Бахмут Донецкни тўлиқ эгаллашда муҳим шаҳар
Рус қўшинлари Украинага босқиннинг бир йиллиги арафасида Бахмутни нишонга олишда давом этмоқда.
Шиддатли жанглар натижасида шаҳар вайронага айланган. Кеча ҳам Бахмутда портлаш овозлари тинмади.
Россия бир неча ойдирки Донбаснинг шарқий саноат маркази бўлмиш Бахмутни эгаллашга ҳаракат қилиб келмоқда.
Бутун Донбас ҳудудини қўлга киритиш билан билан бир қаторда, Москва Украина қўшинларини тор-мор этиш ва қарши ҳужумга ўтишга йўл қўймасликни мақсад қилган.
Бахмут ҳимояси Украина учун Россия агрессиясига қаршилик рамзига айланиб улгурди. Шу билан бир қаторда бу Россиянинг энг илғор кучларини бартараф қилиш ҳамда келгуси қарши ҳужумлар учун ҳам имкон беради.
Байден ва Зеленский урушда ҳалок бўлган украиналик аскарлар хотирасини ёд этди
АҚШ президенти Жо Байден ва Украина президенти Владимир Зеленский Киевдаги украин аскарлари хотира ёдгорлигига ташриф буюрди
Киевдаги Хотира деворида 2014 йилда Россия Қримни босиб олганидан кейин ҳалок бўлган минглаб аскарларнинг суратлари акс этган.
Байден ва Зеленский Михайливиска майдонини кўздан кечираётган пайтда ҳаво тревогаси янгради.
Икки давлат раҳбарлари ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Президентлар хотира майдонига АҚШ ва Украина байроғи рангларидаги гулчамбарлар қўйди.
Байден: "Биз ёнингизда қанча керак бўлса, шунча турамиз!"
АҚШ президенти Жо Байден Киевга ташрифи чоғида ўтказилган матбуот анжуманида Украинага оид муҳим баёнотлар берди:
"Биз Украинани дастаклаш учун дунёнинг барча илғор иқтисодиётларини, барча иттифоқчиларимизни жипслаштирдик. Мамлакатга замбараклар, ўқ-дори, машиналар, ҲҲМ воситалари ва янги HIMARS тизимларини етказиб бермоқдамиз".
"Ушбу ҳафтада Россия элитасига ҳамда уруш олиб боришда Россияга кўмаклашаётган ширкатларга қарши янги санкцияларни эълон қиламиз".
"Россия Украинани харитадан ўчириб ташламоқчи эди, аммо унинг режаси барбод бўлди, улар босиб олинган ҳудудларнинг ярмини бой бериб бўлишган, ёш ва истеъдодли россияликлар мамлакатдан қочиб кетишмоқда, чунки улар ватанларида истиқболдан умид йўқлигини билишади. Россия иқтисодиётининг аҳволи тобора ёмонлашмоқда, у орқада қараб кетяпти".
"Путин Украинани ожиз, бизнинг иттифоқчиларни эса тарқоқ деб хаёл қилди".
"Украина иқтисодиёти оғир шикаст олди, лекин мамлакатга бюджет ёрдами тариқасида “миллиардлар” тақдим этилади".
"Сиз (Зеленский) ва барча украинлар менга жасорат нималигини, озодликнинг қадрини ҳар куни эслатиб турасиз. Биз ёнингизда қанча керак бўлса, шунча турамиз».
Россия қўшинлари босиб олган ҳудудда окоп қазган тожик мигрантлари ваъда қилинган иш ҳақи тўланмагани учун Россия полициясига шикоят қилди
Бу ҳақда, Аминжон исмли мигрантга таянган ҳолда Baza телеграм-канали хабар бермоқда.
Аминжонга кўра, иш таклиф қилган кишилар ҳар битта окоп учун 800 минг рублдан пул тўлашга ваъда берганлар. Бу бир ой муқаддам бўлган, Аминжон ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат 32 киши автобусда Запорожье вилоятига борганлар.
Мигрантлар ташландиқ уйларга ўрнашишган. Окопларни тракторлар ёрдамида қазиб, ёғоч тўсинлар билан мустаҳкамлашган.
Аминжон бир ўзи иккита окоп қазган, аммо ишга ёллаган Сергей исмли шахс унга ваъда қилинган 800 минг ўрнига 595 минг рубль тўлаган.
Аминжон билан бирга ишлаган мигрантлардан айримлари Москвага қайта олишмаган, улардан бири қўл панжаларидан айрилган, яна бирининг кўричаги ёрилиб кетган, бироқ уларга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаган, деб ёзади телеграм-канал.
Аминжон ва тожикистонлик яна уч мигрант полицияга ариза ёзади. Улар Сергей Евгеньевичга оид маълумотларни эслай олишмайди, чунки бирон қоғозга ёки шартнома қўл қўйишмаган эди.
Шикоятдан сўнг бегона рақамлардан таҳдидли қўнғироқлар бўла бошлайди: Baza суҳбатдошига кўра, нотаниш одамлар улардан аризани қайтариб олишни талаб қиларкан, “акс ҳолда сенларни топиб, ўлдириб юборамиз”, деб қўрқитишади.
Украинанинг босиб олинган ҳудудларига ишга йўлланган мигрантлар алданиб қолишганидан биринчи марта шикоят қилишаётгани йўқ.
Декабрь бошларида Россия босиб олган Мариуполни тиклашга борган тожик мигрантлари иш берувчилар уларни алдаб, ваъда қилинган ойликнинг ярмини тўлашганини билдирган эди.
Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси эса Озодлик радиоси билан суҳбатда тожикистонлик мигрантлар Мариуполни тиклаш ишларига жўнатилаётгани хусусида Россия ҳукуматидан расмий хабарнома олмаганини айтган. Бундан олдин элчихона Тожикистон фуқароларидан Украинанинг хавфли ҳудудларига боришдан тийилишни сўраган эди.