Россия ҳарбийлари украин асирини намойишкорона отиб ташлади
Душанба куни Украина ва Россия телеграм каналларида Украина қуролли кучлари кийимида бўлган ҳарбий асирнинг автоматдан отиб ташлангани видеоси тарқалди.
Видеода ўрмонда гўрга ўхшаган қазилган чуқур ичида 40 ёшлар чамасидаги эркакнинг сигарет чекиб тургани кўринади. Видео олаётган одам, «олишни бошладим», дейди.
Видеочи, эҳтимол, бу ҳарбийдан «илтимос отманглар, кечиринглар» деган гапни кутгандир.
Лекин бу пайт чуқурдаги одам тамакини чуқур тортар экан, видео олаётган шахсга тик қараб, «Слава Украине!», яъни «Украинага шон-шарафлар!» дейди.
Шу пайт икки томондан автоматлардан тариллатиб унга қаратиб ўт очилади ва у қулайди.
Олинган маълумотларга кўра, россияликлар ҳарбий жиноят содир этиб, украиналик ҳарбий асирни отиб ташлаган.
Россия ҳарбийлари отиб ўлдирган украин аскарини унинг хизматдошлари ва синглиси таниди. У княз Константин Острожский номидаги 30-алоҳида механизациялашган бригадада хизмат қилган Тимофей Шадура эканлиги тасдиқланди.
Бригада маълумотларига кўра, 41 ёшли Шадура Бахмут ҳудудидаги жангларда 2023-йил 3-февралдан бери бедарак йўқолган.
Аввалроқ украиналик журналист София Кочмар-Тимошенко Шадуранинг синглисининг сўзларидан иқтибос келтирган эди: "Юз фоиз менинг акам. Бу унинг кўзлари, овози ва сигарет чекиши ўзи".
Украина бош прокурори Андрей Костин ижтимоий тармоқларда тарқалган «қуролсиз одамнинг шафқатсизларча отиб ташланиши» бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. У Россияни уруш тўғрисидаги қонунларга риоя қилмасликда айблади.
Твиттерда ёйинланган 12 сониялик видеода қуролсиз, Украина армияси формасидаги ҳарбий ўрмонда отиб ташлангани акс этган.
Рейтерс видеонинг ҳақиқийлиги, санаси ва жойлашувини тасдиқлай олмади. Россия Мудофаа вазирлиги видео борасида қилинган сўровга жавоб бермади. Украина расмийлари ҳам воқеа қаерда ва қачон содир бўлганига аниқлик киритганича йўқ.
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак видеодаги аскар украиналик ҳарбий асир бўлганини ва бу воқеа Россиянинг «қасддан олиб бораётган террор сиёсати»нинг бир қисми эканини таъкидлади.
“Ҳарбий асирни ўлдириш Россиянинг навбатдаги уруш жинояти. Бу «нацистлар» ҳақидаги сафсаталар ҳамда Кремль ташвиқоти билан суғорилган методик террор сиёсатининг бир кўриниши. Бу каби ҳар бир уруш жинояти жазосиз қолмайди. Биз уларнинг ҳаммасини топамиз." дея твит қолдирди Андей Ермак.
Украина ва Ғарб расмийлари Россия Украинага бостириб кирганидан бери содир этилган минглаб ҳарбий жиноятлар борасида далиллар йиғилганини айтган. Россия эса ўз ҳарбийлари Украинада тинч аҳолини ўлдирганини рад этиб келади.
Пригожин Кремлни огоҳлантирди
Россия армиясининг Бахмутга узундан узоқ ҳужумлари давом этаркан, Мудофаа вазири Сергей Шойгу илк бор Мариуполга борди. Ҳарбий хизматчиларга медаллар тақди.
Бахмутга ҳужум қилаетган “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Пригожин эса Москвадан ўқ-дори келмаётганидан шикоят қилди.
Евгений Пригожиннинг ўзи, Телеграм тармоғи орқалган тарқатган баёнотида, агар ўз ҳарбий гуруҳи февраль ойида ваъда қилинган ўқ-дориларни зудлик билан олмаса, Бахмутни эгаллаш ҳаракати барбод бўлишидан огоҳлантирган.
Россия армияси билан елкама-елка жанг қилаётган «Вагнер» ёлланма гуруҳи асосчисининг сўнгги баёнотлари кескинлик кучайгани ҳамда Москвадан таъминот борасида муаммолар пайдо бўлаётганини кўрсатмоқда.
Пригожин бир ҳафта олдин ҳам Бахмут атрофида жанг қилаётган жангчиларга ўқ-дори етишмаётганидан шикоят қилган эди.
