FT: Украина АҚШ ва Германия томонидан ваъда қилинган иккита “Патриот” ҳаво мудофаа тизимидан бирини олди
Украина АҚШ ва Германия томонидан ваъда қилинган иккита “Патриот” ҳаво мудофаа тизимидан бирини олди. Бу ҳақда The Financial Times хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, тизим ҳали ишга туширилмаган. Голландия яна бир нечта ишга тушириш мосламаларини етказиб бериши кутилмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шолц аввалроқ Украина Қуролли кучларига ракетага қарши ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича келишиб олган эди. Хусусан, Германия Украинага “Пэтриот” ҳаво мудофаа тизимининг қўшимча батареясини, АҚШнинг Украина армиясига бериладиган батарея билан таъминлашга ваъда берди.
2023 йил январ ойида 100 га яқин ҳарбий хизматчилар “Пэтриот” ҳаво мудофааси билан ишлаш бўйича АҚШда машғулот ўтаганди.
Россия ракета ҳужумлари Украина шаҳарлари электр тизимини фалажлаб қўйди
Россия зарбалари Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковнинг электр тизимини фалажлаб қўйди. Шаҳар кўчаларида светофорлар ишламай қолган. Ҳамма жойда электр генераторлари. Аҳоли телефонларини қувватлантириш учун "Енгилмас хаб"ларга йиғилган.
“Охирги икки-уч ой ичида биринчи марта телефонимни қувватлантириш учун бу ерга келишимга тўғри келди. Мен сўнгги ҳолатларни эслай олмайман. Электр узилишлари бўлган, лекин жадвалга кўра жорий этилганди, биз шунга мослаша олгандик. Энди бу жуда ноқулай бўляпти”, - дейди харьковлик аёл.
“Электр узилишини аввал ҳам бошдан кечирганмиз. Ҳозир кун узайди, шунинг учун биз бу қийинчиликларни уддалаймиз”.
Харков вилояти губернатори Олег Синегубовнинг айтишича, Россия шаҳарни 15 га яқин С-300 баллистик ракеталари билан ҳужумга тутган.
Россия пайшанба куни одамлар ухлаб ётган пайтда Украина шаҳарларини ракеталардан ҳужумга тутди. Тинч аҳоли орасидан камида олти киши ҳалок бўлди.
Россия Украина шаҳарларига саксондан ортиқ ракета учирган. Киев шаҳри тўхтатиб қолиш қийин бўлган олтита “Кинжал” гипертовушли қанотли ракеталаридан ҳужумга тутилган. Бу Москванинг энг қиммат қуролларидан бири.
Украина ҳарбийларига кўра, Россия ҳар хил турдаги 81 та ракетани учирган, ҳаво мудофааси 48 та қанотли ракетадан 34 тасини ва 8 та Шаҳиддан 4 тасини уриб туширган.
Жабҳадан узоқда жойлашган нишонларга оммавий зарбалар феврал ойи ўрталаридан буёнги биринчи ҳужум бўлди.
“Террорчи давлатнинг навбатдаги ҳужуми баъзи вилоят ва шаҳарларимизда электр энергияси, иссиқлик ва сув таъминоти вақтинча ўчирилишига олиб келди”, - деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Зеленский пайшанба оқшомидаги видеомурожаатида ихтисослашган гуруҳлар энергетика объектлари фаолиятини тиклаш бўйича иш олиб бораётганини айтди.
“Энергетика объектларида таъмирлаш ишлари кун бўйи давом этмоқда. Энг қийин вазият - Харьков, Житомир вилоятида. Одесса, Днепропетровск вилоятида, Киевда, Запорижьеда ҳам осон эмас. Таъмирлаш гуруҳлари, энергетика мутахассислари, маҳаллий ҳокимият органлари, марказий ҳукумат - ҳар бир киши айни пайтда муаммоли шаҳар ва туманларни электр таъминотини тиклаш учун иш олиб боряпти. Бунинг устида ишлаётган барчага миннатдорчилик билдираман".
Житомирда электр тақчиллиги 75% фоизни ташкил этган
Житомирда электр тақчиллиги 75% фоизни ташкил этган. Бу ҳақда шаҳар мери Сергей Сухомлин маълум қилди. Житомирдаги энергетика объектига ракета ҳужумидан сўнг, шаҳар зулматга чўмган. Касалхоналар генераторларда ишламоқда.Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковда ярим миллион аҳоли светсиз қолди.
