ISW:Россияда аскарлар сони чексиз эмас
Американинг Урушни ўрганиш институти: “Россияда аскарлар сони чексиз экани ҳақидаги тасаввурлар - афсона”, деб қайд этди навбатдаги ҳисоботида.
Таҳлилчиларнинг ҳисобича, ҳар йили Россия армиясига ўртача 260 минг киши чақирилади, 18 ёшга тўладиган фуқаролар сони эса йилига 800 минг атрофида.
Ўтган йилги қисман мобилизация пайтида, армия шахсий таркиби яна бир неча юз минг кишига ошди.
Лекин, аскарлар ўлими ҳукуматни янги мобилизация эълон қилишга турткилаши мумкин. Бунинг оқибатида, мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган бўғиндаги ишчи кучи армияга жалб этилади ва бу мамлакатдаги инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин.
"Россия яна кўпроқ аскарни сафарбар қилиш имконига эга ва афтидан Путин енгилмаслик учун шундай қилади ҳам. Лекин, Россия бунинг учун берадиган талафот кўлами ҳам катта тезлик билан орта бошлайди”, дейилади ҳисоботда.
Иркутскдан сафарбар қилинган аскарлар: штурмга ўтмасак, бизга қарата отишяпти
Иркутск вилоятидан урушга сафарбар қилинган аскарлар Россия президенти Путинга видеомурожаат билан чиқишди. Аскарларга кўра, уларни айирмачи “ДХР” қўмондонлигига топширишган. “ДХР” ҳарбийлари бизни ўлимга йўлламоқда, штурмга ўтишдан бош тортсак, бизга қарата автоматлардан ўт очишмоқда”, дея шикоят қилишган улар. Видеони “Люди Байкала” нашри ёйинлаган.
Роликдаги одамлар ўзларини 1439-полк аскарлари деб таништирадилар. Аввалроқ ушбу полкнинг иккинчи батальони ҳарбийлари ҳам шундай мазмунда видеомурожаат қилишган эди. Аскарлар айтишича, ҳозирда ушбу батальон деярли қирилиб кетган.
“Командирларимиз сенлар бу ерга ўққа учгани келгансанлар, деб очиқ айтишяпти”, дейишади сафарбар қилинган аскарлар видеомурожаатда. Арз қилишларича, уларга ҳудудий мудофаада хизмат қиласизлар, деб ваъда беришган, лекин амалда улардан штурмчи бригадалар тузишган. Ҳозирда аскарларга Украинанинг Авдеевкадаги мустаҳкамланган марраларини ишғол этиш топширилган, лекин артиллерия, алоқачилар, сапёрлар ва разведка кўмаги йўқ.
Аскарлар командирларнинг исм-фамилияларини билишмайди, чунки улар ўзларини таништирмайдилар. “Командирлар жанг майдонига боришмайди, фронтдаги ҳақиқий вазиятдан бехабар улар. Полк катта талафот бермоқда ва сафарбар қилинган аскарлар ҳисобига олтинчи марта тўлдирилмоқда”, дейилади мурожаатда.
Шунингдек, аскарларга кўра, маҳаллий ҳарбий прокуратурага шикоят қилиш бефойда, чунки прокуратуранинг командирлар билан “тили бир”. Шу боис улар сўнгги умид ўлароқ президентга мурожаат қилганларини айтишмоқда. “Уйга қайтишнинг ягона чораси – ярадор бўлиш”, дея хулоса қилишган аскарлар.
Сафарбар қилинган аскарларнинг бу каби видеомурожаатлар билан чиқиши аллақачон камёб воқеа бўлмай қолган. Февраль ойи бошида бир ҳафтада учта видеомурожаат ёйинланган эди. Уларда сафарбар қилинган аскарлар талафотлар кўплигидан, хизмат шароити ёмонлигидан ва жисмоний зўравонликдан шикоят қилишган.
Видеолардан бирини – Иркутск вилоятидан, иккинчисини эса Саратовдан сафарбар қилинган аскарлар ёзишган. Шойгу ва Путинга мурожаат қилинган учинчи видео Тува Республикасидан сафарбар қилинганларга тегишли: аскарлар айирмачи “ДХР” халқ милицияси вакиллари уларга таҳдид қилишаётгани ва калтаклаётганини айтишади.
Пeтр Павел: “Украина НАТО аъзоси бўлишга лойиқ”
“НАТОнинг Украина ҳисобига кенгайиши Европада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаган бўлур эди. Биз зарур шарт-шароит пайдо бўлиши ҳамон бу қадамни қўйишимиз лозим”, деди Чехиянинг янги сайланган президенти Пeтр Павел Украинанинг Суспільне нашрига берган интервьюсида.
Павелга кўра, Россия агрессиясига қарши кураш асносида Украина Европа қадриятларини ўз қадриятлари деб билишини ва уларни ҳимоя қилишга тайёрлигини намойиш этган. Россияга қарши уруш Украина армиясининг тажрибасини ва жанговарлигини оширади, деб ҳисоблайди Чехия президенти.
Унинг фикрича, ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан сўнг Украинани альянсга қабул қилиш жараёнини бошлаш мумкин. Шунингдек, Павел ушбу масалада НАТО қатъиятини кўрсатиши кераклигини урғулайди.
Пeтр Павел истеъфодаги армия генерали бўлиб, илгари – Чехия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, сўнгра НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари бўлган.
У жорий йилнинг январида бўлиб ўтган сайловда президентликка сайланди, 9 мартда эса расман лавозимга ўтиради. Павел ўз чиқишларида Россия босқинини қоралаб, Украинани қўллаб-қувватлашга чақириб келади.
Зеленский Россияга босимни кучайтиришга чақирди
Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкцияларни қабул қилганига қарамай, Москвага босимни янада оширишга чақирди.
Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Европа Иттифоқини сўнгги санкцияларга қўшимча равишда Россия ядро саноатига ҳам чекловлар жорий этишга чақирди:
«Бугун Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларининг 10-пакетини маъқуллади. Бу якуний пакет эмаслиги аниқ. Россияни келгусида ҳам тажовузкорлик қилиш имкониятидан маҳрум қилиш учун кўпроқ санкциялар киритилиши керак».
Европа Иттифоқи қабул қилган янги санкциялар пакетида Россиянинг «Росатом» энергетика ширкати, умуман ядро секторига қарши ҳеч қандай чекловлар кўзда тутилмаган.
Европанинг бир неча давлатлари, жумладан Франция ҳам Россиядан уран экспорт қилади. Венгрия эса Россия атом энергетикасига санкциялар киритишга очиқчасига қарши чиқди.
Зеленский тунги видеомурожаати давомида шарқий фронтда Россия кучларига қарши мардонавор ҳаракатлари учун украин ҳарбийларига миннатдорлик билдирди.
«Шарқий фронтда ижобий натижага эришиш бошқа барча ҳудудларда ҳам ғалабага эришишда муҳим», дея қайд этди Зеленский.