Днепропетровск вилояти Россия ҳужуми остида
Россия эса Украинанинг тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларини бомбардимон қилишда давом этмоқда. Ўтган тунда Россия қуроллик кучлари 9 маротаба Днепропетровск вилоятининг Никопол туманини ўққа тутди.
В.Зеленский: Мен болаларимни кам кўряпман
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумининг йиллиги муносабати билан 24-феврал, жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида оиласи ҳақида гапирганида кўз ёшларини тия олмади.
Ўтган йили у учун энг қийини нима бўлди саволига Зеленский бундай жавоб қайтарди.
" Бу мен учун энг қийин савол бўлишини айтганим рост, шунинг учун унга жавоб бериш мен учун осон эмас. Энг муҳими фарзандларимнинг мен билан фахрланиши. Улар Украинада экани ва Украинада ўқиётганидан мен бахтлиман. Мен уларни, аёлимни бутун вужудим билан яхши кўраман, болаларим мен учун энг муҳим одамлардир, мен уларни кам кўряпман. Ота-онамни эса умуман кўрмаяпман.
Йирик шаҳарларда “Нур зулматни енгади” акциялари ўтказилмоқда
Жаҳоннинг кўплаб йирик шаҳарларида 23 февралдан 26 февралгача Украина билан бирдамлик акциялари ўтказилмоқда.
Мазкур акциялар “Нур зулматни енгади” ( #LightWillWinOverDarkness) шиори ости да ўтказилмоқда.
Митинглар, намойишлар ва пикетлар 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганининг 9 йиллигига ва Россиянинг Украинага кенг қамровли босқинига 1 йил бўлганига бағишланган.
Мазкур акциялар турли мамлакатлардаги украин диаспоралари томонидан уштирилди.
Хотира тадбирлари Украинанинг ўзида ҳам ўтказилди.
2014 йилда Украина ҳудуди ҳисобланган Қрим мухториятини аннексия қилган Кремль 2022 йилнинг 24 февралига ўтар кечаси Украинага нисбатан кенг қамровли “махсус ҳарбий амалиёт”ни бошлаган эди.
Буюк Британия Алина Кабаеванинг онасига қарши санкциялар жорий қилди
Буюк Британия 24 февралда санкция солинганлар рўйхатини кенгайтириб, унга Россияга оид 92 кишини ва ширкатларни қўшди. Хусусан, Олимпиада чемпиони Алина Кабаеванинг онаси Любовга қарши персонал санкциялар жорий қилинди.
Кўпсонли суриштирувларда Алина Кабаева Россия президенти Владимир Путиннинг фарзандлари онаси ўлароқ тилга олинади. Урушга қадар Ғарб мамлакатлари Путиннинг оила аъзоларига нисбатан санкция қўлламаган эди.
24 февралда Буюк Британия “қора рўйхати”га Любовь Кабаевадан ташқари Путиннинг собиқ тансоқчиси, Тула вилояти губернатори Алексей Дюмин, Россия ҳукуматининг собиқ раҳбари ва ҳозирда “Газпром” директорлари кенгашига раислик қилаётган Виктор Зубков, бош вазир ўринбосари Александр Новак, рақамлаштириш вазири Мақсут Шадаев, Путиннинг эски таниши, “Шимолий оқим-2” оператори бош директори Маттиас Варниг, шунингдек “Аэрофлот” ҳамда “Алмаз-Антей” ва “Ростех” сингари мудофаа саноати ширкатларининг топ-менежерлари ҳам тиркалди.
Шунингдек, “СанктПетербург”, “Уралсиб”, “Банк Зенит” ва “МТС-Банк” банкларига нисбатан чекловлар жорий этилди, Россияга Буюк Британиядан ҳарбий ишлаб чиқаришда қўллаиши мумкин бўлган электрон компонентлар, авиадеталлар ва радиоэлектроника молларини олиб кириш тақиқланди.
Буюк Британия ҳукумати Россия армияси Украинада қўллаётган дронлар ишлаб чиқарувчиси – Эроннинг “Индустрия Кудс” давлат ширкатининг беш раҳбарига нисбатан санкциялар жорий қилди.
Бугун, уруш бошланганига бир йил тўлиши муносабати билан АҚШ ҳам ўз санкцияларини эълон қилиши кутилмоқда. Евроиттифоқ эса ушбу санага қадар 10-санкциялар туркумини келишиб олиши керак эди, бироқ 23 февралдаги музокаралар муваффақиятсизлик билан тугади.