АҚШ президенти Байден Полшага келди
21-феврал, сешанба куни Варшавада АҚШ (АҚШ) президенти Жо Байденни полшалик ҳамкасби Анжей Дуда кутиб олди.
Икки лидер Украинани жамоавий қўллаб-қувватлашни муҳокама қилиш учун учрашди. Байден Варшавага АҚШ ва бошқа жойлардан ҳарбий ва гуманитар ёрдам олиб келишда кўмаклашгани учун Дудага миннатдорчилик билдирди.
Дуданинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчисининг сўзларига кўра, президентлар Полша хавфсизлиги, шунингдек, ҳудуддаги трансатлантик ҳарбий иттифоққа ресурслар ажратиш масаласини ҳам муҳокама қилишни режалаштиришган.
Байден Варшавага 20-феврал душанба куни кечки пайт Киевда Владимир Зеленский билан учрашганидан сўнг етиб келди.
Байденнинг Полшага ташрифининг бошқа тафсилотлари билан кейинги дастуримизда танштирамиз.
Салливан: Байденнинг Полшадаги нутқи Путиннинг нутқига жавоб бўлмайди
АҚШ президенти Жо Байденнинг 21-феврал куни Варшавада қиладиган нутқи Россия президенти Владимир Путиннинг бугунги нутқига тўғридан-тўғри жавоб бўлмайди.
Путин бу йиғилишда бошқа масалалар қатори Россиянинг стратегик ядровий қуролларни чеклаш бўйича келишувдаги иштирокини тўхтатганини эълон қилган эди. Бу ҳақда Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди, дея хабар беради Франс Пресс агентлиги.
Унинг сўзларига кўра, Байден Украинадаги уруш тафсилотларига тўхталиб ўтирмайди, аксинча, демократик давлатлар ва авторитар режимлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида кенгроқ тасаввур беради, жумладан, “асосий тамойилларни йўқ қилишга интилаётган тажовузкорларни қоралайди”.
Аввалроқ АҚШ расмийлари Байден нутқида рус халқига мурожаат бўлишини маълум қилганди.
Путиннинг баёноти ҳақида гапирар экан, Салливан Россия президентининг Ғарбни Россияга қарши тажовузда айблашини “абсурд” деб атади. “Ҳеч ким Россияга ҳужум қилмаган”, деди Оқ уй маслаҳатчиси.
Унинг сўзларига кўра, Путиннинг ўзи урушни танлаган, агар Россия президенти уни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқишга қарор қилса, уруш тугаши мумкин.
Жо Байден урушнинг бир йиллиги арафасида Киевга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан борди ва АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашига яна бир бор ишонтирди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг алянс Москванинг СТАРТ шартномасидаги иштирокини тўхтатиш қароридан афсусда эканини айтди.
Шунингдек, у Путиннинг нутқи Россия томонининг кескинлашуви ва урушни давом эттиришга тайёрлигидан далолат эканини қўшимча қилди.
Путин: Россия АҚШ билан охирги ядровий шартномадан чиқади
Владимир Путин Россия АҚШ билан икки томонлама стратегик ядро қуролларини чекловчи Янги СТАРТ шартномасидан чиқишини билдирди.
«Бугун Россия стратегик ядро қуроллари бўйича шартномадан чиқишини эълон қилишга мажбурман», деди Путин Россия парламентидаги нутқи якунида.
Янги СТАРТ шартномаси 2010 йилда Прагада имзоланган ва 2011 йилдан кучга кирган эди. Шартнома 2021 йилда Жо Байден президент бўлганидан кейин яна беш йилга узайтирилди.
Экспертларнинг қайд этишича, Россия 6000 га яқин жанговар ядро каллакларига эга ҳамда бу борада дунёда яққол етакчи.
АҚШ ва Россия дунёдаги ядро каллакларининг қарийб 90 фоизига эгалик қилади. Бу ер сайёрасини бир неча бор йўқ қилиш учун етарли.
Путин: Ғарб «ҳукмронлик» илинжида можаро бошлади
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги можаро бошланишида Ғарбни айблаб, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари дунёга «ҳукмронлик»қилишга интилаётганини даъво қилди:
«Яна шуни айтмоқчиман: урушни айнан улар(Ғарб) бошлади. Биз уни тўхтатиш учун ўз кучимизни ишга соляпмиз. Донецк, Донбас ва Луганскка қарши янги ҳужумни режалаштириб, эндиликда Қрим ва Севастополга ҳужум қилишни ҳам аниқ мақсад қилишяпти. Биз буни кўриб билиб турибмиз. Улар ўзларининг бу мақсадларини Киевдан туриб баралла эълон қилишмоқда. Шундоғам бизга маълум нарсаларни энди очиқ айтишяпти. Биз ватанимизни, халқимизни ҳимоя қиламиз. Ғарбнинг мақсади эса чексиз ҳукмронликка эришиш».
У Ғарбнинг Россия иқтисодиётини санкциялар орқали издан чиқаришга уринишлари бесамар бўлаётганини айтиб, Ғарб миллиардлаб долларни йўқотаётгани, Россиянинг даромади эса тўхтаб қолмаганини таъкидлади.
Россия махсус ҳарбий операция баҳонасида 2022 йилнинг 24 февраль куни Украинага бостириб кирган эди.
Россия бир йил давомида Украинага минглаб ракета ва бомба ёғдирди, икки томондан ўн минглаб одам ҳалок бўлди, юз минглаб аҳоли уйи вайрон бўлди, энергетика тизими ишдан чиқарилгани сабаб миллионлаб украиналик электр, иситиш ва сув таъминотисиз қолди. Миллионлаб аҳоли қочқинга айланди.