Мациевский ўлимидан сўнг Украина қаҳрамони унвони билан тақдирланди
Украина президенти Владимир Зеленский Чернигов вилояти ҳудудий мудофааси 119-махсус бригадасининг 163-батальони снайпери Александр Мациевскийни ўлимидан сўнг Украина қаҳрамони унвони билан тақдирлади.
Ўтган ҳафта интернетда Мациевскийнинг отиб ўлдирилгани акс этган видео тарқалган эди. Видеода ҳарбий кийимли қуролсиз эркак тик турганча сигарет чекаркан, босиқ товушда “Слава Украине!” дея хитоб қилади, шундан сўнг автомат тариллайди ва эркак ерга йиқилади.
“Бугун мен аскар Александр Мациевскийга Украина қаҳрамони унвонини бердим. Бу инсон исмини барча украинлар билади. Уни тоабад эслаб юрадилар. Жасурлиги, Украинага ишончи ва “Слава Украине!” дея хитоб қилгани учун. Қаҳрамонга шон-шарафлар! Қаҳрамонларга шон-шарафлар! Украинага шон-шарафлар!” деди Зеленский.
Украина учун ўқ-дори харид қилиш бўйича 2 млрд. евролик дастур
Жозеп Боррель Украина учун ўқ-дори харид қилиш бўйича 2 млрд. евролик дастур ҳақида сўзлаб берди.
Европа дипломатияси раҳбари Украинага мавжуд захиралардан ўқ-дори жўнатиш учун бир миллиард ва 155 мм калибрли снарядларни биргаликда сотиб олиш учун яна бир миллиард евро ажратишни таклиф қилганини айтди. Дастурнинг амал қилиш муддати очиқланмаган.
Боррель қўшимча қилишича, Евроиттифоқ ҳарбий миссияси март ойи охиригача – 11 мингдан ортиқ, йил охиригача 30 минг нафар украин ҳарбийларини тайёрлаб беради.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ЕИ мамлакатлари элчилари маблағ ажратиш масаласида келишувга эришганини билдирди.
Евроиттифоқ ўз фондларидан маблағ ажратиш билан бирга, блокдан ташқаридаги ҳамкорларини ҳам бу ишга жалб қилишни режаламоқда.
Politico хабарига кўра, Норвегия дастурда иштирок этишга қизиқиш билдирган. Ушбу масала бўйича якуний қарорни Европарламент қабул қилади.
Россиянинг қурол экспорти камайди
Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқоти институти (СИПРИ)нинг ҳисоботига кўра, Россиянинг глобал қурол экспортидаги улуши сўнгги беш йил ичида энг паст кўрсаткичга тушган.
Ғарбнинг Москвага қарши санкциялари ҳамда Кремлнинг Украинада давом этаётган урушдаги ҳарбий харажатлари бунга сабаб бўлган.
Институт тадқиқотчиларига кўра, Россиянинг глобал қурол экспортидаги улуши 2013-2017 йилларда 22 фоиз бўлган, 2018-22 йиллар орасида эса 16 фоизга камайган.
АҚШ қурол экспорти бўйича жаҳонда етакчиликни сақлаб қолмоқда. Унинг улуши сўнгги беш йилда 33 фоиздан 40 фоизга кўтарилган.
«Украинадаги уруш Россиянинг қурол экспортини янада чеклаши эҳтимолдан холи эмас», деди СИПРИ катта тадқиқотчиси Питер Веземан.
“Бунинг сабаби шундаки, Россия аввало ўз армиясини таъминлашга устувор аҳамият беради. Қолаверса, Россияга қарши иқтисодий санкциялар ҳамда АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Россия қуролларини сотиб олмаслик бўйича босими рус қуролларига талаб пасайишига олиб келади”, дейди СИПРИ катта тадқиқотчиси Питер Веземан
Тадқиқотга кўра, сўнгги ўттиз йилликда АҚШ ва Россия бутун дунё бўйлаб қурол экспортида етакчи бўлиб келган.
«Грузия ишларига тўғридан-тўғри аралашув»
Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили украиналик сиёсатчиларнинг Грузияда яқинда бўлиб ўтган намойишларга доир изоҳларини мамлакат ишларига “тўғридан-тўғри аралашув” деб атади.
У Imedi телеканалига берган интервьюсида Зеленский ҳақида гапираркан: “Урушаётган мамлакат раҳбарининг ўртага чиқиб, Грузиядаги бир неча минг киши қатнашган бузғунчилик акциясига изоҳ бериши – унинг бу воқеаларга алоқадорлигини ва бизнинг юртимизда бирон кор-ҳол бўлишидан манфаатдорлигини бевосита тасдиқлайди”, деди.
Гарибашвили уруш тезроқ битиб, Украина тинчлик ва бирликка эришсин, дея тилак билдирди. “Бироқ сиз аввало ўз мамлакатингизни ўйланг, бизнинг мамлакатимиз ташвишларини эса ўзимизга қўйиб беринг. Бу гапим барчага тааллуқли”, дея қўшимча қилди бош вазир.
Хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг 7 март куни Грузияда кўп минг кишилик намойишлар бошланган эди. Тбилисида норозилик полиция билан тўқнашувларлар уланиб кетган бўлса, Батуми ва Кутаисида митинглар бирмунча тинч ўтди.
9 март куни Грузия парламенти, жумладан, қонун лойиҳаси ташаббускорлари бўлмиш иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси ҳамда ҳукуматпараст “Халқ кучи” фракцияси иккинчи ўқишда қонун лойиҳасини рад қилишди, шу билан намойишчиларнинг талаблари қисман қондирилди.