Финляндия Россия билан чегараси бўйлаб тўсиқ қуришни бошлади
Тахминан уч километр узунликдаги панжара қурилиши Финляндиянинг Иматра чегара пунктининг ҳар икки томонида релеф, ўрмонни тозалаш ишлари билан бошланди.
Бу ишлар амалга оширилгач, йўл қурилиши ва панжара ўрнатиш, сўнгра техник кузатув тизимини қуриш ишлари бошланиши мумкин. Пилот ишлари июн ойи охиригача якунланиши кутилмоқда.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Финляндия ҳукумати Москванинг феврал ойида Украинага бостириб кириши муносабати билан берган ваъдасини бажариб, мамлакатнинг Россия билан чегараси бўйлаб тўсиқлар қуриш учун 139 миллион евро сарфлашни таклиф қилган эди.
НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшираётган Финляндия Россия билан урушлар тарихига эга, аммо ўрмон билан қопланган чегара ҳали ҳам 1300 км узунлигининг кўп қисми учун белгилар ва пластик чизиқлар билан белгиланган.
Мамлакатнинг чегара қўриқлаш идораси якунда умумий узунликнинг 10-20 фоизини қамраб олувчи 130-260 км узунликдаги тўсиқлар қуришни мақсад қилгани, биринчи навбатда Финляндия жануби-шарқидаги чегара ўтиш пунктлари ва унга туташ ҳудудларга эътибор қаратишини айтди.
АҚШ сенатори Россия ва Хитой таҳдидларига қарши мудофаа харажатларини оширишга чақирди
АҚШ Сенатидаги республикачилар етакчиси Митч МакКоннел Конгрессни Россия ва Хитойдан келаётган таҳдидларга қарши туриш учун келгуси йилда мудофаа харажатларини оширишга чақирди.
“Мудофаа бюджети таҳдиднинг табиатини акс эттириши керак. Бизда нафақат Россия балки Хитой ҳам бор. Ўйлайманки, бу муҳитда биз мудофаани кучайтиришни давом эттиришимиз керак”, деди МакКоннел.
МакКоннелл ўз чиқишида НАТОнинг бошқа давлатлари ҳам мудофаага эътиборни кучайтириши кераклигини қўшимча қилди.
Унинг бу сўзлари 2024 молия йилида мудофаа харажатларини жорий йилдаги даражада ушлаб туриш таклифларини кўриб чиқаётган АҚШ Вакиллар палатасида келишмовчиликка олиб келиши мумкин.
АҚШ Сенати 2023-молия йили учун рекорд даражада — 858 миллиард долларлик мудофаа бюджети лойиҳасини маъқуллаган.
Лойиҳа, хусусан, Россияни Европада «тийиб туриш» учун 6 миллиард доллар ажратиш, Украинага ёрдам бериш учун қўшимча 800 миллион доллар ажратиш, АҚШнинг Россия билан ҳарбий соҳада ҳамкорлигини тақиқлаш муддатини беш йилга узайтириш, шунингдек, Россияни халқаро ташкилотлар, шу жумладан G20 аъзолигидан чиқариб ташлашни талаб қилувчи буйруқларни ўз ичига олади.
Маълумот учун, 2022 йилда АҚШ мудофаа бюджети 770 миллиард долларни, 2021 йилда 740,5 миллиард долларни, 2020 йилда 740 миллиард долларни, 2019 йилда 738 миллиард долларни ташкил этган.
Блинкен Тошкентда: Россия ва Хитой ташқи ишлар вазирлари билан учрашиш ниятим йўқ
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни Тошкентда журналистлар билан учрашар жкан Деҳлида бўлиб ўтадиган Катта йигирматалик йиғилишида Россия ва Хитой ташқи ишлар вазирлари билан учрашиш ниятида эмаслигини айтди.
Блинкен Қозоғистон ва Ўзбекистон бўйлаб қисқа сафари ортидан 1 март куни G20 йиғилишида қатнашиш учун Ҳиндистон пойтахтига боради, бу ерда Москванинг Украинага тажоввузи муҳокамаларнинг муҳим қисми бўлади.
Учрашувда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ганг иштирок этмоқда.
“Катта йигирматалик учрашувида Хитой ёки Россия ташқи ишлар вазирларини кўриш ниятим йўқ, у ёки бу турдаги гуруҳ йиғилишларида ҳам улар билан кўришаман деб ўйламайман”, деди Блинкен Ўзбекистон пойтахтида журналистларга.
Чоршанба куни Блинкен, шунингдек, июл ойидаги тартибсизликлар чоғида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги даъволарни тўлиқ ва ошкора текшириш муҳимлигини айтди.
Блинкен Ўзбекистонга ташрифи чоғида бу ҳақда Қорақалпоғистон вилояти мухториятини чеклаш режалари туфайли 21 киши ҳалок бўлганидан саккиз ой ўтиб гапирди.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик алоқалари тарихи Ўзбекистон мустақилликка эришган илк даврга бориб тақалади. Сўнгги йилларда у янада кучайди.
Ўзбекистонда 2022 йил июль ойидаги тартибсизликлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги даъволарни тўлиқ ва ошкора текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш муҳимлигини алоҳида таъкидлайман", - деди Блинкен.
Россия фаластинликларни урушга ёлламоқда
Россия Украинага қарши давом этаётган урушда қатнашиш учун фаластинлик ёшларни ёлламоқда. Бу ҳақда Ливан разведка хизматларидаги манбага таяниб, The Media Line нашри хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошига кўра, фаластинликлар Россиянинг айрим ташкилотларидан 350 доллар олади. Ишга ёллаш Фаластин маъмуриятининг Ливандаги элчихонасига алоқадор шахслар томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, ёллашда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ҳам иштирок этмоқда, деб ёзади газета. Бу дронларни қандай бошқаришни биладиган ва шаҳарларда партизанлар урушида тажрибага эга бўлган фаластинликларни топишга ёрдам беради.
The Media Line нашрининг ёзишича, Россия фаластинликларни уруш жабҳасининг олд чизиғига жўнатмоқда. Газетанинг таъкидлашича, жами 300 га яқин фаластинлик тезкор тайёргарликдан сўнг фронтга жўнатилган. Яна 100 нафар фаластинлик урушга жўнатилишга тайёрланмоқда.