Украина жангчилари Бахмутдаги "озодлик курашида" кўпроқ оғир қуролларга эга бўлишни хоҳлайди
25-феврал, шанба куни Бахмут яқинида жанг қилаётган украиналик аскарлар рус қўшинларига қарши жанг қилиш учун кўпроқ оғир қуролларга эҳтиёж борлигини айтди.
“Бизга кўпроқ қурол керак. Бу энг муҳими. Кўпроқ танклар, артиллерия, зирҳли транспорт воситалари. Бизда тажриба бор, лекин душманни сиқиб чиқариш учун қуролимиз йўқ”, — деди 20 ёшли артиллериячи Михаил Рейтерс агентлигига.
Вагнер хусусий ҳарбий ширкати 24-феврал, жума куни шарқдаги кичик кончилар шаҳри бўлган Бахмут чеккасидаги яна бир қишлоқни қўлга киритганини иддао қилди.
“Биз доимий равишда позицияларимизга ҳужум қиладиган Вагнер гуруҳини йўқ қилмоқдамиз. Биз уларнинг ҳужумларини ушлаб турамиз. Ҳар бир урушнинг ўз баҳоси бор. Биз озодлик учун курашяпмиз”, - дея қўшимча қилди украиналик ҳарбий Станислав.
Украина шарқидаги Бахмут шаҳарчаси Россия президенти Владимир Путиннинг асосий нишони бўлиб, уни қўлга киритиш Россияга Донецк вилоятида янги плацдарм беради.
Вашингтон ва Брюсселда минглаб одам урушга қарши намойишга чиқди
Россия босқинига бир йил тўлиши муносабати билан АҚШнинг Колумбия округида ҳам намойиш бўлиб ўтди.
Намойишчилар Россиядан «геноцидни тўхтатишни» талаб қилди ҳамда ўз ҳукуматини Украинага қурол етказиб беришга чақирди.
“Бу ерда Украинага Ф-16 ва узоқ масофали ракеталарни беришга чақириқларни кўряпмиз. Узоқ масофага мўлжалланган қуроллар Украина ҳарбийларига Россия ҳужум чизиғини ёриб ўтишга ва рус армиясини фалаж қилишга имкон беради. Украина узоқ масофали қуролларга муҳтож. Биз бунинг бир қисмини қилдик. Аммо бу ёрдамни яна давом эттириш керак. Энг биринчи, узоқ масофали қуролларни етказиб бериш зарур", деди АҚШнинг Украинадаги собиқ элчиси Уилям Тейлор.
Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Макарова ҳам Линколн мемориалидаги намойишда нутқ сўзлади.
“Уч юз олтмиш беш кун давомида бутун Украина ҳудудида аёллар ва болаларга даҳшатли ваҳшийликлар қилинганига, уруш жиноятларига гувоҳ бўлдик. Аммо бугун бу ҳақда эмас, 365 кунлик қаҳрамонлик, деярли имконсиз курашдаги матонат ҳақида гапирмоқчимиз. Украина жангчилари бир йилдирки, мустақиллигимиз, қадр-қимматимиз, суверенитетимиз, эркинлигимиз ва демократиямизни ҳимоя қилиб, мардонавор курашиб келмоқда», деди Украинанинг Қўшма Штатлардаги элчиси Оксана Макарова.
Путинни қораловчи баннерлар ва Украина байроқларини кўтарган фаоллар аввал Оқ уйга, кейин эса Россия элчихонасига йўл олди. Намойишчилар элчихона олдига «Россияга уят», «геноцидингизни тўхтатинг» деган ҳайқириқлар билан чиқди.
Россиянинг Украинага босқинининг бир йиллигида АҚШ Киевга 2 миллиард долларлик қурол-яроғ ваъда қилди .EИ эса Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди.
Россия қўшинлари Украина шаҳарларини вайрон қилди, буям етмаганидек ўзидан жасадларга тўла кўчаларни қолдирди.
Москва даъво қилинган ҳарбий жиноятларни рад этиб келади.
Белгияда 2500 га яқин намойишчи шанба (25-феврал) куни Брюсселда Украинани қўллаб-қувватлаб юриш қилди, деб хабар берди маҳаллий полиция.
