Украинанинг энг ёш қаҳрамони жангда ҳалок бўлди
Бахмут яқинидаги жангда Украина Қуролли Кучларининг "Да Винчи бўрилари" махсус кучлари қўмондони Дмитрий Коцюбайло ҳалок бўлди.
Унинг ўлими ҳақидаги маълумотни президент Зеленский тасдиқлади.
"2014 йилдан буён у мустақиллигимизни, халқимиз қадр-қимматини ҳимоя қилиб келади. Украинанинг энг ёш қаҳрамонларидан бири. Шахсий ҳаёти, характери, жасорати Украина тарихи, характери ва жасоратига айланганлардан бири", - деди Зеленский.
Коцюбайло 67-бригадада баталонни бошқарган. Президентнинг 2021-йил 30-ноябрдаги фармони билан унга Украина Қаҳрамони унвони берилган.
Марҳум 27 ёшда эди. Коцюубайло 18 ёшида, қадр-қиммат инқилобидан сўнг дарҳол урушга кетди.
Россияга кенг кўламли босқин бошланиши билан унинг бўлинмаси турли йўналишларда, хусусан, Донецк вилоятида жанг қилган.
Урсула фон дер Ляен Канада парламентидаги чиқишида украин аёлларини олқишлади
Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен Канада парламентида қилган нутқида Россиянинг Украинага тажовузи инсон ва аёллар ҳуқуқларига ҳам қарши уруш эканлигини айтди:
«БМТга кўра, Россия Украинада зўравонлик ва жинсий тажовуздан ўз ҳарбий стратегиясининг бир қисми сифатида фойдаланмоқда. Бу нафақат Украинага қарши уруш, балки инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқларига қарши уруш ҳамдир».
Россия босқинидан кейин Украина армиясида хизмат қилаётган аёллар сони икки баравар ошди, дея қўшимча қилди у Фон дер Ляен.
Канада бош вазири Урсула фон дер Ляен уруш бошида дунёнинг Россия энергетикасига қарамлиги масаласига ҳам тўхталди.
«Биз ишончли етказиб берувчилардан кўпроқ импорт қилиш билан Россия газидан воз кечдик. Бунда Канаданинг суюлтирилган газ экспортини кўпайтиргани муҳим роль ўйнади», деди у.
Бахмут олов ичида
Украина ҳарбийлари эълон қилган дрон тасвирларида Бахмутда ёнаётган уйлар, вайронаргарчилик кўламини кўриш мумкин.
Рейтерс видеотасвирдаги жойлашув сунъий йўлдош суратлари билан мос эканини тасдиқлади.
Россия қўшинлари сўнгги ҳафталарда Бахмут шаҳрини эгаллаш учун ҳужумларни янада кучайтирди.
Украина кучлари шаҳардан чекинадигандек кўринаётганди.
Бироқ, Владимир Зеленский кеча украин қўшинлари Бахмутдан чекинмаслигини, жанг қилишда давом этишини эълон қилди.
«Мен бош қўмондонга Бахмутдаги йигитларимизга ёрдам беришга топшириқ бердим», деди Зеленский.
Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук Бахмутда урушдан олдинги 70 000 аҳолидан ҳозирда 4000 га яқин тинч аҳоли қолгани, улардан 38 нафари болалар эканини маълум қилди.
Россия ва Украина ҳарбий асирларни алмашди
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак кеча ўзаро ҳарбий асирлар алмашинуви доирасида 130 нафар украиналик ҳарбий озод этилгани ҳақида ёзди.
Унинг қайд этишича, ҳарбий асирлар Мариупол, Соледар ва Бахмут шаҳри учун жангларда асирга тушган аскарлардан иборат.
Андрей Ермакнинг айтишича, озод қлинган ҳарбийлардан 87 нафари Мариупол шаҳри мудофаасида қатнашган.
Ўз навбатида Россия Мудофаа вазирлиги ҳам асирлар алмашинувида 90 нафар рус ҳарбий асирлари озод қилинганини билдирди.
«Мен биринчи навбатда оиламни кўришни хоҳлайман. Ўғилларим ва хотинимни кўришим керак. Улар мендан қанчалик хавотирланганини яхши биламан», деди рус ҳарбий асирларидан бири.