"Харковда муҳим инфратузилма ва истеъмолчиларнинг бир қисмини таъминлаш тикланди. Қайта тиклаш ишлари давом этмоқда. Харковда 470 минг, минтақада эса 50 минг истеъмолчи электр энергиясиз қолмоқда. Энергетика мутахассислари барча истеъмолчиларни имкон қадар тезроқ таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишмоқда", - дейди вилоят губернатори Олег Синегубов.
Россиянинг пайшанба кунги ракета ҳужумлари Европадаги энг йирик атом станциясини электр таъминотидан узиб қўйди.
Станция Россия назорати остида, лекин украиналик техник ходимлар томонидан бошқарилади. Запорожье вилоятининг Москва томонидан ишғол қилинган қисмида Россия томонидан ўрнатилган расмийлар воқеани Украина томонидан қилинган “провокация” деб баҳолади.
Россия пайшанба кунги ҳужумларни Брянск вилояти учун жавоб зарбаси деб атади.
Латвия маст ҳайдовчилардан мусодара қилинган автомашиналарни Украинага юборади
Латвия маст ҳайдовчилардан автомашиналарни тортиб олишни бошлади ва уларни Украина ҳарбийлари ва касалхоналарига юборишга қарор қилди. Чоршанба куни маст ҳайдовчилардан тортиб олинган еттита автомобил Украина томон йўл олди.
Сал кам 2 миллион аҳолиси бўлган Болтиқбўйи давлатида икки ой ичида қонида алкогол миқдори 0, 15 фоиздан юқори бўлган ҳайдовчилардан икки юзта автомобил олиб қўйилган.
“Қанчадан-қанча машина маст ҳайдовчилар билан кетаётганини тушунсангиз, бу жуда қўрқинчли”, дейди ҳукумат томонидан Украинага транспорт воситаларини етказиб бериш вазифаси юкланган Тwitter Convoy номли нодавлат ташкилот асосчиси Реинис Познакс.
Познакснинг сўзларига кўра, давлат унга Украинага юбориш учун ҳар ҳафта топширишни ўнлаб мусодара қилинган машиналар ваъда қилган.
У мусодара қилинган машиналардан бирида эгаси томонидан қолдирилган Россия байроғи қадалганини кўриб, кулиб юборди.
Ўтган йилнинг 24 февралида Россия босқинчилиги бошланганидан бир неча кун ўтиб Тwиттерда хайрия сўровини эълон қилган Twitter Convoy аллақачон 1200 га яқин автомобилларни жўнатган. У 2022 йилда транспорт воситаларини харид қилиш, таъмирлаш ва логистика учун 2 миллион евро йиғди.
Латвия молия вазири Арвилс Асераденс ҳукумат ННТнинг автоуловларни кимошди савдосига қўйишга уринишларини тўхтатиш муваффақиятидан илҳомланганини айтди:
Чоршанба куни полиция назорат пунктида тўрт нафар зобит Рига йўлини ярим соатга ёпиб қўйган, ҳар бир ҳайдовчининг спиртли ичимликлар бор-йўқлигини текшириш учун ҳеч ким маст бўлмаган.
Бироқ ўтган йили Латвия йўлларида 4300 нафар ҳайдовчи белгиланган чегарадан ошиб кетгани аниқланган, полиция маълумотларига кўра, 2022 йилда мингга яқин бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Украина ҳарбий қўмондони Бахмутга борди
Украинанинг шарқий фронти ва қуруқликдаги кучлари қўмондони Александр Сирский 8-март куни Бахмутга борди ва у ердаги аскарларни ҳарбий мукофот билан тақдирлади.
"Душман йўқ қилинади, ғалаба биз томонда. Сизга ҳам Бахмутга ҳам шон-шарафлар бўлсин", дейди Сирский Телеграм каналида эълон қилинган видеода.
Россиянинг “Вагнер” ёлланма гуруҳи раҳбари чоршанба куни унинг кучлари Украинанинг Бахмут шаҳрининг шарқий қисмини тўлиқ назоратга олганини, вайроналар остидаги бир йил давом этган урушнинг энг қонли жангларидан бири сифатида қайд этди.
Агар бу даъво рост бўлса, бу Россия кучлари бир неча ой ичида биринчи йирик ғалабасини қўлга киритиш учун қимматга тушаётган шаҳарнинг деярли ярмини назорат қилишини англатади.
Бироқ украиналик ҳимоячилар қаршилик кўрсатишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта улар Бахмутдан тактик чекинишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабарлар ўртага чиққанди, аммо ҳарбий ва сиёсий раҳбарлар ҳозирда позицияларга ёпишиб олиш ва Россия ҳужум кучларига имкон қадар кўпроқ талофат етказиш ҳақида гапиришмоқда.