“Биз европаликлар ва бутун дунёга қуроллар ҳужум учун керак эмаслигини тушунтириш учун бир йил вақт кетганидан ғазабдаман. Мудофаа учун бизга қурол керак. Бизга Россияга қарши санкциялар керак. Бизга иқтисодий ёрдам керак, чунки биз нафақат ўз еримизни, балки бутун дунё демократиясини ҳимоя қилмоқдамиз, чунки бу ғоялар, мафкуралар уруши ва умид қиламанки, бу йил, уч ойдан кейин биз Украина ғалабасини ва демократик дунёнинг ғалабасини Қримда нишонлаймиз!", деди украиналик қочқин Васил Кушмунс.
Намойиш «Promote Ukraine» нотижорат ташкилоти томонидан жума куни Россия босқинининг йиллиги муносабати билан ташкил этилган.
"Менинг урушим шу ерда. Мен қўлимдан келганини қилмоқчиман. Мен одамларга омон қолишни хоҳлаётганимизни имкон қадар кўрсатмоқчиман. Биз оддий ҳаётни хоҳлаймиз. Биз ҳаётимизга қайтишни хоҳлаймиз. Энди менинг келажагим йўқ, лекин мен уни қайтариб олишни хоҳлайман. Бўлди.", деди украиналик қочқин Ирина Трофимова.
Парижда юзлаб одамлар Россиянинг Украинадаги урушига қарши намойиш уюштирди
Кеча Парижда юзлаб намойишчилар Россиянинг Украинага босқинининг бир йиллиги муносабати билан намойиш ўтказди.
«Тарихда бўлгани каби, агар тажовузга жим қараб турсангиз, кейинги жабрдийда ўзингиз бўлишингиз мумкин. Шундай экан, бир биримизни қўллаб қувватлашимиз керак. Шунинг учун ҳам биз шу ердамиз», дейди украиналик қочқин Олександр Махуно.
Баъзи намойишчилар Украина байроқларини кўтариб олган бошқалар эса Владимир Путинни қораловчи сўзлар туширилган плакатларни олиб чиққан.
«Биз Украинанинг тажовузга қарши курашини қўллаб-қувватлаймиз. Биринчи навбатда рус қўшинлари бутун Украинадан чиқиб кетиши учун курашамиз», дейди Мариана Санчес исмли намойишчилардан бири.
Шунингдек, намойишлар бир вақтнинг ўзида Франциянинг Бордо, Ренн ва Монпеле шаҳарларида, қолаверса Берлин ва Брюсселда ҳам бўлиб ўтди.
Рамзан Қодиров ўзига "Чеченистон Қаҳрамони" унвонини берди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзини Чечен Республикаси Қаҳрамони унвони билан тақдирлади, мазкур мукофотни ўтган йилнинг ноябрида Қодировнинг ўзи таъсис этганди. Ундан чиқди у ўзини-ўзи биринчи медал билан сийлади. Бу ҳақда ТАСС хабар қилмоқда.
Тақдирлаш маросими Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир чоғида ўтказилди. Унвон низомига кўра у “қаҳрамонона жасорат” кўрсатганларга берилиши керак. Бироқ Қодиров қандай жасорат кўрсатгани очиқланмаган.
Чечен Республикаси Қаҳрамони медали 750 пробали 70 г олтиндан ясалган саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлиб, унинг юқори қисмига “Къонах”, яъни “Қаҳрамон” деб ёзилган. Медалнинг қуйи қисмида эса “Аллаху Акбар. Ахмат – сила” деган сўзлар бор.
Бошида Қодировнинг ўзи медаль билан биринчи бўлиб Украинада “ўзини кўрсатган” жангчилар тақдирланишини айтган эди.
Чеченистон раҳбари жами 30 дан ортиқ расмий ҳукумат мукофотларини олган. Улар орасида Россия Қаҳрамони олтин юлдузи, тиббий фанларни ривожлантиришдаги хизматлари учун “Авиценна” ордени, “Стоматология олдидаги хизматлари учун” ордени бор. Шу йилнинг феврал ўрталарида у Чечен конституциясига ўзгартиш киритиб, ўзига “халқлар отаси” унвонини берганди.