«Бу бюрократиями ёки хиёнатми? Ҳозирча биз бунинг сабабини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз», деганди Пригожин.
Пригожин рус ҳарбий қўмондонларини доимий танқид қилиб, мунтазам равишда унинг шахсий армияси Россия давлат армиясидан яхши ҳаракат қилаётганини даъво қилиб келади.
«Агар Вагнер ҳозир Бахмутдан чекинса, бутун фронт қулайди ва бу Россия манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳеч бир ҳарбий тузилма учун яхшилик олиб келмайди» дея огоҳлантирди бу гал Пригожин.
Озодлик Украинадаги бир йиллик уруш давомида ҳеч бир томоннинг қурбонлар ва жанг майдонидаги ўзгаришлар ҳақидаги даъволарини мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
ISW: “Вагнер ХҲШ” спорт клубларида одам ёллаяпти
Кремлга яқин бўлган тадбиркор Евгений Пригожин асос солган “Вагнер ХҲШ” 2–4 март кунлари Россия спорт клублари базасида камида учта аскар ёллаш пунктини очган.
Бу ҳақда АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида сўз боради.
Институт экспертларига кўра, “вагнерчилар” Россия қамоқхоналарида янги аскар ёллаш имконидан маҳрум бўлгач, сафларини шу йўл билан тўлдиришга уринаётган бўлиши мумкин.
Институт ҳисоботида ёзилишича, “Вагнер ХҲШ”нинг янги ёллаш марказлари Самарадаги “Динамо”, Ростов-Дондаги “Антарес” спорт клубларида ҳамда Тюмендаги бокс федерацияси биносида жойлашган.
“Вагнер ХҲШ”нинг ўзи тарқатган маълумотга кўра, Москвадаги саккизта спорт клубида ёллаш марказлари иш бошлаган. Иккинчи март куни Пригожин янги аскарларни ёллаш учун спорт клублари билан ҳамкорлик қилиш бошланганини айтган эди.
“Вагнер ХҲШ” асосчиси ва ҳомийси февраль ойида, сабабларини кўрсатмаган ҳолда, дафъатан ширкат Россия қамоқоналарида маҳкумларни урушга ёллашни тўхтатганини маълум қилган.
“Вагнер ХҲШ” қамоқдан ёллаган маҳбуслар орасида кўплаб ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам Украинага урушга бориб қолди. Озодлик улардан бир нечасининг шахсини аниқлаган.
Озодликка маълум бўлишича, бу урушда ўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг жасади солинган тобутлар ҳозир ҳам Ўзбекистонга келтирилмоқда, аммо бу маълумотлар маҳаллий ҳокимиятлар босими остида очиқланмаётир.
Ўзбекистон бу уруш бошидаёқ ўзининг нейтрал позицияда эканини эълон қилган ва маҳаллий матбуот бу мавзуда сукут сақламоқда.
ОАВ: Россия санкцияларни четлаб Европадан микрочип олиши мумкин
Бу ҳақда европалик юқори мартабали мулозимга таяниб, Bloomberg агентлиги хабар қилмоқда.
Агентлик суҳбатдошига кўра, олди-сотди ишларида санкцияларга қўшилмаган Туркия, Қозоғистон, БАА каби учинчи мамлакатлар воситачилик қиляпти.
Bloomberg манбаси Европа Иттифоқи ва “Катта еттилик” мамлакатлари жорий этган санкцияларга қарамай, Россия импорти урушдан олдинги кўрсаткичга қайтганини айтган. Хитой дохил Осиё мамлакатларидан Россияга импорт ҳажми ошган.
Савдо маълумотларини мониторинг қилиш халқаро агентлиги биргина Қозоғистоннинг ўзи 2022 йилда Россияга 3,7 миллион долларлик микрочип ва яримўтказгичлар сотганини қайд этган. Ҳолбуки 2021 йилда бу кўрсаткич атиги 12 минг долларни ташкил этганди.
Урушдан олдин Россияга ЕИ мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия ва Япониядан тўғридан-тўғри олиб кирилган электрон компонентлар ҳажми йилига 163 миллион долларга тенг бўлган. 2022 йилда бу кўрсаткич 60 миллион долларга тушиб кетди.
Айни чоғда Россия Қозоғистон, Туркия, Сербия ва БААдан электроника ашёлари сотиб олишни кўпайтирди. Бироқ ушбу мамлакатлар электроника ишлаб чиқармайди. 2022 йилда бу мамлакатлар Россияга қарши санкциялар киритган давлатлар билан савдо ҳажмини кескин оширган.