлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Украина пойтахтида эрталабдан бошлаб кўчалар ёпиб қўйилаётганига эътибор қаратишган.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Мельник Россия ҳужумининг бир йиллиги арафасида “сюрприз” тайёрланаётгани ҳақида билдирган. “Биз нафақат оғзаки дастак ва бирдамликни ҳис қиламиз, балки бизнинг муҳим ва бош ҳамкорларимиз Киевда бўлиши ҳамда янада каттароқ ёрдам берилишини кўрамиз”, деган Мельник.

Журналистлар ва сиёсий шарҳловчилар дохил қатор фойдаланувчилар Киевга эълон қилинмаган ташриф билан АҚШ президенти Жо Байден келиши мумкинлигини тахмин қилишган. 21 февраль куни унинг Польшага сафари бошланади. Байденнинг Украинага ташриф буюриш режаси борлиги ҳақида Оқ уй эълон қилган эмас.

17:44 19.2.2023

Россия Украинага яна ракеталар отди: Хмельницкийда икки ярадор, ҳарбий объектга зарба берилган

18 февраль куни эрталаб Россия Украинага яна ракета зарбалари йўллади. Украина ҚК Ҳаво кучлари маълум қилишича, камида тўртта “Калибр” ракетаси учирилган:

“18 февраль куни Россия босқинчи қўшинлари Қора денгиз акваториясидан Украинага қарата тўртта “Калибр” ракетасини учирди. Икки ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида йўқ қилинди”, дейилади хабарномада. Шунингдек, украин ҳарбийларига кўра, Россия тактик авиацияни ҳам қўллаган.

Украина ҳукумати ва ОАВлари Хмельницкийда портлаш юз бергани ва Николаев вилоятида “ҲҲМ тизимлари ишга тушган”и ҳақида хабар тарқатди. Хмельницкий вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гамалий бутунукраина телемарафони ёйинида икки ракетадан бири ҳарбий объектга зарба берганини, у ерда ёнғин чиққанини ва тезда ўчирилганини тасдиқлади.

“Россияликлар иккита зарба беришди: улардан бири ҳарбий объектга тегди, иккинчиси эса унинг яқинидаги фуқаровий иншоотга”, деди мулозим. Гамалийга кўра, ҳужум натижасида икки киши ярадор бўлган.

Хмельницкий мэри Александр Симчишин шаҳарда уч ўқув юрти ва қарийб 10 та кўпқават турар-жой биноси зарарланганини билдирди.

“Бир ярим мингтача дераза ва балконлар вайрон бўлди, бир қанча техника ва битта хусусий транспорт воситасига шикаст етди. Икки тинч фуқаро жароҳат олган, уларни касалхонага ётқиздик”, деди у.

Николаев вилояти раҳбари Виталий Ким телеграмда ракета парчаси суратини эълон қилиб, бу катта эҳтимол билан, Украина ҲҲМ ракетасига оидлиги ҳақида ёзди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG